Мақолалар

КАЪБ ИБН МОЛИК

        Абдураҳмон РАЪФАТ ПОШО

Kаъб ибн Молик розияллоҳу анҳу ансорийларнинг улуғларидан, Ясрибда катта эътибор ва обрў топган кишилардан эди. У Ақоба куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан аҳдлашиб, мусулмон бўлди. Фахри коинотнинг Бадр ва Табукдан бошқа юришларида қатнашди. Каъб ибн Молик Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ўнлаб ҳадис ривоят қилган. Маккада вафот этган.

Уҳуд куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом яраландилар. Шу пайт кимдир: «Муҳаммад ўлди!» деб бақирди. Шу чоқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар томон кела бошладилар. У зот алайҳиссаломни биринчи бўлиб Каъб ибн Молик таниб қолди ва баланд овозда: «Эй мусулмонлар, суюнчи! Расулуллоҳ тириклар!» деб қичқирди. Расулуллоҳ алайҳиссалом унга: «Жим!» ишорасини қилдилар. Мусулмонлар атрофида тўпланишди. Кейин биргалашиб, тоққа кўтарилишди.

 

* * *

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у масжидда ибн Абу Ҳадраддан қарзини беришини талаб қилди. Шунда икковларининг овозлари кўтарилди. Шовқинни ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйининг ичида туриб эшитдилар. Кейин  ҳужралари пардасини очиб: «Эй Каъб!» деб чақирдилар. «Лаббай, ё Расулуллоҳ!» деди у. «Қарздан бунчасини кеч», деб унинг ярмига ишора қилдилар. «Шундай қилганим бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули», деди. Кейин Расулуллоҳ Ибн Абу Ҳадрадга: «Тур, қарзни адо эт», дедилар (Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий ривояти).

 

* * *

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Табук сафари мевали дарахтлар соя солиб, бу манзара одамга ёқадиган пайтга тўғри келди. Менинг бундай роҳат-фароғатларга мойиллигим бор эди. Эрта тонгдан у зот ёнига тайёргарлик қилиш учун борардим-у, лекин ҳеч нарса қилмай қайтиб келар эдим. Хизмат қилиб юравердим. Мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга жўнашди. Мен эса йўлга тайёр эмасдим. Уларга орқадан етиб олишни ҳам ўйладим, аммо бу ҳам менга насиб қилмади”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Табукдан қайтаётгани хабари келганида мени ғам босди. баҳона излашга тушдим: эртага нима деб у зотнинг ғазабидан қутулиб қолсам экан деб ўйлай бошладим. Ақлли кишилардан ёрдам сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етиб келганлари маълум бўлганида мени ёмон хаёллар тарк этди. Охири рост гапиришга аҳд қилдим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эрта тонгда шаҳарга кириб келдилар. Сафардан қайтсалар, олдин масжидга кириб икки ракат намоз ўқир, сўнгра одамлар билан учрашар эдилар. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Жойларига келиб ўтирганларида Табукка бормай қолганлар у зотга узр айта бошлашди. Мен ҳам у зот ҳузурларига келиб, салом бердим. Менга сал ғазабнок ҳолатда табассум қилдилар. Сўнгра: «Кел», дедилар. Мен қаршиларига ўтирдим. У зот бормаганим сабабини сўраганларида: «Аллоҳга қасам, менда узр йўқ», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рост гапирдинг, тур, то Аллоҳнинг ҳукми келгунича кут», дедилар.

Яна икки кишига шундай жавоб айтилди. Учовимизга одамлар билан гаплашиш тақиқланди. Шу азобда эллик кунни ўтказдик.

Мадина бозорида юрсам, шаҳарга дон сотгани келган Шом деҳқонларидан бири: «Ким менга Каъб ибн Моликни кўрсатиб қўяди?» деди. Одамлар менга ишора қилишди. У олдимга келиб, Ғассон подшоҳи битган мактубни узатди. Унда бундай деб ёзилган эди: «Бизга хабар етди, дўстинг сенга жафо қилибди. Ҳузуримизга кел, биз сенга тасалли берамиз». Мактубни ўқигач: «Бу бир фитна», дедим ва ёқиб юбордим.

Эллигинчи куни уйда бомдодни ўқидим. Намоздан сўнг Аллоҳни зикр қилдим. Юрагим сиқилиб, кенг ер торайиб кетгандек бўлиб турган пайтда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг бир тепаликда туриб, баланд овозда: «Эй Каъб ибн Молик, хурсандлик хабари!» деб бақирганини эшитдим. Аллоҳ таоло «Яна қолган уч кишининг ҳам (тавбаларини қабул этди). Уларга кенг ер торлик қилган, юраклари танг бўлган ва Аллоҳ (ғазаби)дан фақат Унинг Ўзига қочиш билан паноҳ топилишини билишганидан сўнг улар тавба қилувчилардан бўлишлари учун Аллоҳ тавбаларини қабул этди» (Тавба, 118) оятини туширган эди. Бир киши олдимга от чоптириб келди. Аслам қабиласидан яна бир киши пиёда келди. Бу киши тоғ ошиб келиб, баланд овоз билан хушхабар берди. Севинганимдан унга устки кийимларимни ечиб, кийдириб қўйдим. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига жўнадим. Одамлар йўлда тавбам қабул бўлгани билан мени табриклашарди.

Масжидга кирдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофида одам кўп экан. Шунда Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу мен билан қўшқўллаб сўрашди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берсам, хурсанд бўлганларидан юзлари ёришди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида ўтириб: “Албатта, Аллоҳ ростгўйлигим сабабидан нажот берди. Энди тавбамнинг натижаси ўлароқ, умримнинг қолган қисмида фақат рост гапираман...” дедим (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

 

Аҳмад МУҲАММАД таржима қилди

6050 марта ўқилди

Мақолалар

Top