Мақолалар

ҚАЛБИМ МУҲАББАТ БИЛАН НУРЛИ

Ойша розияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан хурсанд бўлганинг­ни ҳам, хафа бўлганингни ҳам дарҳол билиб оламан”, дедилар. “Буни қаердан биласиз?” деб сўрадим. У зот алайҳиссалом: “Мамнун бўлсанг: “Ҳа, Муҳаммаднинг Парвардигори ҳаққи!” деб айтасан. Агар хафа бўлсанг: “Йўқ, Иброҳимнинг Парвардигори ҳаққи!” деб айтасан”, дедилар. Мен: “Ҳа, тўғри айтдингиз, мен (сизни эмас, ўша пайтда) фақат исмингизни тарк қиламан”, дедим» (Имом Бухорий).

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва покиза оилаларини ҳаётнинг ҳар жабҳасида умматга гўзал намуна қилди. Ушбу ҳадиси шариф орқали нубувват хонадонида эр-хотиннинг муносабати нақадар гўзал, нафис экани намоён бўлмоқда. Пайғамбаримиз алайҳиссалом)оила раҳбари сифатида хонадонида содир бўлаётган катта-кичик ўзгаришни кузатмоқдалар. У зот алайҳиссалом Ойша онамиз розияллоҳу анҳонинг суҳбат асносида яширишга ҳаракат қилган икки ҳолатини эслатмоқдалар. Эрнинг эътибори, аёлнинг нафосати нақадар гўзал. Бири умр йўлдошига нисбатан хафалигини яширса, иккинчиси жуфтининг қайғусини ҳам, хурсандчилигини ҳам эътиборсиз қолдирмай, бир оғиз сўзидан фаҳмлаб олмоқда. Эътиборга лойиқ яна бир жиҳати шундаки, эр аёлининг хафа эканини билса-да, ўша фурсатда индамай, аёлининг кўнгли хотиржам ва хуш кайфиятини кутиб, сўнг мулойимлик билан эслатмоқда. Ойша онамиз розияллоҳу анҳо ҳам ўша ҳолатга гўзал одоб, заковат билан ойдинлик киритишга уринмоқда: “Сиздан хафа бўлганимда фақат исми­нгизни тарк қиламан. Исми­нгиз ўрнига бобокалонингиз Иброҳим алайҳиссаломнинг номини зикр этсам-да, қалбим сизга муҳаббатим билан лиммо-лим”.

Ёқуб БУХОРБОЕВ,

Бекобод туманидаги  “Чаноқ” жоме масжиди имом-хатиби

Ҳидоят” журналидан

4956 марта ўқилди
Мавзулар
Другие материалы в этой категории: « ҲЕЧ БИР НАРСА МАХФИЙ ЭМАС ҚАНОАТ – БОЙЛИКДИР »

Мақолалар

Top