Мақолалар

Ақлли одамнинг иши

Аллоҳ таоло: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эсланглар: “Қасам­ки, агар (берган) неъматларимга шукр қилсаларинг, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсаларинг, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим, 7) деган.

Тинчлик – энг азиз неъмат. Унинг қадрига етиш учун, албатта, нотинчлик замонини кўриш шарт эмас. Атрофдаги бўлаётган воқеа-ҳодисалардан керакли хулоса чиқа­­риб яшаш – ақлли одамнинг иши.

Бугун айрим давлатларда юз бераётган беқарорлик, нотинч вазият кишини чуқур ўйга толдиради, ҳар доимгидан кўра огоҳ бўлишга, ҳушёр тортишга, тинчликнинг нақадар улуғ немат эканини англашга чорлайди.

Юртимиз, қўшниларимиз тинчлиги, осо­йишталиги шукр қиладиган ҳолат. Албатта, шундай.

– Агар сиз фарзандингизни эрталаб­ боғча ёки мактабга кузатиб, кечки пайт соғ-омон кутиб олаётган бўлсангиз, кеч­қурун уйқуга бехавотир ётиб, тонгда тинч уйғонаётган бўлсангиз – бу неъматнинг шукронасини келтириш ва шу кунларнинг қадрига етиш керак. Зеро, шукр қилиш, айни пайтда ана шу тинчликни таъминлашга масъул бўлиб турган раҳбарларни дуо қилиш, уларнинг хайрли ишларига Аллоҳ таолодан баракот тилаш дегани ҳамдир.

Тинчликни Аллоҳ таоло суяди, динимиз тарғиб қилади ва бу онгли кишиларга ҳам хуш келади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

Агар улар сулҳга мойил бўлсалар, Сиз ҳам унга мойил бўлинг ва Аллоҳга таваккул қилинг! Албатта, У эшитувчи ва билувчидир (Анфол, 61).

 

Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади.

4239 марта ўқилди

Мақолалар

Top