Мақолалар

Ўз жонига  қасд қилиш: сабаблар ва ечимлар

Ушбу мақолада ўз жонига қасд қилишнинг бир қанча сабаблари ва уларнинг шарҳини келтириб ўтамиз.

Сабаблар:

- динсизлик;

- маърифатсизлик;

- тўқчилик;

- йўқчилик;

- шаҳвоний, нафсоний севги;

- ўз жонига қасд қилишни муаммонинг ечими сифатида кўриш;

- ўлимнинг ҳақиқати, қабр азоби, охират, қайта тирилиш, қиёмат ва дўзахдаги азоб-уқубатлардан бехабарлик;

- руҳий  хасталик.

  1. Динсизлик. Инсон мутлақо динсиз бўлиши ҳам мумкин ёки ўзини диндор ҳисобласа-да, аслида диннинг моҳиятини тушунмаслиги ҳам мумкин. Чунки диндорлик нафақат ўз жонига қасд қилиш, балки бошқанинг жонига қасд қилиш, ҳаттоки оддий ҳайвонларнинг жонига ҳам ноўрин қасд қилишни ман этади. Яъни уларни бесабаб  ўлдиришни қаттиқ қоралайди ва бундай жиноятларни қилганларга алоҳида жазолар белгилайди. Қолаверса, дин инсонни  юмшоқ кўнгилли, меҳрибон, раҳмдил, шафқатли, камтар, хокисор ва  беозор қилиб қўяди. Шунинг учун ҳам ҳақиқий диндор жиноят содир этмайди. Аксинча, айрим динсизлар ўз жонига қасд қилишни оддий эрмак ёки жасорат деб ўйлайди. Кейинги пайтларда интернет саҳифаларида пайдо бўлган “Кўк кит” деган ўйин айнан шунинг далилидир. Биргина шу ўйин сабабли  дунёда қанчадан-қанча ёшлар ўз жонига қасд қилди. Афсуски, бизнинг юртимизда ҳам мазкур ўйин домига тушиб ўз жонига қасд қилганлар йўқ эмас.
  2. Маърифатсизлик. Инсон зотининг энг катта муаммоси жоҳилликдир. Чунки диндор маърифатсиз бўлса унинг диндорлиги фойда бермайди. Зотан, ўзининг дини тўғрисида саводсиз бўлиши, унинг нодон эканига кифоя қилади. Нодон эса ҳар қандай жиноятни қилишдан хижолат бўлмайди. Негаки, у жиноят қилишига унинг нодонлиги кифоядир. Шунинг учун ҳам фарзандни болалигиданоқ нафақат дунёвий, балки диний илмларнинг ҳам билимдони қилиб тарбиялаш керак. Чунки Раббисини таниган банда осийлик қилмайди. Бунинг учун эса бандаларнинг қалбига Аллоҳнинг муҳаббати жо бўлишининг ҳаракатини қилиш керак. Мазкур туйғуни, муҳаббатни эса руҳий тарбияни яхши йўлга қўйиш билангина ҳосил қилиш мумкин. Шунинг учун ҳам одоб-ахлоққа  оид маълумотларни кўпроқ тарқатиш, ёшлар онгига сингдириш керак. Энг асосийси, мазкур вазифани ўз ишининг устаси бўлмиш ҳақиқий мутахассисларга топшириш керак. Токи гапи билан қиладиган иши бир хил бўлсин, тирик намуна бўла олсин. Акс ҳолда кутилган натижага эришиш эмас балки мутлақо тескари натижа бериши мумкин. Ҳозирги ёшлар анойи эмас, улар тезда ҳақиқий мураббий, муаллим ва устозни сохтасидан ажрата биладилар. Шунинг учун ҳам эски услублар, сийқаси чиқиб кетган қўлланмаю кечагина “Худо йўқ, дин – афюндир” деб, бугун эса ўзини одобли ва илмли  қилиб кўрсатишга уринаётган сохтакорлардан қутулиш керак. Шу чоққача ёшлар алдаб келинди, натижада улар ҳеч кимга ишонмай қўйди.  Ҳали ҳам кеч эмас, вақт борида янгича ўйлаш ва янгича ишлашга ўтиш керак.
  3. Тўқчилик. Шоҳона ҳаёт, тўкин-сочинлик – Аллоҳ таолонинг буюк неъматлари. Лекин мазкур нарсаларнинг неъмат эканини ҳис қилиш ва унинг қадрини билиш алоҳида бир илмдир. Мазкур илмни баландпарвоз гаплар, эртагу достонлар айтиш билан ҳосил қилинмайди. Балки ҳар  бир илмнинг  боши ва асл манбаи Қуръони карим ва суннати Набавий эканини унутмаслигимиз керак.

