Мақолалар

Умримиздан сўраламиз

Ўткинчи дунё бу. Барчамиз меҳмонмиз,   охиратда   умримизни қандай ўтказганимиздан сўраламиз.  Аллоҳ таоло Такосур сурасида марҳамат қилиб айтганидек, «Сўнгра, албатта, Ул кунда (охиратда) неъматлар ҳақида сўралурсиз!»

Инсонга ато этилган неъматларнинг улуғи – вақт ва умр неъматидир. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: «Банда қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди.  Бу саволлардан биринчиси, умрини нима билан ўтказгани; иккинчиси, ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчиси, мол-дунёни қай йўсинда топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчиси, ўрганган илмига қандай амал қилганидир» (Баззор ва Табароний ривоят қилган).

Мол-давлатини беҳад авайлайдиган инсон аслида бебаҳо вақтига бундан-да эътиборлироқ бўлмоғи, уни фақат хайрли ўринларда, эзгу мақсадларга ишлатмоғи лозим.

Салафи солиҳлар вақтга жуда харис эдилар.   Чунки у зотлар вақт қадрини яхши англардилар.  Улуғ имомлар ҳар бир вақтни фойдали илм, яхши амал, нафсга қарши кураш ёки бошқаларга фойда етказиш билан ўтказиб охират ғамини ердилар.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳу алайҳ айтади: «Шундай зотлар бор эдики, сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздек, улар вақтларига шундай ҳарис эдилар». 

 Оилада болаларга вақфтни тўғри тақсимлаб беришда ота-онанинг муҳим ўрни бор, албатта, агарда болаларни вақтдан унумли фойдалантирсак уларнинг илмини зиёда қилиб, келажакда элу юрт корига ярайдиган авлод қилиб улғайтирамиз, ишоаллоҳ.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, айтадилар:«Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтингни, ўлимингдан олдин тирикликни».

Айтадиларки, «бўш вақтини ғанимат билмайдиган, ундан унумли фойдалана олмайдиган одам иш вақтини ҳам ғанимат билмайди».

Муҳтарам азизлар, буш вақтни ғанимат билиб, китоб ўқиб, оилада фарзандлар тарбиясига мустаҳкам бўлсак, иншоаллоҳ, вақтни ғанимат билган бўламиз.

 

А.ҲАБИБУЛЛАЕВ,

Шўрчи туман бош имом-хатиби

 

4523 марта ўқилди

Мақолалар

Top