Мақолалар

Китоб ўқишнинг фазилати

Киши билмаганларини асосан ўқиб ўрганади. Биз умр бўйи – бешикдан қабргача, билмаганларимизни ўрганишга буюрилганмиз. Зеро, билим қалбимиз ҳаётидир. Шунинг учун динимиз илк босқичдаёқ ўқишга, илм олишга катта аҳамият берган. Биргина мисол: Бадрда асир тушганларнинг саводлилари ўнта мусулмон болага ўқиш-ёзишни ўргатиш эвазига озод этилган. Қуръони карим мусҳаф ҳолига келтирилишида катта хизмат қилган саҳобий Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу шундай савод чиқарган болалардан эди. Озодликка эришиш учун бундай эваз тўлаш урушлар тарихида ўша вақтгача кузатилмаган эди.

Ўрганилаётган илм фойдали бўлиши, Аллоҳ таоло рози бўлган тўғри йўлга бошлаши, эзгуликка ва элга хизмат қилиши зарур. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фойда бермайдиган илмдан ва қабул бўлмайдиган дуодан Ўзингдан паноҳ сўрайман”, деб Яратганга илтижо қилганлар (Имом Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Мени Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган янги илм ўрганмаганим кунда мен учун яхшилик йўқдир”, деб марҳамат қилганлар.

Биз охирги марта қачон китоб ўқидик? Китоб мутолаа этишни қачон кун тартибимизга қатъий қилиб киритамиз? Ўқишга вақт йўқ, дейсизми? Сўровлар, таҳлиллар натижаларига кўра, ўртача олтмиш йиллик умрнинг ўн йилдан кўпроғи телевизор қаршисида ўтаркан. Ҳолбуки, биз биринчи буйруғи “Ўқи!” бўлган динга мансуб инсонлармиз.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Аллоҳ таолога энг мақбул амал оз бўлса ҳам, давомлисидир(Имом Бухорий ривояти), деганларига мувофиқ, фойдали китоблардан ҳар куни бир неча бет ўқисак, билимимиз кўпаяди, фикримиз теранлашади, кўнглимиз ёришади, икки  дунёмиз обод бўлади, иншааллоҳ!

6222 марта ўқилди

Мақолалар

Top