Мақолалар

Зулматга элтувчи йўл

Ислом – инсонни дини, жони, аҳли, насли ва саломатлигини сақлашга қаратилган. Инсоннинг ҳаётига таҳдид солиб турган иллатлардан бири – бу гиёҳвандлик. Аъроф сурасининг 157-оятида: “У (пайғамбар) уларни (инсонларни) яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади…” дейилади.

Маълумки, Ислом таълимоти инсон ҳаётига фойда келтирмайдиган, унинг ақл-ҳушини карахт қиладиган ҳар қандай моддани зарарли деб билади ва истеъмол қилишдан қайтаради. “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Ушбу ҳадиси шариф ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик ҳаром эканига далолат қилади. Гиёҳвандлик дунё афкор оммасини ташвишга солиб келаётган долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Мазкур иллатга қарши нафақат маълум бир минтақа ёки ҳудуд, балки дунё бўйича кенг қамровли кураш олиб борилаётир. Таъкидлаш керакки, наркотик моддалар нафақат инсоннинг соғлиғига, балки руҳиятига ва ўзлигига путур етказиб, охир-оқибат уни ажал комига улоқтириб юборади. Чунончи, гиёҳвандлик ўта оғир касалликлар ва жиноятлар содир этилишининг авж олишига сабаб бўлади.

Шунингдек, гиёҳванд моддалар оила ва жамият иқтисодига катта зарар келтиради. Чунки гиёҳванд моддалар жуда қиммат туради, катта маблағлар эвазига сотиб олинади. Бу эса, ўз-ўзидан молни исроф қилишга олиб келади. Шариатимиз исрофни ҳаром қилган, биз исрофдан қочишга буюрилганмиз. Ҳатто манфаатли иш учун ҳам исрофга рухсат йўқ. Гиёҳвандликка мубтало одам эса ўзининг, яқинларининг ҳаётини заҳарлаш, динига, жонига, ақлига, наслига зарар етказиш учун мол сарфламоқда. Улар келтирган офатлар оилалар бузилишига, ҳали туғилмаган гўдакларнинг келажакда мажруҳ, ногирон бўлиб қолишига, ёшларнинг умрининг хазон бўлишига сабаб бўлади. Энг ачинарлиси, баъзи нафсини жиловлай олмаган кимсалар эътиқоди заиф, иродаси бўш, гиёҳвандликка мойиллиги бор ёшларни турли қинғир йўллар билан тузоғига илинтирмоқда. Шу боис, бундай иллатга қарши курашиш учун ҳозирда аҳоли орасида, оила, мактаб, маҳалла, мутассадди ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлигида мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда ёшларни соғлом ва баркамол қилиб тарбиялаш нафақат оилани, балки мамлакат, қолаверса, жамиятнинг ҳам олдида турган муқаддас вазифадир. Гиёҳвандликнинг  мудҳиш асоратини ўсиб келаётган навқирон авлод онгига етказиш, уларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш, бўш вақтларини мазмунли ва фойдали ўтказишга бош-қош йўлида барчамиз бирдек масъулмиз. Зеро, огоҳлик ва ҳушёрлик муаммонинг бартараф этилишида муҳим аҳамият касб этади. Бу иллатга қарши курашиш Ватанимизнинг ҳар бир онгли фуқаросининг муҳим вазифаси ҳисобланади. Зеро, жамият ҳаётида зарарли иллатларни йўқ қилиш ва унинг олдини олиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчидир.

А.БОБОЕВ,

Хоразм вилояти Шовот тумани

“Ваянган бобо” жоме масжиди имом-хатиби

4089 марта ўқилди

Мақолалар

Top