Мақолалар

ТУНДАЛИКЛАР

Асқад МУХТОР

“Кейинги вақтда – кексалик, хасталик сабаб жуда кам уйқу бўлиб қолдим. Уйқу қочганда боши-кети йўқ, узиқ-юлуқ ўй-хаёл қалашиб келавераркан. Шунда тунчироқ остида турган дафтарга баъзи тасодифий фикрларни ёзиб қўядиган бўлдим...”, дейди Асқад Мухтор “Уйқу қочганда” китобида. Сизга мана шу қайдлардан қатралар ҳавола этяпмиз.

* Китоб – бойлик. Лекин сотиб олингани эмас, ўқилгани.

* Тошнинг бардоши зўр.

* Кичкина бир яхшилик қилиш учун ҳам одам (балки буюк одам) бўлиши керак; катта ёмонлик қилишга кичик одам ҳам қодир.

* Бахт бойликда десангиз, ҳамма бахтсиз. Чунки ақллига кўп нарса керак эмас, аҳмоқ эса барибир тўймайди.

* Бойликни бойлик қилган – ўзимиз. Агар унга бунчалик сиғинмасак, у бир тийинга арзимас эди.

* Бой бўлиш учун кўп нарсани қурбон қилиш керак: ҳаловат, саломатлик, гоҳо балки виждонни ҳам... Йўқ, меним бунга қурбим келмайди, мен унчалик бадавлат эмасман.

* Меҳнатни роҳатга айлантиришни хаёл қилар эдик, роҳат меҳнатга айланди.

* Кимнингдир ёзганига офарин, кимнингдир ёзмагани учун раҳмат.

* Ёлғон ўзи унча хавфли эмас, унинг ҳақиқатга ўхшаб кетиши хавфли.

* Одамлар сени билмаса ҳам, сен одамларни бил.

* Қариликдан қўрқма, унга ҳали етиш керак.

* “Вақт ўтяпти!” деймиз сал ҳазинлик билан. Бу гапни инсон ўзини овутиш учун ўйлаб топган. Аслида биз ўзимиз ўтяпмиз...

* Вақт ўтиши билан биров ақллироқ бўлади, биров – каттароқ.

* Мўжиза – сир – билим – ҳақиқат. Булар шу тартибда бир-бирини инкор қилади ва бир-бирисиз яшаёлмайди.

 

 

6199 марта ўқилди

Мақолалар

Top