Мақолалар

Савол: “Банданинг моли садақа қилиш билан камаймайди”, дейишади. Илтимос, шуни тушунтириб берсангиз.

Жавоб: Садақа қилиш билан мол кўпаяди ва унга барака киради. Ҳадисда, закотини вақтида бериш ва муҳтожларга садақа қилиш билан молнинг кўпайиши, қўрғонланиши айтилган. Қуръони каримда: “Аллоҳ судхўрликни (фойдасини) йўқ қилади ва садақа (берувчиларга бойлик)ларни кўпайтиради...”, деб марҳамат қилинган (Бақара, 276).

Абу Кабша Амр ибн Саъд Анморий (розийаллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганларини эшитдим: “Уч нарсага қасам ичаман: банданинг моли садақа қилиш билан камаймайди; кишига бирор зулм қилинганида сабр этса, Аллоҳ таоло унинг иззат-шарафини оширади; инсон тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ таоло унга камбағаллик эшигини очади...”» (Имом Термизий ривояти).

Инсон асло садақа қилсам, молим камаяди, деган хаёлга бормаслиги керак. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Ҳар куни тонгда инсонлар уйқудан уйғонганида ер юзига икки фаришта тушади. Улардан бири: “Ё Аллоҳ, нафақа, садақа қилган инсон молининг ўрнини тўлдир”, деса, иккинчиси: “Ё Аллоҳ, зиқна одамнинг молига талофат етказ”, деб дуо қилади” (муттафақун алайҳ), деб хабар берганлар.

Одатда ҳадиснинг қасам билан бошланиши айтиладиган нарсанинг муҳимлигини билдиради. “Банданинг моли садақа қилиш билан камаймайди”, дейиш билан инсонларни саховатли бўлишга қизиқтириш ҳам бор. Чунки қўлимиздаги озгина нарсани бериб бўлса ҳам бир муҳтожнинг кўнглини шод қилсак, катта савобга эришамиз. Демак, имкони бор одам муҳтожларга ёрдам бериши керак. Бу иши туфайли унинг молига барака киради.

 

“Сўраган эдингиз” китобидан олинди.

 

4912 марта ўқилди

Мақолалар

Top