Мақолалар

Қуръон – ҳидоят манбаи

Қуръони каримнинг ўзига хос тавсифини қилишга инсоннинг тили ҳам, қалами ҳам ожиз. Бу улуғ китобнинг энг олий васфи уни нозил қилган Зот Аллоҳ таолонинг китобида келган ояти карималаридир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят этур ва эзгу ишларни қиладиган мўминларга катта мукофот борлиги ҳақида башорат берур», (Исро сураси, 9-оят).

  Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганларингиздир”, дедилар.

Амр ибн Осс айтадилар: “Қуръондаги ҳар бир оят жаннатда бир даража ва хонадонингизда чироқ бўлади”.

    Яна: “Ким Қуръон ўқиса, бас, у нубувватни кўксига жойлабди, фақатгина унга ваҳий қилинмаган”, деганлар.

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу  айтадилар: “Қуръон тиловат қилинган хонадон аҳли учун кенгаяди, хайриятлар кўпайиб, фаришталар у ерда ҳозир бўладилар ва шайтонлар у ердан чиқиб кетадилар. Аллоҳнинг китоби тиловат қилинмайдиган хонадон эса аҳли учун тор, хайриятлари кам, фаришталар ундан чиқиб кетиб, шайтонлар эса ҳозир бўладиган маконга айланади”.

    Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳнинг китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир ҳасана ёзилади. Ўша ҳасана ўн баробар зиёда қилинади. Мен: “Алиф лам мийм”ни бир ҳарф демайман, балки “алиф” бир ҳарф, “лам” бир ҳарф ва “мийм”бир ҳарфдир”, деганлар.

  Ушбу ҳадисга кўра, Аллоҳ таоло Қуръони каримни тажвид қоидаларига амал қилиб тиловат қилувчи қорига ҳар бир ҳарфни ўқигани учун ўнта савоб ва яхшилик ато қилади.

  Бу ерда Аллоҳнинг китобини тиловат қилиш фазилатли амаллардан бўлиши айтилмоқда. Аллоҳ таоло бандаларига Ўз китобини ўқиш орқали кўп ажр ва мукофатларга эришиш имконятини берган. Бу имконятдан ҳар биримиз унумли фойдаланишимиз керак. Бунинг учун Қуъони каримни ўқиш қоидалари ҳисобланмиш тажвид илмидан дарс қилиш ва уни пухта ўзлаштириб олиш керак.

  Қуръони каримнинг ҳар бир ҳарфини ўқиш орқали ўнта савоб олиш учун Каломуллоҳни тажвид қоидаларига мувофиқ холда қироат қилиш талаб этилади. Қуръон маъноларининг бошқа тилларга қилинган таржималарини ўқиш ҳам савобли иш, лекин ҳадисда келган ваъдалар айнан тажвид илми талабларига мувофиқ холда, соф араб тилида тиловат қилган кишиларгагина тегишлидир.

  Қатода Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан, у зот Абу Мусо Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қуръони ўқувчи мўмин утружжа (мандарин)га ўхшайди. Унинг ҳиди ҳам, таъми ҳам яхши. Қуръон ўқимаган мўмин эса, хурмо кабидир, унинг мазаси яхши, аммо ҳиди йўқ. Қуръон ўқувчи фожирнинг мисоли райҳонга ўхшайди, унинг ҳиди яхши, таъми аччиқ. Қуръон ўқимайдиган фожирнинг мисоли ҳанзалага ўхшайди, мазаси ҳам аччиқ, ҳиди ҳам йўқ”.

  Уқба ибн Омир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар. У зот айтдиларки: “Қуръонни ичида ўқувчи сирли ҳолда садақа қилувчи кабидир, овоз чиқариб ўқувчи садақани ошкор берувчи кабидир”. Демак, жахр билан қироат қилишлик жуда яхши, аммо махфий ўқиш ундан афзалдир.

     Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни маҳорат билан тиловат қилувчи қори элчи, ёзувчи ва фаришталар билан бир мақомдадир. Тили қийналиб тиловат қилувчига икки баробар кўп ажр бўлади”, деганлар.

 Ушбу ривоятда  Қуръони  каримни тщлиқ ёдлаб, уни бирон қийинчиликсиз  ўқий  оладиган, Қуръон  қироатига  моҳир  қори Аллоҳнинг улуғ фаришталари билан бир мақомда экани айтилмоқда.

“Қуръонни маҳорат билан қироат қилиш” деганда, уни тўлиқ ёдлаш, муттасил ўқиб туриш, унга муҳаббат қўйиш ва эътиборли бўлиш тушунилади. Қуръонни тўлиқ ёд олмаган бўлсада, уни бошидан охиригача маҳорат билан бирон хато ва камчиликсиз ўқийдиган қорилар ривоятига ваъда қилинган фазилатга эришадилар, иншааллоҳ!

Уламолар: “Қуръонни маҳорат билан тиловат қилувчи қори элчи, ёзувчи ва фаришталар билан бир мақомдадир” ҳадисини икки хил таъвил қиладилар:

  1. Бундай бандаларга охиратда фаришталар мақоми берилади;
  2. Бундай бандалар фаришталарнинг амалини қилган ва уларнинг йўлидан борган бўладилар.

“Тили қийналиб тиловат қилувчига икки баробар кўп ажр бўлади”. Ривоятнинг давомида айтилишича, Қуръонни қийналиб ўқийдиган қори икки марта кўпроқ ажр олади. У Қуръонни ўқигани ва қироатда машаққат чеккани сабаб савобга эришади. Қозий ва бошқалар: “Бу ҳадис тили қийналиб тиловат қиладиган банда Қуръонни маҳорат билан ўқийдиган қоридан кўра афзаллигини англатмайди, балки моҳир қори афзал ва унга кўпроқ савоб берилади. Сабаби улар фаришталар билан бир мақомдадир”, дейишган.

 Аслида Қуръони карим тилларга осон қилиб қўйилган. Аммо баъзи ҳолларда маълум жумла ёки сўзлар талаффузи тилга оғирлик қилиши мумкин. Ана шундай  ҳолларда мазкур ривоят ёдга олинса, бу йўлда чекилган ҳар бир машаққат чексиз роҳатга, ҳар бир қийинчилик беҳисоб савобга айланади.

 Ибн Масъуд Ансорий Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳу васаллам бундай деганлар: “Қавмга улар ичида Аллоҳ таолонинг китобини яхши ўқийдиган киши имомликка ўтади”.

 Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Умар розияллоҳу анҳунинг  мажлисидаги асҳоблари ва маслаҳатгўйлари ёши улуғ кекса ва ёш қорилардан иборат эди”.

Имом Нававий айтади: “Уламоларнинг фикрича, Қуръон тиловати тасбеҳ, таҳлил ва шу каби бошқа зикрлардан афзалдир”.

Абдуллоҳ ПАРПИЕВ

Халқаро алоқалар бўлими ходими

 

6061 марта ўқилди

Мақолалар

Top