Мақолалар

7 саволга 7 жавоб: Закот ва садақа

1-савол: Яқинда бир танишим “Меҳрибонлик уйи”га закот бериб бўлмайди, чунки келажакда шу масканда етишган ёмон болаларнинг гуноҳига сен ҳам шерик бўласан, деб айтди. Шу тўғрими?

 

Жавоб: Закот молиявий ибодатдир. Моли нисобга етган мусулмон ҳақдор мўмин кишиларга молининг қирқдан бир бўлагини беради.

 

Қуръони каримда:

 

“(Эй мўминлар!) Намозни баркамол адо этингиз, закотни берингиз ва Пайғамбарга итоат этингиз, зора (шунда) раҳм қилинсангиз” (Нур, 56), дейилган.

 

Закотнинг ҳикматларидан бири инсонни молу дунёдан устун қилиш, инсон молу дунёнинг қули эмас, балки молу дунё инсонга қарам эканини англаб етишдир.

 

Закот бериш орқали жамиятдаги иқтисодий жиҳат­дан бақувват кишилар бахиллик балосидан халос бўладилар. Закот бериш Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилишнинг бир кўринишидир.

 

Имом Ғаззолий (раҳматуллоҳи алайҳ) закот тўғрисида бундай дейди:

 

“Аллоҳ таоло ўз бандасига жон неъмати ва мол неъматини бергандир. Бадан ибодатлари – намоз, рўза, ҳаж жон неъматининг шукридир. Молиявий ибодатлар – закот, садақа, хайри эҳсон мол неъматининг шукридир” (“Иҳёу улумиддийн”).

 

“Меҳрибонлик уйи”да тарбияланаётган болаларнинг келажакда ёмон бўлишини (Аллоҳ асрасин) биз қаердан биламиз? Шундай экан, закотдай улуғ ибодатдан ҳам бировларнинг асоссиз сўзи устун бўлмаслиги аниқ.

 

Мўмин-мусулмонлар шунга ўхшаш асоссиз гапларни деб Аллоҳ таоло буюрган улуғ ибодатни тарк этмасликлари керак.

 

2-савол: Аёл кишининг тақинчоқларидан закот бериладими?

 

Жавоб: Закот беришнинг шартлари бор. Шулардан бири молнинг миқдори нисобга етган бўлиши ва бир йил ўтиши керак. Тақинчоқлардан ҳам тилла ёки кумуш миқдори нисобга етса, албатта, закот берилади.

 

3-савол: Ҳозирги кунда бозорларда, чорраҳаларда, масжидлар олдида ва зиёратгоҳларда турли ёшдаги эркак ва аёллар, ҳатто ёш болалар ўтганкетганга қўлини чўзиб, тиланчилик қилаётганини кўп учратамиз. Уларга садақа ва закотларни бериш мумкинми?

 

Жавоб: Тиланчиларга садақа ва закотларни беришнинг жоиз ёки ножоизлиги улар эга бўлган мулкка кўра аниқланади. Баъзилар бой-бадавлат бўлганлари ҳолда, тиланчиликни ўзларига касб қилиб олган. Улар гарчи билакларида кучи бўлсада, тиланчилик қилишни ташлай олмайди, чунки меҳнат қилиб, пешона тери билан тирикчилик қилишга кўникишмаган. Ундай кишиларга садақа бериш мумкин эмас. Шунингдек, тиланчиликни ўзига одат қилиб олган аёллар ва ёш болаларга ҳам садақа бериш жоиз эмас.

 

4-савол: “Садақа қилинг, садақа – радди бало” деган иборани эшитган баъзи кишилар ҳар хил бало-офатлардан омонда бўлиш учун садақа қилади. Бу нарса ширк бўлиб қолмайдими, ёки юқоридаги ибора нотўғрими?

 

Жавоб: Йўқ. “Садақа – радди бало”, дегани “Садақа балонинг қайтарилишига сабаб бўлади”, деганидир.

 

“Садақа – радди бало”, деганда садақанинг ўзи балоларни қайтаради, деб тушунмаслик керак. Зеро, Аллоҳ таоло садақа сабабли ҳар хил балоларни даф қилади.

 

Кишини ёки нарсани ҳақиқатан балоларни қайтаради, дейиш ширкдир.

 

5-савол: Ҳозирги кунда бозорларда, чорраҳаларда, масжидлар олдида ва зиёратгоҳларда турли ёшдаги эркак ва аёллар, ҳатто ёш болалар ўтган-кетганга қўлини чўзиб, тиланчилик қилаётганини кўп учратамиз. Уларга садақа ва закотларни бериш мумкинми?

