Мақолалар

Тинчлик афзалми ёки саломатлик?

Тинчлик бу – жамиятдаги ҳар бир шахс хотиржамликни ҳис қилиши ва ҳаётига таҳдид соладиган ҳар қандай хавф-хатардан эмин бўлишидир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда тавҳиддан тинчликни муқаддам қилди. Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳга дуо қилар экан, аввало, тинчликни, сўнгра тавҳидни сўрадилар: «(Эй, Муҳаммад!) Эсланг, Иброҳим айтган эди: Эй, Раббим! Бу шаҳарни (яъни, Маккани) тинч қилгин, мени ва авлодларимни санамларга сиғинишдан йироқ қилгин!» (Иброҳим сураси, 35-оят).

Юсуф алайҳиссалом ота-онасидан Мисрда тинчлик қарор топгандан сўнг унга киришини сўрадилар: «Бас, (шаҳар ташқарисида чодирда кутаётган) Юсуфнинг ҳузурига кирганларида, у  ота-онасини ўз бағрига босди ва “иншоаллоҳ, Мисрга тинч-омон киргайсиз”, – деди» (Юсуф сураси, 99-оят).

Мусо алайҳиссалом қўрққан пайтларида, Аллоҳ таоло у зотнинг қалбига таскин бериб, тинч ва хавф-хатардан холи экани ҳақида хабар берди: «Асойингни (ерга) ташла! Бас, қачонки, (Мусо) уни илондек қимирлаётганини кўргач, ортига қарамай қочди. (Унга дейилди:) Эй, Мусо, қайт ва қўрқма! Зеро, сен (хавфу хатардан) омонликдаги кишилардандирсан» (Қасас сураси, 31-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ этганда, унинг аҳлига раҳм-шафқат кўрсатиб, мусулмонлардан уларга тинчлик-омонлик етишининг хабарини бердилар. Оламларга раҳмат этиб юборилган зот: “Кимки Абу Суфённинг ҳовлисига кирса у омонда, кимки қуролини ташласа у омонда, кимки масжидга кирса у омонда”, дедилар.

Барча Пайғамбарлар алайҳимуссалом Аллоҳнинг динини халкка етказишлари, бошқа пайтлардан кўра тинчлик ҳукм сурган вақтда, кўпроқ самара берди.

Ҳудайбия сулҳида  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир  минг беш юз саҳоба бор эди. Макка аҳли билан тинчлик сулҳи битилди.  Унинг бандида ўн йил урушмаслик, инсонлар шу муддат ичида бир-бирларидан омонда бўлишлари қайд этилган эди. Тинчлик сулҳидан кейин жуда кўп инсонлар Ислом динини қабул қилди. Орадан икки йил ўтиб маккаликлар аҳдномани буздилар. Макка фатҳида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўн минг саҳоба бордилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбия сулҳида Макка мушриклари қўйган барча инжиқ талабларни, гарчи бу ўзлари ва саҳобаи киромларга оғир ботса ҳам қабул қилдилар. Чунки бу тинчлик сулҳи эди. Бунда Исломнинг асосий мақсади бўлган ўн йил урушмаслик битими қайд этилган эди.  

Тинчлик неъмати сиҳат-саломатлик неъматидан ҳам улуғроқдир. Имом Розий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: Бир олимдан: “Тинчлик афзалми ёки сиҳат-саломатликми?” деб сўрадилар. Олим: “Тинчлик афзал”, деб жавоб берди. Бунинг далили: “Агар бир қўй оёғини синдириб олса, бир оз вақт ўтиб, соғайиб яна ўтлай бошлайди. Агар қўйни бир жойга боғлаб, унга яқин жойга бўрини ҳам боғлаб қўйилса, у ейиш-ичишдан буткул тўхтайди, ўлгунича оғзига бир дона ўт ҳам олмайди”.

Авазхўжа БАҲРОМОВ,

Тошкент вилояти “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди имом-хатиби

4108 марта ўқилди

Мақолалар

Top