Мақолалар

Муаммоларнинг ечими қаерда?

Аллоҳ таолога энг маҳбуб бўлган амаллардан бири мусулмонларга наф келтиришдир. Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Мунаббиҳот” (“Охират кунига тайёргарлик”) китобининг аввалида бундай дейилади:  Айтиладики: “Икки хислат борки, улардан бирор нарса афзал эмас. Бири-Аллоҳга иймон келтириш; иккинчиси-мусулмонларга фойда келтириш. Яна икки хислат борки, улардан ёмонроқ нарса йўқдир: Бири-Аллоҳга ширк келтириш; иккинчиси-мусулмонларга зарар етказишдир”, дедилар.

Агар эътибор берадиган бўлсак, мусулмонларга фойда келтириш сифати бизни жаннатга киришимиз учун ягона восита бўлган Аллоҳ таолога иймон келтиришдек бахт билан, уларга зарар етказиш эса кечирилмайдиган ягона гуноҳ аталмиш ширк деган гуноҳи кабира билан ёнма-ён зикр қилинмоқда. Бундан хулоса шуки, уни бажаришлик ила катта савобларга эга бўлинадиган амалларнинг муқобилидаги ишларни қилган киши қаттиқ гуноҳкор бўлади.

Хўш, энди нима учун баъзи кишилар шунчалик хатарли бўлган азиятлар, гуноҳ ва маъсиятларни, ўз хилқатларига бегона бўлган одатларни касб қилиб олмоқдалар. Буларнинг сабаби нима? Бу муаммоларнинг ечими қаерда?

Бу муаммоларнинг энг катта сабаби Аллоҳ таолони унутиш бўлса, улардан  қутулишнинг энг тўғри ечими ҳам Аллоҳнинг зикрига қайтишдир. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Каломида бундай марҳамат қилади: «Сизлар Аллоҳни унутиб қўйганлар, бас, (шундан кейин Аллоҳ) уларга ўзларини ҳам унутдириб қўйган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ўшалар фосиқлар (кофирлар)дир» (Ҳашр сураси,19-оят).

Аллоҳ таоло Ўзини унутган бандаларини қилган гуноҳларининг жинсидан бўлган жазо билан жазолади. Яъни, уларнинг кимликларини, қандай махлуқот эканликларини, бу дунёга келишдан асл мақсадларини, кимнинг авлоди, миллати ва уммати эканликларини унуттириб қўйди.

Агар банда ҳар доим Аллоҳ таолонинг зикри билан юрса, Аллоҳ ҳам у бандани эслаб туради. Бу ҳақда Аллоҳ таолл айтади: «Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!» (Бақара сураси, 152-оят).

Шубҳасиз, Аллоҳ таоло эслаган банда ҳар қандай ҳолатда ҳам кимлигини унутмаган ҳолда умр кечиради.

Демак, ўзлигимизни англаш учун ҳам Аллоҳ таолони зикрида бардавом бўлишимиз лозим экан.

Ёрбек ИСЛОМОВ

Учкўприк туманидаги

“Шоҳ муқаддам” жоме масжиди ноиб имоми

4981 марта ўқилди

Мақолалар

Top