Мақолалар

Ватанга муҳаббат – муқаддас туйғу

Ватан – ота-боболарнинг покиза хоклари ила шарафланган маскан. Улуғ донишмандлар айтганидек: «Ватан   бир   боғдир,   Ватаннинг содиқ фарзандлари бу боғни ўз юрак қонлари ила суғормаклари даркор...».

 

Озод ва обод Ватанда ўсаётган, қалби пок ҳис-туйғуларга тўла ёшларнинг орзулари бир олам. Ватанга муҳаббат, ота-онага, эл-юртга беминнат хизмат қилиш, уларнинг олдидаги фарзандлик бурчини сидқидилдан адо этиш ўша орзуларнинг энг улуғларидан саналади. Бу орзуга эришиш учун инсон болаликдан бошлаб ўз олдига аниқ мақсад қўйиб, зарур билим, кўникма ва ҳунарларни эгалламоғи, жисмонан бақувват, руҳан соғлом бўлмоғи лозим.

 

Буюк орзулар катта куч-қувватни, ирода, сабру матонат ва шижоатни талаб этади. Ана шу ғоят оғир ва мураккаб йўлда Ватанга муҳаббат ҳисси биз ёшларга беқиёс қувват бахш этади. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов айтганидек, «Тарих ҳақиқати шуни кўрсатадики, томирида миллий ғурур, Ватан ишқи жўш урган одамгина буюк ишларга қодир бўлади».

 

Дарҳақиқат, ўз Ватанига хизмат қилиб ўтган фарзандлар ҳар бир миллатда эсланиб, ўз миллатнинг қахрамонлари сифатида мадҳ қилиниб, хотираси эъзозланиб келинади.

 

Ватанга муҳаббат оддий инсонларга ҳам улкан куч-қудрат, азм-у шижоат бахш этиб, уларни тенгсиз жасоратларга ундаганига гувоҳ бўламиз. Масалан, ҳаммамиз яхши биладиган Широқ ҳақидаги ривоятни эсга олайлик. У – оддий чўпон. Унинг ҳарбий қурол-яроғи ҳам, аскари ҳам йўқ. Фақат қалбида ўз Ватанига чексиз муҳаббати бор, холос. Ана шу буюк туйғу уни она юртига тиш-тирноғигача қуролланиб, мўри малахдек ёпирилиб келаётган сонсиз-саноқсиз ёвга қарши якка-ю ёлғиз курашга чиқишга чорлайди. Широқ ўзининг душман қўлида ўлишини олдиндан билади. Лекин бу ўлим халқининг энг улуғ мақсади – Ватан озодлиги, унинг ҳимояси йўлидаги шарафли ўлим экани боис ушбу йўлни танлайди. Широқ ўз жони эвазига қанча-қанча юртдошларини ўлимдан, ёвга қул бўлишдан, шаҳар-қишлоқларни эса вайронагарчилик, талон-тарождан сақлаб қолади. Яна бир муҳим томони, у ўз қаҳрамонлиги орқали ҳеч қачон унинг халқини енгиб бўлмаслигини, халқнинг мард фарзандлари бунга асло йўл қўймаслигини исботлайди. Шунинг учун ҳам Шайх Муҳаммад Ғаззолий: “Башар ўз ерига, гарчи, у  тап-тақир саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлинганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофаа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”, деган.

 

Халқнинг тинч ва осуда ҳаёти, бахт-у саодати мард ва баҳодир фарзандларнинг садоқатига, жасоратига боғлиқ. Жаҳондаги ҳар бир ота-она, ҳар бир халқ катта умидлар билан фарзанд ўстирар экан, уларнинг аввало мард ва ботир, ўз уйи ва юртини ҳимоя этишга қодир инсонлар бўлиб вояга етишини истайди. Дунё халқларининг эртаклари, қўшиқ ва достонларига, оналар томонидан айтиладиган аллаларига эътибор берадиган бўлсак, уларда мардлик ва қаҳрамонлик асосий мавзу эканига ишонч ҳосил қиламиз. Масалан, бизнинг миллий достонларимиз қаҳрамонлари Алпомиш, Гўрўғли, Аваз баҳодир, Фарҳод каби алп паҳлавонлар дунёдаги кўпгина халқлар учун мардлик ва ботирлик тимсолига айланган. Оналаримизнинг аллаларида қадим-қадим замонлардан бошлаб ўғил болалар «арслоним», «паҳлавоним», деган сўзлар билан эъзозланган. «Уч-оғайни ботирлар», «Семурғ ва Бунёд», «Тохир ва Зуҳра» каби эртакларимизда, «Алпомиш», «Гўрўғли», «Кунтуғмиш» сингари достонларимизда мардлик ва эзгулик энг юксак инсоний фазилат сифатида куйланади. Буларнинг барчаси халқимиз учун фарзандларини ҳеч нарсадан қўрқмайдиган, ота-онаси, оиласи, эл юртининг шон-у шарафи, обрў-эътиборини сақлаш йўлида ҳамма нарсага қодир инсонлар қилиб тарбиялаш энг буюк, мақсад болиб келаётганидан далолат беради. Шу руҳда тарбия топган Алп Эртўнға (Афросиёб), Темур Малик, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби кўплаб аждодларимиз ўз Ватанини муносиб ҳимоя қилишга қодир эканини исботлаб берган. Ҳеч шубҳасиз, шундай улуғ зотларнинг шонли ҳаётлари биз авлодлар учун мардлик ва Ватанга садоқат намунаси бўлиб хизмат қилади. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов эл-юртимизнинг бой мероси, жумладан, «Алпомиш» достонининг ёш авлод тарбиясидаги беқиёс аҳамиятини таъкидлаб, қуйидаги фикрларни билдирган эди: «Халқимизнинг енгилмас баҳодири – Алпомиш тимсолида биз Ватанимизни ёмон кўзлардан, бало-қазолардан асрашга қодир, керак бўлса, бу йўлда жонини ҳам фидо қилишга тайёр азамат ўғлонларимиз – бугунги алпомишларнинг маънавий қиёфасини кўрамиз». Биз, ёш авлод ушбу юксак ишончни оқлаш учун халқимиз хизматига доимо тайёр бўлмоғимиз зарур.

 

Бугунги нотинч ва мураккаб замонда юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни сақлаш, халқ фаравонлигини таъминлаш жуда катта меҳнат ва масъулиятни талаб қилади. Бунинг учун ҳар бир юрт фарзанди ўзини шу юрт тақдирига дахлдор эканини қалбан хис қилган ҳолда ўз вазифасини адо қилмоғи лозим. Зеро, Ватанга хизмат шу юрт фарзандиман деган ҳар бир ўғил-қиз учун олий саодатдир.

 

Музаффархон ЖАЛОЛХОНОВ,

Имом Фахриддин ар-Розий номидаги ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

6628 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top