Мақолалар

Билганимизни етказайлик!   

 

Дарҳақиқат, самовий шариатлар башариятни ҳидоят қилиш ва инсонларни зулумотдан нурга чиқариш учун юборилгандир.

Илм дини бўлмиш ислом дини бизни илм талаб қилиб, уни етказишга ва адашган кишиларни тўғри йўлга бошлаб, Аллоҳнинг ҳақ йўлига чақиришга буюради. Аллоҳ таоло ҳаққа далолат қилувчи очиқ*ойдин оятларини инсонлар манфаати ва башариятни тўғри йўлга ҳидоят қилиш учун нозил қилди.

У зот Азза ва Жалла бандага фойдали илмлар ато этган бўлса-ю, банда уни беркитса ва одамларга етказмасдан Аллоҳ таоло юборган пайғамбарларнинг вазифаси деб ташлаб қўядиган бўлса, У буюк омонатга хиёнат қилган ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Илм олиб уни гапириб етказмайдиганлар худди бойликни инфоқ қилмасдан кўмиб қўйган кимсага ўхшайди”, дедилар.

Аллоҳ таоло ўзининг охирги ва мукаммал китоби Қуръони каримда шундай марҳамат қилади

Эслaнг (Эй, Муҳaммaд,) Aллoҳ aҳли китoблaрдaн, уни (китoбни) oдaмлaргa, aлбaттa, aниқ бaён қилaсизлaр, уни (ҳeч кимдaн) сир тутмaйсизлaр, дeб aҳд oлгaн эди (Оли Имрон сураси 187-оят).

Аллоҳнинг хитоби гарчи оятда аҳли китобларга қаратилган бўлса-да, диний китоблардаги барча маълумотни диндорларга тўла ҳолда етказишнинг зарурлиги барча ислом уламоларига тааллуқлидир.

Аллоҳ таоло ушбу оятда, хоссатан, диний ишларда инсонлар муҳтож бўладиган нарсаларни беркитиб сир тутганларга танбеҳ беряпти.

Имом Буҳорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, у киши: Агар Аллоҳнинг китобида бир оят бўлмаганида ҳеч кимга ҳеч нарса гапирмас эдим, деган эканлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бунда Бақара сурасининг 159-оятини кўзда тутганлар.

Инсонларга манфаат келтирадиган илмни тарқатиш – ибодатдир, уни беркитиш эса жиноят ҳисобланади.

Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар”, деб марҳамат қилганлар.

Яъни, менинг билганим оз нарса, фақат биргина оят, деб ўтирманглар, ўшани бўлса ҳам одамларга етказинглар, демоқдалар.

Ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилишга жуда муҳтожмиз. Оз-оздан бўлса ҳам билган нарсаларимизни ўз биродарларимизга ўргатишимиз зарур.

Янгийўл тумани

“Имоми Аъзам” жоме масжиди имом ноиби

Нуриддин Акромов тайёрлади

3434 марта ўқилди

Мақолалар

Top