Мақолалар

Солиҳа қиз тенги солиҳ куёвдир

Саъид ибни Мусаййиб раҳимаҳуллоҳ мадиналик тобеинлардан бўлиб “Мадина аҳлининг олими”, “тобеинларнинг саййиди” унвонларига сазовор бўлган. У мадиналик машҳур етти  фақиҳ тобеиннинг бири бўлиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида илм ҳалқаси уюштириб дарс берар эди.  Ўша кезда Дамашқда амирал мўминин бўлган Абдул Малик ибни Марвоннинг бир ўғли бўлиб, унга  Саъид ибни Мусаййибнинг қизини келин қилиб олишни ихтиёр қилди ва девон раиси Ҳишом ибни  Исмоилни совчи қилиб жўнатди. Ибн Исмоил бориб Амирал мўмининнинг ўғли Валиб ибни Абдул Малик номидан совчи бўлиб келганини айтди. Саъид ибни Мусаййиб  бироз тафаккур қилиб турди-да, сўнгра: “Амирал мўминин Абдул Малик ибни Марвонга етказгинки, мен бу таклифни рад этаман”, деди. Шунда Ҳишом  Саъид ибни Мусаййибга: “Бу ишингизнинг оқибати нима бўлишини яхши биласиз-а”, деди. Саъид ибни Мусаййиб: “Биламан, лекин   қиёмат куни қизим билан биргаликда кишанланган ҳолда жаҳаннамга киришни хохламайман”, деди. Ҳишом бу гапни Абдул Маликка етказди.  Саъид ибни Мусаййиб  ҳам уйига кетди. Борса қизи ёлғиз ўзи  ўтирган экан, унга салом берди-да: “Қизим, нима қилаяпсан?” деб  сўради.  Қизи: “Қуръон ўқиётган эдим”, деди. “Ундан тушуна олаяпсанми?” деб сўради. Қизи эса “Ўқиётганларимни ҳаммасини тушунаяпман лекин

رَبَّنَا آَتِنَا فِي الدُّنْيَا حَسَنَةً وَفِي الْآَخِرَةِ حَسَنَةً وَقِنَا عَذَابَ النَّارِ

«Эй, Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин», – дейдилар”,  деган оятдаги охират яхшилигини биламан у – жаннат, лекин дунёдаги яхшиликдан мақсад нима эканини тушунмаяпман деди. У киши қизига:  “Дунё яхшилиги дегани  солиҳ киши учун  солиҳа аёлнинг бўлишидир”, деди-да сўнгра ўтириб таомлана бошлади. Қизи яна Қуръон тиловатига киришиб кетди. Бир пайт эшик тақиллаб қолди. “Ким экан у тақиллатаётган?” деб сўради ота. Қизи: Абдуллоҳ ибни аби Вадоа” деди. Ота: “Киришга рухсат бер”, деди. У киши кириб келди  Саъид ибни Мусаййиб уни таомга таклиф қилди. Абдуллоҳ ибни аби Вадоа камбағал киши эди. Шунга қарамай, Саъид ибни Мусаййибнинг масжиддаги илм халқасида иштирок этар  эди. Лекин кеча дарсга келмагани учун: “Нима учун кеча дарсга келмадинг?” деб сўради Саъид ибни Мусаййиб.   У: “Устоз, рафиқам вафот этган эди, уни  дафн этиш   ила машғул бўлиб қолдим”, деди. “Нега бизга хабар бермадинг?”, деб жаҳли чиқди устозининг. Шунда Абдуллоҳ: “Мусулмонлар сизнинг илмингиздан кўп фойдаланадилар, шунинг учун сизни ўзимнинг ташвишим билан машғул қилиб қўймайин дедим”, деди. Устози ундан: “Агар бирор солиҳа аёл бўлса уйланмайсанми?” деб сўради. У эса: “Эй устоз,  менга тегадиган солиҳа аёл қайда”, деди. Шунда Саъид ибни Мусаййиб: “Мана бу менинг қизим бўлади, агар бир-бирларинга муносиб келсаларинг, марҳамат оила қуринглар”, деди. Сўнгра: “Эй Абдуллоҳ, агар рози бўлсанг чиққинда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан гувоҳ чақириб кел”, деди. Абдуллоҳ ўзида йўқ хурсанд бўлиб кетди. Сўнгра ақд никоҳ ҳам бўлди. Абдуллоҳ келинни олиб уйига кетди. Ота эса у икковлари ҳаққига: “Сизнинг ушбу кечангиз баракотли бўлсин”, деб дуо қилди.