 

Жавоб: Тиланчиларга садақа ва закотларни беришнинг жоиз ёки ножоизлиги улар эга бўлган мулкка кўра аниқланади. Баъзилар бой-бадавлат бўлганлари ҳолда, тиланчиликни ўзларига касб қилиб олган. Улар гарчи билакларида кучи бўлсада, тиланчилик қилишни ташлай олмайди, чунки меҳнат қилиб, пешона тери билан тирикчилик қилишга кўникишмаган. Ундай кишиларга садақа бериш мумкин эмас. Шунингдек, тиланчиликни ўзига одат қилиб олган аёллар ва ёш болаларга ҳам садақа бериш жоиз эмас.

 

6-савол: Муҳтарам Муфтий ҳазратлари! Рўзада бериладиган фитр садақаси ҳақида маълумот берсангиз.

 

Жавоб: Фитр садақасининг бериш шарти қурбонлик қилишнинг шарти билан бир хил. Яъни, ҳожати аслия (бирламчи эҳтиёжи)дан ташқари кумуш нисоби миқдоридаги ҳар қандай кўринишдаги молга эга бўлган мусулмон фитр садақаси бериши вожибдир (“Мухтор шарҳи Ихтиёр”). Бу мол ўсиб (кўпайиб) туриши ва бир йил мобайнида камаймаслиги шарт эмас.

 

Фитр садақаси ушбу тўрт нарсадан берилади: буғдой, арпа, хурмо (араб хурмоси), майиз (“Хизонатул Муфтий”, “Шарҳи Таҳовий”).

 

Фитр садақаси буғдойдан ярим соъ, арпа ва хурмодан бир соъ миқдорда берилади. Буғдой ва арпанинг уни ҳам худди буғдой ва арпа кабидир. Майиздан эса, Абу Ҳанифа ва икки Имомнинг сўзларига кўра, бир соъ миқдорида садақа берилади.

 

Буғдойдан кўра унни садақа қилиш афзал, унни бергандан эса, пулини берган яна ҳам яхшироқдир. Чунки пул камбағалнинг ҳар турли эҳтиёжини қондиради. Фуқаҳоларнинг фатволарига кўра, айтиб ўтилган нарсаларнинг ўзи эмас, балки уларнинг қийматини бериш авлодир.

 

Бу айтилган миқдор ҳар бир жон боши учундир, оилада нечта одам бўлса, шунга қараб ҳисобланади (“Фатовойи Ҳиндия”).

 

7-савол: “Нимаики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз!” (Бақара, 215) оятини шарҳлаб берсангиз. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

 

Жавоб: Ушбу оятда инсон кимларга инфоқ-эҳсон қилиши керак экани маълум қилинган.

 

Ота-она: Ота-она инсон учун энг яқин кишилар, уларнинг фарзандларида ҳақлари кўп. Қуръони каримда буюрилган:

 

“Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”” (Исро, 23–24).

 

Қариндош-уруғ: Қариндошларга инфоқ-эҳсон қилиш билан киши икки ҳисса савобга эришади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:

 

“Мискинга қилинган садақага битта савоб, қариндошга қилинган садақага иккита савоб: бири садақа, иккинчиси, силаи раҳм учундир” (Имом Термизий).

 

Етимлар: Етимлар жамиятдаги энг ожиз ва ҳимоясиз тоифадир. Уларга яхшилик қилиш, инфоқ-эҳсон улашиб меҳр кўрсатишнинг савоби улуғдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

 

“Мен ва етимни қарамоғига олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён турамиз”, деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларини очиб кўрсатдилар (Имом Бухорий).

 

Мискинлар (ҳеч қандай мулкка эга бўлмаганлар): Қуръони карим оятлари ва ҳадисларда мискинларга эҳсон қилишга кўп тарғиб этилади. Мискинлар садақа олишга ҳақли кишилар бўлиб, уларнинг ҳожатини чиқариш улкан савобдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бева ҳамда мискинга инфоқ қилиш учун саъй қилган киши, Аллоҳ йўлида жиҳод қилган, туни билан намоз ўқиган ва куни бўйи рўзадор юрган киши кабидир”, деб марҳамат қилганлар (Муттафақун алайҳ).

 

Мусофирлар: Мусофир киши ўз шаҳри, қишлоғидан узоқда бўлиб, унга турли машаққатлар етиши мумкин. Шунда ёрдам сўрайдиган яқинлари бўлмагани боис, қийналиб қолиши табиий. Шу боис у инфоқ-эҳсон қилинадиганлар қаторида зикр этилган.

 

Шунингдек, талабаларни ҳам мусофирлар деб айтилади. Баъзи манбаларда “ибни сабил”, яъни биз “мусофир” деб таржима қилганимизни Аллоҳ йўлида илм ўрганаётганлар, дея тафсир қилинган.

9858 марта ўқилди

Мақолалар

Top