Мақолалар

Эри вафот этган ёки ажрашган аёл қанча муддатдан сўнг турмушга чиқади?

Баъзан аёлларга хос муҳим масалаларда саволлар тушади. Жумладан, идда ва унинг моҳияти ҳақида билишни истаганлар кўп.

«Идда» сўзи луғатда «санаш», «ҳисоблаш» маъноларини билдиради. Шариатда эса, эри вафот этган ёки эридан ажрашган аёл турмуш қурмай туриши лозим муддат “идда” дейилади.

Идданинг ҳикмати: биринчидан, эридан ажраган аёл ҳомиладорми-йўқми аниқланади, бу билан насл аралашиб кетиши олди олинади. Иккинчидан, ўлган эрнинг ҳурмати бажо келтирилади. Учинчидан, эр билан бирга ўтказилган оила ҳаётининг ҳурматидан ҳам  идда ўтирилади.

Англиялик олимлар бир эркак билан яшаб туриб, орада танаффус қилмай иккинчи эр билан яшай бошлаган аёлларнинг бачадонларида оғир касаллик пайдо бўлишини илмий жиҳатдан исбот қилишди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Талоқ қилинган аёллар, ўзларича уч қуруъ кутадилар. Уларга Аллоҳ  уларнинг бачадонларида яратган нарсани яширишлари ҳалол эмас. Агар Аллоҳга ва охират кунига имонлари бўлса» (Бақара, 228).

Ушбу оятда талоқ қилинган ҳайз кўрадиган аёлнинг идда муддати баён қилинган.  Ояти каримадаги «қуруъ» сўзи поклик ва ҳайз маъноларини англатади. Ҳанафий мазҳабимизда унинг ҳайз маъноси олинган. Эридан ажралган хотин иддаси талоқдан сўнг уч ҳайз кўриб, учинчи ҳайзидан пок бўлиши билан тугайди.

Аллоҳ таоло аёлларнинг бачадонларида яратган нарса ҳомиладир. Ажралишган мўмина-муслима аёл ҳомиладор бўлса, ҳомилам йўқ, уч марта ҳайз кўрдим, деб бошқа эрга тегиб кетмаслиги лозим.

Талоқ сурасининг олтинчи оятида бундай дейилган:

«Аёлларингиздан ҳайздан умидсиз бўлганларининг  иддалари, агар шубҳа  қилсангиз, уч ойдир.  Ҳайз  кўрмаганларининг ҳам. Ҳомиладорларнинг белгиланган муддати ҳомилаларини қўйишларидир».

Ёши ўтгани туфайли ҳайз кўришдан қолган аёлларнинг талоқдан кейинги иддаси уч ой. Турли сабабларга кўра ҳайз кўрмайдиган аёл эри билан ажралишса, уч ой идда ўтиради. Ҳомиладор аёл талоқ қилинса, кўз ёриши билан иддаси чиқади.

Имом Термизий келтирган ривоятда:

«Субайъа розияллоҳу анҳо эрининг ўлимидан йигирма уч ёки йигирма беш кун ўтиб туғди. Сўнгра никоҳланмоқчи бўлди. Бу нарса унга инкор қилинди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга маълум қилинганида: “Агар эрга тегмоқчи бўлса, муддати келди”, дедилар», дейилган.

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

«Қачон мўминаларни никоҳлаб олсангиз, сўнг уларга (қўл) тегизмай туриб талоқ қилсангиз, сиз учун улар идда сақлаш мажбуриятида эмаслар» (Азҳоб, 49).

Никоҳ ақдидан сўнг бирга яшамай ажралишган аёл идда ўтирмайди.

Бақара сурасининг икки юз ўттиз тўртинчи оятида бундай дейилган:

“Сизлардан вафот этиб жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ой ўн кун кутарлар”.

Эри ўлган ҳар бир аёл умр йўлдоши ҳурмати учун тўрт ой ўн кун идда ўтириши вожиб бўлади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

16184 марта ўқилди

Мақолалар

Top