Аллоҳ таоло: “Сизларнинг мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз фақат бир синовдир. Улуғ мукофот эса Аллоҳнинг ҳузуридадир”, дейди.

Ушбу  ояти каримада мол-мулк ва фарзандларга  нисбатан  қандай муносабатда бўлишимиз аниқ кўрсатиб берилган. Демак, уларнинг барчаси бизга синов учун берилган экан. Асл ва улуғ мукофот эса Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мазкур ҳақиқатни билган инсон молу дунё учун жонидан воз кечмайди. Аксинча, молу дунё ва бошқа нарсалар  инсоннинг ҳаётини сақлаш  учун  беминнат хизмат қилувчи воситалар эканини билади. Қолаверса, дунёнинг барча матоҳлари инсон қўлидаги бир омонат. Шундай экан, омонат қачондир ўз эгасига қайтади. Ана шундай пайтда айрилиққа чидай олмасдан ўз жонига қасд қилаётганлар Аллоҳ таоло берган омонатга хиёнат қилган бўлади.

Жундуб ибн Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам айтадилар: Сизлардан олдинги умматдан бўлган бир кишининг баданига тошма тошган эди. Тошма унга озор беравергач камон ўқини қинидан олиб, ярани тирнай бошлади. Ундан чиққан қон тўхтамай оқибатда у киши ўлди. Шунда Аллоҳ таоло: Бандам шошиб ўзини ўлдирди. Шунинг учун жаннатни унга ҳаром қилдим”, деди (Имом Бухроий ривояти).

Демак, мол аччиғи жон аччиғи деб, арзимас мол-дунё учун ўз жонига қасд қилганлар билиб қўйсинларки бунинг оқибати ўта аянчли экан. Зотан, бундай инсонга жаннатнинг ҳаром қилиниши унинг мутлоқ бадбахт эканига кифоя қилади.

  1. Йўқчилик. Анас ибни Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақирлик, куфрга яқиндир”, дедилар”.

Айний “Умдатул қори”да “Бунинг сабаби – камбағаллик ўз соҳибини диндорларга ва мурувватли инсонларга лойиқ бўлмаган ишларга олиб боради, натижада  ҳаром  ишларни қилади, гоҳо куфр сўзларни ҳам гапириб юбориши мумкин”, деган.

Имом Ғаззолий: “Куфрга тушишга яқин инсон фақирдир. Чунки фақирлик ўз эгасини бойларга нисбатан ҳасад қилишга олиб боради, ҳасад эса барча яхшиликларни еб битиради”, деган. Демак,  фақир инсон ўта тақволи,  илмли бўлмаса йўқчиликка  чидай олмасдан тақдирга ҳам қарши чиқиши ва Аллоҳнинг тақсимотига  ҳам эътироз билдириши мумкин экан. Бу эса куфрдир. Шунинг учун ҳам Набий салаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳим Сени номинг ила куфрдан ва фақирликдан паноҳ тилайман” (Абу Довуд ва Ахмад ривояти), деб дуо қилган бўлсалар ажаб эмас. Лекин  фақирлик ҳар доим ҳам ёмонликка олиб боравермайди слигини билиш керак. Зотан,  кўпгина пайғамбарлар ва улуғ зотлар фақирона ҳаётни танлаган ва бундан ҳеч афсусланмаган. Балки  фақирликни ижобий томонлари бор эканини  баён этганлар. Йўқчилик  динсиз, илмсиз, маърифатсиз ва тақвоси йўқ инсон учун ҳақиқий мусибат ва энг катта кулфат бўлади. Шунинг учун ҳам ана шундай нодонлар мазкур қийинчиликлардан қутулиш йўлини ахтаради ва ўзларича  жонига қасд қилишни  энг осон чора деб билади. Ҳақиқий мўмин эса ҳар қандай ҳолатда ҳам ёлғизгина Аллоҳга суянади, унга таваккул қилади ва албатта қийинчиликдан чиқишни бирор йўлини топади. Чунки динимизда бундай кўрсатмалар жуда ҳам кўп.

