Мақолалар

Овқатланишдан олдин ва кейин қўл ювишнинг ҳикмати нимада?

Юртимизда меҳмонни таомдан олдин ва кейин қўл ювдириш одати бор.  Ҳатто катта тўйларда ҳам меҳмонларнинг қўлига сув қўйиш учун қўлида обдаста кўтарган, елкасига сочиқ ташлаган ёшлар шай туради. Бу одат ҳақида кексаларимиз “Овқатдан олдин ва кейин қўл ювилмаса, инсонда турли касалликларни келтириб чиқарадики, баъзан бу касалликни давосини ҳам топиш мушкул бўлиб қолади”, дейишади.

 Ҳозирги вақтда таомдан олдин ва кейин қўлларни ювиш, оғизни чайиш каби қоидаларга кўпчилик риоя қилади. Аммо турли касалликлар покликка  беъэтиборликдан келиб чиқишини унутмаслигимиз даркор.

 Овқатдан олдин қўл ювиш, “Бисмиллаҳ”ни ёдга солади, таомга барака киритади, қалбимиз равшанлашади, тоат-ибодатга завқимиз ошади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Кимки Аллоҳ уйининг баракасини кўпайтиришини хоҳласа, таом ҳозир бўлганида ва йиғиштирилганида (қўлини) ювсин”, деб айтганларини эшитганман” (Ибн Можа ва Байҳақий ривояти).

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломдан ривоят қилади: “Дарҳақиқат, шайтон ўта сезгир ва яловчидир. Бас, сиз ўзингизга эҳтиёт бўлинг! Кимки қўлида овқат қолдиғи қолган ҳолида уйқуга ётса ва унга бирон нарса бўлса, бас, у фақат ўзини маломат қилсин”  (Термизий ва Ҳоким ривояти).

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга чиқиб, “Умматим орасидаги хилол қилувчилар қандоқ ҳам яхши!” дедилар. Шунда бир киши: “Хилол қилувчилар кимлар, эй Расулуллоҳ?” деб сўради. У зот: “Улар таҳоратда ва таомдан (сўнг) хилол қилувчилардир. Таҳоратдаги хилол мазмаза, истиншоқ ва бармоқлар орасини хилол қилиш. Таомдан (сўнг) хилол қилиш эса овқат (қолдиқлари)дан (покланиш)дир. Зеро, банда намоз ўқиётганида икки фаришта учун унинг тишлари орасида (қолиб кетган овқат қолдиқлари)ни кўришидан ҳам оғирроқ нарса йўқ”, дедилар” (Аҳмад ва Табароний).

  Ҳар йили гепатит ва  ўткир ичак касалликларидан дунё бўйича 3,5 миллион бола нобуд бўлади. Қўлни ювганда совун  ёки бошқа тозалаш воситасидан фойдаланилса, янада яхши бўлади (айниқса, овқатланишдан олдин ва ҳожатхонадан чиққанда). Ана шунда ичак касалликлари 40 фоизга, нафас йўли касалликлари  25 фоизга камаяди.

Қўлни нафақат таомдан олдин ёки кейин, балки таом тайёрлашда, уй тозалаганда, аксирганда, йўталганда, уй ҳайвонларига озуқа берганда, кўчадан келганда ва бошқа шу каби ишлардан кейин ҳам ювиш фойдалидир. Таомдан кейин қўл ювмасдан, оғизни чаймасдан ухлашнинг зарарли оқибатларини ёшларга уқтириб бориш зарур. Айниқса, болаларга ёшликдан покизаликни тарғиб қилиб борсак,  балоғатга етгач поклик уларнинг кундалик одатига айланади.

 

Мунира АБУБАКИРОВА,

  Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

6064 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top