Мақолалар

Расулуллоҳ: Бу киши менинг тоғам бўлади...

Cаъд ибн Абу Ваққос ибн Ухайб Зуҳрий розияллоҳу анҳу тириклигидаёқ жаннат башорати берилган ўн саҳобанинг бири. Саъд Қурайш қабиласидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналари каби Бани Зуҳра уруғидан эди. Унинг насаби олтинчи силсилада (Ҳакам) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шажараси билан бирлашади. Милодий 601 йили туғилган. Маккаликлардан олтинчи ё еттинчи бўлиб Исломни қабул қилган ва кўп ўтмай, Ясрибга кўчган. У Расули акрамдан 270 та ҳадис ривоят қилган.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Саъдни тоғам деб ҳурматлаганлар. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саъд келаётган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу киши менинг тоғам бўлади, ким менга тоғасини кўрсата олади?” дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Қурайш мушриклари Саъд ибн Абу Ваққосга маънавий азоб беришди. Энг азиз кишиси – онасини унга қарши қайрашди. Шу боис она севимли ўғлига жуда оғир талаб қўяди. Муфассирлар “Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишни буюрдик. (Аммо) агар улар сен билмаган нарсаларни (сохта маъбудларни) Менга шерик қилишингга мажбурласалар...” (Анкабут, 8) мазмунли оят Саъд ибн Абу Ваққос ҳақида тушганини таъкидлашади. У Макка ёшлари орасида онасини ҳурмат қилиши билан танилган, бошқаларга ибрат қилиб кўрсатилар эди. Саъд бу синовдан ўтди, имон-эътиқодда собит турди. Онасини ҳам олдингидай ҳурмат қилаверди.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллалолоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Моликдан ўзга ҳеч кимга ота-оналарини фидо қилмаганлар. У зот Уҳуд куни Саъдга ота-онам сенга фидо бўлсин деганлари ривоят қилинади.

Мўминлар онаси ҳазрати Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада эканларида бир кеча уйқулари қочди ва: “Саҳобалардан бир солиҳ киши мени қўриқлаганида яхши бўларди”,  дедилар. Ҳали гаплари тугамасидан бир нарса шитирлаганини эшитдик. У зот: “Ким у?” дедилар. Шарпа: “Саъд ибн Абу Ваққосман”,  деди. “Нимага келдинг?” деб сўрадилар. “Пайғамбардан хавотирга тушиб, қўриқлагани келдим”, деди Саъд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига дуо қилиб, хотиржам ухладилар» (Имом Термизий ва Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: “Ё Расулуллоҳ, дуо қилинг, Аллоҳ мени дуоси қабул бўладиганлардан қилсин”, деди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Эй Саъд, таомингни ҳалол қил, дуоинг қабул бўлади. Муҳаммаднинг жони измида бўлган Зотга қасам, бир одам қорнига ҳаром луқма еса,  Аллоҳ унинг дуосини қирқ кунгача қабул қилмайди. Қайси банданинг тани ҳаромдан ва рибодан семирса, унга дўзах муносибдир”, дедилар. Сўнгра: “Ё Аллоҳ, Саъд қачон дуо қилса, уни қабул айла!” деб дуо этдилар» (Имом Термизий ривояти).

Саъд ибн Абу Ваққос Макка фатҳ этилган йили оғир хасталаниб қолди. Бу ҳақда ўзи бундай ривоят қилади: «Фатҳ йили бемор бўлиб, ўлимим яқинлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, менинг кўп молим бор ва биргина қизимдан бошқа меросхўрим йўқ. Молимнинг ҳаммасини бошқаларга васият қилайми?” дедим. “Йўқ”, дедилар. “Молимнинг учдан иккисини-чи?” дедим. “Йўқ”, дедилар. “Ярмини-чи?” дедим. “Йўқ”, дедилар. “Учдан бирини-чи?” дедим. “Учдан бири... У ҳам кўп. Албатта, меросхўрларингни бой ҳолда қолдиришинг уларни одамлардан тиланиб юрадиган қилиб ташлаб кетишингдан яхшидир. Сен ҳар қандай нафақа қилсанг ҳам, албатта, ажр оласан. Ҳатто, аёлинг оғзига тутган луқма учун ҳам ажр оласан”, дедилар” (Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд, Насаий ривояти).

Ҳазрат Усмон вафотидан сўнг Ақиқда яшади. Ҳижрий 55 (милодий 676) йили вафот этди. Васиятига кўра, “Бақиъ” қабристонига дафн қилинди.

 

 

Аҳмад МУҲАММАД

тайёрлади

4967 марта ўқилди

Мақолалар

Top