  1. Шаҳвоний, нафсоний севги. Бундай муҳаббатга гирифтор бўлганлар ҳеч нарсадан қайтмайди. Нима қилиб қилиб бўлса ҳам ўз севгилиси висолига етса бўлди. Ҳаттоки, оқ сут бериб боққан волидаси, елкасига миндириб от бўлиб кишнаган отаси, бир қориндан талашиб тушган ака-укаю опа-сингиллари ҳам кўзига кўринмайди. Ҳар қанча панду насиҳат қилинса ҳам қулоғига кирмайди, чунки Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир нарсани яхши кўрмоғинг, кўзингни кўр қулоғингни кар қилади”, деганлар.

Ҳофиз Зайниддин ал-Ироқий: “Маҳбубини айбларини кўрмайди ёки маҳбубидан бошқа ҳеч нарсани кўрмайди”, деганлар.

Баъзи уламолар мазкур ҳадисни ҳаво ва нафсга эргашишнинг ёмонлиги бобида келтирадилар. Демак, ким ҳаво ва нафсга эргашса ҳеч кимнинг насиҳатини олмайди  ва маҳбубининг айбларини ҳам кўрмайди. Агар мақсадига эриша олмаса, алалоқибат ўз жонига қасд қилади.

  1. Ўлимни муаммолар ечими сифатида кўриш. Инсон борки ташвиш бор. Ташвишнинг катта-кичиклиги аслида кишининг имон ва эътиқодига қараб бўлади. Бу ҳақиқатни  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга айтган гапларида кўришимиз мумкин:  «Кимки, Аллоҳ ва Унинг Расулига муҳаббат қўядиган бўлса, энди тайёргарлигини кўраверсин. Унга шундай муҳтожликлар етадики, худди сел ёққанида юзи қандай ҳўл бўлиб кетса, шундай камбағалликлар етади. Кимки, Аллоҳ ва Унинг Расулига муҳаббат қўядиган бўлса, тайёргарлигини кўраверсин. Унга шундай балолар келадики, ўша балоларга у қалқон бўлиб туриб беришига тўғри келади».  Лекин  имони заифлар учун бирор синов келса ҳам осмону фалакни  бошига кўтариб аййуҳаннос солади,  дод-фарёд қилади. Ўша муаммодан қутулишни ҳар қандай йўлини қилади. Мабода ўзи кўзлаганидек натижага эриша олмаса ўз жонига қасд қилади. Энг ачинарлиси,  ўз жонига қасд қилишни барча ташвишлардан қутилишнинг ягона йўли деб билишидадир. Ваҳоланки, бу услуб ечим эмас, балки  энг буюк азоб-уқубатнинг бошланишидир. Аслида эса барча муаммоларнинг  ечими қуйидаги  ояти каримада ўз ифодасини топган: Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур.
  2. Ўлимнинг ҳақиқати, қабр азоби, охират, қайта тирилиш, қиёмат ва дўзахдаги азоб-уқубатлардан бехабарлик. Ўлим – ўз номи ила ўлим. Унинг ҳақиқатини биламизми? Унга тайёрмизми? Ундан кейинги ҳаёт ва унинг қандай экани тўғрисида бирор маълумотга эгамизми? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Лаззатларни парчаловчи ўлимни кўп ёдга олинглар”, деганлар. Бошқа бир хадиси шарифда эса: “Қабрларни зиёрат қилинглар! Чунки у сизларга охиратни эслатади”, деганлар.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳузурида қабр азоби тўғрисида гапирилса дув-дув йиғлар эканлар. У кишидан нима учун қиёмат ёки жаҳаннам азоби ҳақида гапирилганда йиғламайсиз-у, айнан қабр азоби тўғрисида гапирилганда йиғлайсиз? деб сўралганда  шундай жавоб берган эканлар: “Чунки қиёматда ва жаҳаннамда ҳам ён атрофда одамлар бўлади. Лекин қабрда  эса бир ўзи қолади. Ана шундай ёлғизликдан қўрқаман”,

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Ўлим пайтидаги азоб гўёки  бир сербутоқ бўлган шох шаббани инсоннинг оғзидан тиқиб орқасидан суғуриб олгандагидек бўлади”, деганлар.  Яна баъзилар “гўёки тирик ҳайвонни терисини шилиб олишдагидек азоб бўлади”, деган эканлар. Ўлим  тўғрисидаги маълумотларни яхшилаб ўрганган киши ҳеч қачон уни енгил санамайди. Шунинг учун ҳам  ўзини ўлдириш нарёғда турсин, бировни  ҳам ўлдиришга журъат қилмайди.  Чунки  мазкур гуноҳни содир этганларга нисбатан бундан-да аянчлироқ, аламлироқ азоблар борлиги қуйидаги ояти каримада келтирилган: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай”.