Абдуллоҳ айтади: “Ҳақиқатан, баракотли умр кечирдик. Ҳаттоки илм мажлисига ҳам боришимга ҳожат қолмади. Чунки рафиқам отасида бор илмнинг ҳаммасини олган экан, мен эса ундан илм ола қолдим.

Қиссадан мурод нима?  Албатта, ибрат. Илмни назарий жиҳатдан етказиш бошқа, унга амал қилиб барчага ўрнак  бўлиш бошқа. Дунё тарихида алломалар камми? Ҳаттоки уларнинг саноғини ҳам билиб бўлмайди, ана ўшаларнинг баъзиларининг номлари тарихдан бутунлай ўчиб ҳам кетган. Баъзиларининг ёзган асарлари бўлса ҳам ҳеч қандай қадр-қиймати йўқлигидан ҳеч ким эсга ҳам олмайди. Лекин Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, Исломнинг биринчи, иккинчи ва учинчи асрларида яшаб ўтган салаф уламолар ва уларга қадам-бақадам эргашиб садоқатли меросхўр ўлароқ номи шарифлари дунёга достон бўлган забардаст алломаларимиз ўтганки, улар ҳар тарафлама бизга буюк ибрат ва намунадир. Ана шундай буюкларимиздан бирининг ўз ҳаётида Пайғамбаримиз соллаллоҳу  алайҳи васалламнинг биргина: “Аёл киши тўрт нарсаси учун никоҳланади: моли, жамоли, ҳасаби ва дини учун. Диндорини танлагин  қўлинг қуригур”, деган ҳадиси шарифига амал қилгани ва унинг баракоти тўғрисидаги ҳикоя билан танишиб чиқдик. Биздан кутилаётган нарса эса ўқиб-ўрганганларимизга амал қилмоқдир. Зотан, Аллоҳ таоло бизга берган, бир-биридан гўзал фарзандлар қўл остимизда омонат эканини ҳеч қачон унутмайлик, Зеро, Аллоҳ таоло:

لَتُسْأَلُنَّ يَوْمَئِذٍ عَنِ النَّعِيمِ  ثُمَّ

“Сўнгра ана ўша кунда (қиёматда), албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсиз!

Ушбу масъулиятни улуғларимиз ўз ўрнида адо этганлар. Бунинг  исботини Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қуйидаги: “Қизингни фақат тақводорга бергин,  агар  севиб қолса  ҳурмат қилади ва агар мабода ёқтирмаса ҳам зулм қилмайди”,  деган сўзларида  ҳам   кўришимиз  мумкин. Бу борада  имом Шаъбий раҳматуллоҳ алайҳ: “Ким қизини фосиқга никоҳлаб берса, бас у билан силайи раҳм алоқаларини узибди”, деган. 

Ҳа азизлар, ота ўз қўлида омонат бўлиб турган қизини кимга узатишига қараб икки дунё саодатига эришиши ҳам мумкин ёки аксинча, икки дунёда шарманда бўлиб  аламли азоб-уқубатда  қолиши ҳам мумкин.

Албатта, ҳар бир банданинг танлаш ихтиёри бор, хоҳлаганингизни танланг!

Исҳоқжон БЕГМАТОВ, 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

                         Масжидлар бўлими ходими

                                               

4817 марта ўқилди

Мақолалар

Top