Мақолалар

Ҳасад – қалб оғуси

Инсон қалби – нозик ва сирли хилқат. Ҳар қандай руҳий ўзгариш бевосита қалб боғлиқдир. Инсон қалбида азал-азалдан яшаб, уни кемириб келаётган ҳасад деган бир иллат ҳам бор.

Ҳасад – қалб оғуси. Ҳасад қандай пайдо бўлади? Ундан қандай қилиб холос бўлиш мумкин? Ҳасад кишида ўзганинг мол-мулки ва бирон-бир фазилатига нисбатан уйғонган шайтон васвасаси бўлиб, хасадчи ундан шу афзалликларнинг олиниб ўзига берилишини хоҳлайди. Шундай қилиш учун ҳар хил чораларни излайди, бунга ҳасадчи тўғридан-тўғри эриша олмаслигини билгани учун фирибгарлик, товламачилик, ўғирлик ва босқинчилик сингари қинғир йўлларга киради. Шу зайлда ҳасад ноҳақлик ва зулмни келтириб чиқаради. Кишилар орасига адоват уруғини сочади.

Инсон учун ҳар доим ҳамма нарса етарли бўлавермайди. Биров бой, биров камбағал, биров истеъдодли, биров ношуд... Зеро, ҳар ким ҳар хил тақдир билан яратилган. Қуръони карим оятларига мувофиқ ҳасад одам фарзандларига шайтондан мерос бўлиб ўтган. Чунки шайтони лаин одам алайҳиссалом эгаллаган мартаба ва даражага қаттиқ ҳасад қилган ва унга сажда қилишдан бўйин товлаган. Шунингдек, одамзод ер юзига тарқалгандан сўнг ҳасад сабабли биринчи қотиллик рўй берди. Ҳасадчи ўзига етган яхшиликлардан ҳурсанд бўлиш ўрнига, ўзгаларга етган яхшиликлардан азобланади. Бизнинг замонамизда ҳасад жуда ҳам хатарли тус олмоқда. Камбағал бойга ҳасад килган. Хунук чиройлига ҳасад қилади ва ҳоказо. Ҳаттоки баъзи бир халқлар бошқа бир халқларга ҳасад қилиб, бахтсизлик тилайдилар. Ҳасадчиларнинг хулқи – маломатдир. Унинг лаззат топадиган нарсаси одамлар ўртасида чақимчилик қилиш, уларни уриштириш ва келишмовчиликлар чиқариш бўлади. У бир омадли одамнинг жойини эгаллаш мақсадида обрўсини тўкиш учун ҳар қандай номақул ишларни қилишга тайёр. Ҳеч бўлмаганда уни ўзи сингари омадсиз бўлиши учун ҳаракат қилади. Ҳасадчи ўзига ўзи ишонмайдиган, мақсадига етишга илож топа олмаган бир омадсиз шахсдир. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в) бу ҳақда ўз ҳадисларида шундай деганлар: “Сизлардан бирингиз мол – мулкда ва аҳлоқда ўзидан устун турадиган кишини кўрса, дарҳол шу нарсаларда ўзидан паст турадиган кишиларга назар солсин”, деганлар. Ҳасад худди кўркам ва бақувват дарахтларга тушган зараркунанда қуртга ўхшайди. Боғбон қуртни ўз вақтида дори воситасида йўқотиб турмаса, қурт дарахт пўстлоғи орасига кириб, бақувват танани илма-тешик қилишга тушади. Боғбон лоқайдлик қилиб бунга етарли эътибор бермаса, дарахт ташқаридан соғлом кўрингани билан ич-ичидан чириб бораверади. Салгина шамол уни қулатади. Шунинг учун бировларнинг ютуғига тўқ назар билан қараш, ўз ҳолига шукур қилиш керак.

Илоҳим, барчамизни бундай ёмон қалб иллатидан Ўз паноҳида асрасин.

 

Ҳасан БЎРОНОВ,

Янгибозор тумани

“Шайх Абдуллайи Боғдоджон бобо” масжиди имом- хатиби

4222 марта ўқилди

Мақолалар

Top