Мақолалар

Дунё роҳати бойликда эмас

Аллоҳ таоло инсон қалбида кечадиган ният-мақсадларидан огоҳ бўлиб, яхшисига савоб беради. Умр ва вақт эгизак. Ҳар қандай умр вақт олдида жавоб беради. Ожиз банда бугун бор, эртага нима бўлишини билмайди. Демак, бизлар берилган умрни мазмунли ўтказишимиз, инсон деган буюк номга гард юқтирмаслигимиз керак. Унутмаслик керакки, одамдаги чирой, гўзаллик, феъл-атворининг яхшилигида, ширин сўз ва мулойимликда кўринади. Бахтли ёки бахтсиз бўлиб қолишга ҳам кўпинча кишининг феъл-атвори сабаб бўлади.

 

Улуғлар хунардан яхши, илмдан улуғ, одоб-ҳаёдан яхшироқ зийнат йўқ деганлар. Бу фазилатлар меҳнатда камол топади. Дунё роҳати бойликда эмас. Шариатимиз бизларни ризқу-насибамизни ҳалол-пок йўл билан топишга буюради. Бахтли турмушнинг асосий шартларидан бири, рўзғорга кирадиган ҳамма нарса ҳалол меҳнатдан топилган бўлиши керак экан. Масаланинг иккинчи жиҳати шундаки, ҳар бир оиланинг иккита қўрғони бўлади: Бири ҳалол, бири харом. Ҳалол ризқ топиб, оила тебратиш фарздир. Оиладаги яхши ёмонлик ана шу икки ҳолатга боғлиқ. Ҳалоллик оилага барака, эзгу ишларга бахт-омад олиб келади. Ҳалолдан ризқланган болалар имонли, виждонли, раҳм-шафқатли бўлишади. Харом эса бунинг аксидир.

 

Одамзод эзгулик рангини ўйлаб юқтиради. Аммо иллат ва қусурлар рангини мулоҳазасиз дархол юқтиради — қўяди. Аниқроқ қилиб айтганда, ёмонликни қилиш тез ва осон амалга ошади. Фойдали меҳнат билан шуғулланмаётган одам бир амаллаб кун ўтказишни, пул топишни ўйлайди. Орамизда ёлғончи, иғвогар каби ёмон сифатлари билан одамийлик шаънига доғ тушираётганлар йўқ эмас. Бу тоифадагилар ҳаммадан ўзини азиз тутиб, ўз ҳузурини ўйлайди холос.

 

Ҳаётда яхши ном қолдирган одамни боғбонга қиёсловчилар ҳақдирлар. Гап шундаки, ҳалол меҳнат нонини топган, ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам фақат яхшиликни раво кўрган инсон асло кам бўлмайди.

ЎМИ Матбуот хизмати

4042 марта ўқилди

Мақолалар

Top