Ақоидга кўра, гуноҳи кабира қилган мўмин кофир бўлмайди. Лекин тақиқланган гуноҳ ишни ҳалол деб эътиқод қилса ёки фарзлардан бирини инкор этса кофир бўлиб қолади. Оятда ноҳақ қатл қилишни ҳалол деган эътиқодда қотиллик қилган киши тўғрисидаги ҳукм баён этилмоқда. Баъзилар ўзича “демак мўминни ўлдириш шунчалик катта гуноҳ экан бошқаларни эмас” деб  ўйлашлари мумкин. Бу фикр қанчалик нотўғри эканлигини эса қуйида ўрганиб чиқамиз.

Ҳадиси шарифда: “Қиёмат куни биринчи савол ноҳақ тўкилган қон тўғрисида бўлур”. Бу ердаги қон тўкиш  умумийдир. Қуйида эса айнан ғайриддиннинг қонини тўкиш тўғрисидаги маълумот келтирилган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким аҳдномаси  бор ( ғайриддин) бир кишини ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайдиАлбатта унинг ҳиди, қирқ йиллик масофадан сезилиб туради”, дедилар” ( Бухорий, Термизий ривояти).

Юқоридаги маълумотлар бошқанинг қонини тўкиш ҳақида келган маълумотлар эди. Қуйида эса киши ўз жонига қасд қилиши қанчалик катта гуноҳ эканлиги тўғрисидаги маълумот билан танишамиз.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир”, дейди.

Ушбу ояти каримадаги “Ўз жонингизга ўзингиз қасд қилмангиз”, дейишдан мурод, ҳаёт қийинчиликларига бардош беролмай ёки бирор нарсанинг аламига чидаёлмай киши ўзини-ўзи ўлдирмаслиги тақиқланмоқда.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ворид бўлган ҳадисларда ўз жонига қасд қилишнинг аянчли оқибатлари аниқ баён этилади. Собит ибн Заҳҳокдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким бу дунёда ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ҳам унга ўша нарса билан азоб берилади” (Имом Бухорий ривояти).

Ўз жонига қасд қилишнинг оғир гуноҳ экани, унга тайинланган жазодан ҳам маълумдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:“Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса қиёмат кунида ўша заҳари қўлида, уни ичган ҳолда жаҳаннам оловида абадий қолади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша темир парчасини қорнига суққан ҳолида жаҳаннам ўтида абадий қолади. Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Ўзини бирор нарсага уриб ўлдирган кимса, дўзахга  ўзини уриб азоблайди. Ўзини ўзи бўғиб ўлдирган кимса, жаҳаннамда ҳам ўзини бўғиб азоблайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

  1. Руҳий хасталик. Руҳий хасталик сабабли ўз жонига қасд қилганлар юқорида ўтган  азоб-уқубатлардан  мустасно. Зеро, ақл-ҳуши жойида бўлганларгина мукаллаф ҳисобланадилар.

Афсуски, ҳали жамиятимизда аёллар, ёшлар ичида арзимаган сабаблар билан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраб турибди. Асосий муаммоларимиздан бири руҳий тушкунликка берилаётган инсонларга яқинлари ўз вақтида эътибор бермаслиги, бепарволик, уни қийнаётган, жавобини топа олмаётган масала ечимини ҳал қилинмаслигидир. Шунинг учун, барчамиз бир-биримизга нисбатан масъул эканимизни унутмайлик. Ўзаро эътиборли, меҳр-оқибатли бўлайлик. Хусусан, руҳий тушкунликка тушган, руҳий хасталикка дучор бўлганларни ҳеч қачон ёлғиз қолдирмасликка  ҳаракат қилишимиз керак. Акс ҳолда,  вақтдан унумли фойдаланишга  ҳаракат қиладиган шайтон ўз мақсадига эришади, Аллоҳ сақласин.

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,     

              Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими ходими

 

 

 

       

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

8022 марта ўқилди

Мақолалар

Top