Мақолалар

Муносабат: Афв садоқатли дўстларни кўпайтиради

Мумтоз Шарқнинг салтанат ишларига оид китоблари – “Ўғузнома”, “Қутадғу билик”, “Сиёсатнома”, “Қобуснома”, “Темур тузуклари”, “Ахлоқи Муҳсиний” ва бошқа кўплаб асарларида гуноҳкорни афв этган кечиримли инсонлар айнан шу иши туфайли кўпдан-кўп фойдалар кўргани ҳаётий мисоллар воситасида тасвирланган. Чунки ушбу асарлар, уларда номлари келтирилган толеи баланд ҳукмдорларнинг барча-барчаси Ислом булоғидан сув ичган.

Маълумингизки, шариатимизда афв этиш масаласи кўп бор таъкидланган. Нега? Чунки афв Аллоҳ таолонинг меҳрибонликларидан бири. Агар Раббимиз отамиз Одам алайҳиссалом билан онамиз Ҳаввони афв этмаганида бугун биз бўлармидик: биримиз узр сўраб, бошқамиз қовоқ солганча таманно қилиб турармидик.

Меҳрибон Парвардигоримиз ояти каримада: “Агар сизлар (уларни) афв этсангизлар, койимасангизлар ва кечирсангизлар, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун, 14), деб таълим беради.

Ушбу ояти каримадан англашиладики, агар биз бизга моддий-маънавий зарар етказган кимсани афв этсак, Аллоҳ таоло уни ўша гуноҳи учун кечирар экан. Ва яна унинг гуноҳидан ўтганимиз учун бизнинг гуноҳимиздан ҳам ўтар экан.

Аёнки, бехосдан бирор номақбул ишга қўл уриб қўйган одам ўша қилмишининг гуноҳ эканини қалбан ҳис қилиб, ўша ишидан пушаймон бўлса-ю, унга яна бир имконият берилса, у давлат ва жамиятга ҳеч гуноҳ иш қилмай кариллаб юрган сип-силлиқ одамлардан кўп фойда етказади. Бунга унинг пушаймони куч беради.  “Мақсадга мувофиқ” кимсалардан эса ҳеч қачон, ҳеч кимга фойда етмайди.

Бинобарин, Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас, сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ - содиқ дўст каби бўлиб қолур” (Фуссилат, 34), деб марҳамат қилган.

Шунинг учун ҳам Юртбошимиз адашиб ҳуқуқбузарлик йўлига кирган ва содир этган қилмишидан пушаймон бўлган инсонларга яна бир имкон бериш, уларни оиласи бағрига қайтариш ҳақидаги фикрни илгари суриб, 29 сентябрь куни “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллиги муносабати билан жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларни афв этиш ҳақидаги материалларни тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида” фармойиш чиқарди.

Фармойишда гуноҳкорнинг қилмишига муносиб жазо тайинлаш, маҳкумнинг айбини енгиллаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олинмаётгани қайд этилган эди. Чуқур таҳлиллар натижасида 274 жиноят иши бўйича айблов қайта малакаланган, жиноят ишларининг 50 таси қонунчиликдаги ўзгариш, 805 таси жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетгани, 26 тасида жиноят аломати мавжуд эмаслиги муносабати билан тугатилган. 

Ушбу фармойишга мувофиқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия билан ҳамкорликда жойларга чиқиб, ҳар бир маҳкум билан якка тартибда суҳбатлар ўтказиш орқали уларнинг шахсини ўрганиб чиқди. 

Ҳар тарафлама ўрганишлар ниҳоясида Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакатимиз тарихида илк маротаба 2 минг 700 нафар маҳкумни, жумладан, жазони ижро этиш колонияларидан 956 нафар турли шароитлар туфайли жиноят содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига ўтган, яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасида ижобий тавсифланган шахсларни афв этиш тўғрисида Конституциямизнинг 25 йиллигини нишонлаш арафасида фармон қабул қилди. 

Аллоҳ таоло айтади: “...(ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни ҳар бир ёмонликнинг ўзига яраша жазоси бордир). Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У зулм қилгувчиларни севмас” (Шўро, 40).

Ушбу Фармоннинг қабул қилиниши Ўзбекистон инсонпарвар давлат қуришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганининг амалий исботи бўлиб, юртимизда инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқларининг олий қадрият сифатида тан олинишининг ёрқин намоёни бўлди. 

Муҳтарам Президентимиз ўз нутқида “амнистия” ва “афв” актлари ўртасидаги фарқни ҳам тушунтириб ўтди. Жумладан, республикамизда шу вақтга қадар амнистия қўлланиб келинаётган эди, афв этишга қаратилган фармон Ўзбекистон тарихида илк бора қабул қилинди. 

Афв этишнинг амнистиядан фарқи шундаки, афв этиш ҳукм қилинган шахсга нисбатан инсонпарварлик ифодаси бўлиб, уни жазодан тўлиқ ёки қисман озод қилади ёки суд белгилаган жазони бошқа енгилроқ жазо билан алмаштиради. Афв этиш аниқ ҳукм қилинганга нисбатан индивидуал тарзда амалга оширилади ҳамда уни оқлайдиган ва жиноят содир қилингани фактини бартараф қиладиган ҳолат ҳисобланмайди.

