Мақолалар

Бир муаллимнинг бошидан кечиргани

Аллоҳ йўлида қилинган садақа ва дилдан чиққан дуо балони қайтариши, келганини эса енгиллатиши тажрибадан ўтган ҳақиқат. Бу, ҳатто, халқимизнинг эътиқоди ва мақолига ҳам айланган, синовдан ўтиб, ўз тасдиғини топган.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Молларингизни закот билан қўрғонланг! Касал-беморларингизни садақа билан даволанг! Балога дуони ҳозирланг!” дедилар (Имом Табароний ривояти).

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бирор бир касал-бемор одам садақадан афзал даво билан муолажа қилинган эмас”, деганлар (Имом Табароний, Имом Дайламий ривояти).

Аслида мўмин-мусулмонларга ҳадис турганда тажрибага ҳожат йўқ. Лекин имонлари Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га янада зиёда бўлиши учун бошимдан кечирган бир воқеани ҳикоя қилиб бераман.

Ичаклар яраси касаллигидан анча безовталандим. Шифокорлар жарроҳлик йўлида билан даъволамаса бўлмайди, дейишди. Баъзилари бир йил узлуксиз дори ичиб муолажа қилиш керак деса, бошқалари “қандай қилиб бу ичаклар билан тирик юрибсиз?” деб ҳазил ҳам қилишди.

Ҳақиқатан, аҳволим жиддий, рентген орқали тушурилган суратдан ичак яраси яққол намоён бўлиб турарди. Хуллас, кундан-кунга заифлик, озиш, руҳан тушкунлик ортиб борарди. Қиблагоҳлар сиқилмасин деб, билдирмадим. Охири устозлардан эшитган “...Касал-беморларингизни садақа билан даволанг! Балога дуони ҳозирланг!” ҳадисига ишонч ила амал қилишга киришдим. Тузалсам, яқинларим, дўстларимни хурсанд қиламан деб, қалбимда садақа назр қилдим. Яқинларни, устозларни зиёрат этиб, бир-икки муҳтожларга ҳадя бериб, улардан астойдил, ихлос ила дуо олдим. Қўлдан келганича жиянларимнинг кўнглини қўтардим.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Замзам суви нима ниятда ичилса, шунга бўлади” (Имом Дорақутний, Имом Байҳақий ривояти), деган ҳадисларига амал қилган ҳолда зам-зам сувини ихлос-эътиқод ила ичиб, у билан ичаклар ҳам ювилди. Шу билан бирга табиий муолажалар, дамлама, табиий гиёҳлар истеъмол қилиб, суннатда кўрсатилганидек, парҳезга риоя этдим.

Кўнгил хотиржам бўлавермагач, Тошкентга бориб, мутахассисларга учраб, қайта рентген ва бошқа текширувлардан ўтдим. Буни қарангки, шифокордан “Ичакларингда муаммо йўқ” деган қувончли хабарни эшитдим. Алҳамдулиллаҳ! Энди камина назрига вафо қилиб, ваъдасининг устидан чиқиши лозим! Эшитиш ва айтишга осон! Лекин бу тиббий муолажанинг эмас, балки Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўн тўрт аср илгари айтган ҳадисларининг самараси эди. Сизга, жоним фидо, Ё Расулаллоҳ! Қулининг соғлиғини зоҳирда садақа ва дуони сабаби ила тиклаб, Ўз фазлу-марҳамати ила қайта оёққа турғизган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!..   

 

Баҳодир АЪЗАМОВ,

Тошкент ислом институти

“Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси.

4819 марта ўқилди

Мақолалар

Top