Мақолалар

Қуръони каримдаги кесик ҳарфлар нимани англатади?

Қуръони каримнинг 29 та сураси ҳуруфи муқаттаот (араб. кесилган, боғланмаган ҳарфлар) ҳарфлари билан бошланади. Бу ҳарфларга турлича номлар берилган. Баъзи муфассирлар «Ҳуруфи муқаттаот» – «кесик ҳарфлар» десалар, бошқалар «Ҳуруфи ҳижо» – «алифбо ҳарфлари» дейдилар, учинчилари эса «Фавотиҳус сувар» – «Сураларни очувчилар» деб атайдилар.

Муфассир олимлар уларнинг маъносини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади, деганлар. Баъзилар эса, уларни шарҳлашга уринганлар. Жумладан, уламолар: “Бу Аллоҳ билан Набий (алайҳиссалом) ўрталаридаги сир”, “Улар сураларнинг номларидир (Тоҳо, Ёсин, Сод, Қоф, Нун)” ёки “Улар исми аъзамдир” – дейдилар.

Машҳур муфассир тобеинлардан Мужоҳид (раҳматуллоҳи алайҳ): “Алиф лом мим”, “Ҳо, мим”, “Алиф, лом, мим, сод”, “Сод” ҳарфлари сураларни очувчилар бўлиб, Аллоҳ Қуръонни улар билан очган”, деганлар.

Муфассирларнинг кейинги авлоди бу борада “Баъзи сураларнинг мазкур ҳарфлар ила бошланишидан мақсад, арабларга “Қуръон сизлар ишлатиб юрган «алиф», «лом», «мим»га ўхшаш ҳарфлардан тузилган. Қўлларингиздан келса, сизлар ҳам шунга ўхшаш нарса тузинглар-чи”, дейиш бўлган”, деганлар.

Манбалар асосида

Салоҳиддин СИДДИҚОВ

тайёрлади.

7145 марта ўқилди

Мақолалар

Top