“Амнистия (эса) жиноят содир этган одамларни кечириш бўйича муҳим механизмлардан бири. Бироқ, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, олдиндан чуқур ўрганмасдан туриб жавобгарликдан озод қилишни белгилаш қилмишига пушаймон бўлмаган, етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахслар ҳам амнистия доирасига кириб қолишига сабаб бўлган. Бу масалада, минг афсуски, коррупция ҳолатлари ҳам бўлган деб айтсак, тўғри бўлади. Прокуратура, ички ишлар ва суд идораларида ҳам бундай номаъқул ишларга йўл қўйилган. Бу эса амнистияга тушган кимсаларда жазони ҳис этмаслик, бизга ҳамма нарса мумкин, деган нотўғри кайфиятнинг шаклланишига олиб келган. Энг ёмони, амнистияни қўллашда жабрланган тараф ва жамоатчилик фикри инобатга олинмаган, бу эса фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун, афсуски, амнистия бўйича озод қилинган шахслар томонидан қайта жиноят содир этиш ҳолатлари ҳам учрамоқда”. 

Амнистиядан фарқли ўлароқ, авф этиш судлар томонидан ҳукм қилинганларга, индивидуал тартибда аниқ бир маҳкумга нисбатан унинг Ўзбекистон Республикаси Президенти номига афв этишни сўраб ёзган ёзма мурожаатига асосан амалга оширилади. Яъни шахс ўз айбини тан олиб, унга пушаймон бўлиб, кечирим сўрайди. Бундай ҳолатларда амнистияга тушган айрим кимсалардек жазони ҳис этмасликка ўрин қолмайди. Бу эса мутафаккирларимизнинг ҳақиқий инсонпарварлик, энг аввало, адолатдир, деган фикрининг яққол исботидир. 

Давлатчилигимиз тарихида ҳам авф этишга оид ҳужжатлар қабул қилинган. Жумладан, “Тузуклар”да: “Менга ёмонликлар қилиб, бошим узра шамшир кўтарганлар, ишимга кўп зиён етказганларни ҳам, агар улар илтижо билан тавба-тазарру қилиб келсалар, ҳурматлаб, ёмон қилмишларини хотирамдан ўчирдим...”

Соҳибқирон бобомизнинг бу иши Қуръони карим кўрсатмасига ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига мувофиқ бўлган. Ояти каримада: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси, 199-оят) деб марҳамат қилинган. Ривоят қилишларича, бир аъробий Расулуллоҳга етиб олиб, чопонларидан қаттиқ тортган, ҳатто чопон ҳошияси бўйинларида из қолдирган. Кейин: “Эй Муҳаммад,  Аллоҳнинг молларидан менга ҳам бер”, деб қўпол  муомала  қилганида  ҳам Расулуллоҳ  унинг муомаласидан кулиб қўйдилар. Ва унга бирор нарса бериб юборишни буюрдилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг кечиримлилик ҳақида оятига мувофиқ иш тутгани боис ўша аъробийга ўхшаганлар у зотнинг содиқ умматларидан бўлиб изларини кўзларига сурдилар. Амир Темур ояту ҳадисга бўйсунгани туфайли душманлар тавба тазарру қилиб ҳузурига келдилар. Қарангки, кечиримлилик инсонни қанчалик улуғлаб қўяр экан.

Президентимиз ҳар доим адашиб диний оқимларга кириб қолганлар ёки бошқа ҳуқуқбузарликлар содир қилиб суднинг қора курсисига ўтириб қолганларнинг айбини яхшилаб ўрганиб, агар улар қилмишларидан пушаймон бўлсалар, уларни кечириш чорасини кўриш тўғрисида гапирганида, “улар ҳам ўзимизнинг фарзандларимиз”, деб жон куйдириб гапиради. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласининг ҳар бири ҳам гуноҳ қилади, аммо уларнинг ичида энг яхшилари, қилган гуноҳларига тавба қиладиганларидир”, деб марҳамат қилганлар.

Афв этишнинг нақадар қадрли ва савобли иш экани динимизда жуда кўп таъкидланади. Бу борада Ислом дунёсининг бутун оламга машҳур олиму фақиҳлари, саркардаю пешволари кўп ибратли ишларни бажарганлар ва ғоятда фойдали насиҳатлар қилганлар. “Ҳайратул аброр”да ҳикоя қилинишича, сахий бир подшоҳнинг қули бор экан, базм вақтида фалокат босиб, оёғи чалишиб, подшоҳнинг бошига иссиқ таомни тўкиб юборибди. Аъёнлар: “Подшоҳ энди уни ўлдиради, гуноҳига лойиқ жазо шу!” дейишибди. Шоҳ эса қулнинг аҳволини кўриб, уни озод қилиб юборибди. Бунга ҳайрон бўлган вазири: “Эй сахийликда беғараз шоҳ, унга тиғдан бошқа нарса лойиқ эмас эди-ку?” дебди. Шоҳ кулимсираб: “Хижолатнинг ўзи уни ўлдириб бўлди. Ҳеч ким ўлган ўликни қайтадан ўлдирмаган, бошига жазо тиғини тортмаган...”. Машҳур сўфия Робия Адавиййа роҳматуллоҳи алайҳо бундай васият қилган эканлар: “Афв қилишда иккиланманг, ўзингиздан бошқа ҳаммани кечиринг, лекин ўз нафсингизни асло кечирманг. Зеро, у (гуноҳларга мойил бўлиб, Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўлиши мумкин бўлган) асл душманингиздир! Ҳаммани кечиринг! Зеро, комил инсон бошқаларнинг дўзахда азобланишига сабабчи бўлишга асло рози бўлмайди”.

ЎМИ матбуот хизмати

4445 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top