Мақолалар

Муҳаббатимиз ғазабимиздан устун  бўлсин

Ойша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга «Сенинг рози бўлганингни ҳам, жаҳлинг чиққанини ҳам биламан», дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, буни қандай биласиз?» дедим. У зот: «Рози бўлганингда, “Ҳа, Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) Парвардигорига қасам” дейсан. Аразлаганингда: “Йўқ, Иброҳимнинг (алайҳиссалом) Парвардигорига қасам” дейсан», дедилар. Мен: «Шундай, фақат номингизнигина айтмайман, холос», дедим (Имом Бухорий ривояти).

Оилавий муносабатларда ёки бошқа ҳолатларда бўлсин, баъзида инсоннинг жаҳли чиқиши, ранжиши табиий. Бироқ бу нарса бировни ичдан ёмон кўришга ё аразлаб юришга сабаб бўлмаслиги лозим.

Ойша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни рашк қилиб баъзида жаҳллари чиқса ҳам билдирмаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Ойша розияллоҳу анҳонинг ҳис-туйғуларини сўзларидан фаҳмлаганлар. Ҳабибимиз гўзал хулқли, юксак фаросатли эдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом аёлларининг кўнглида нималар кечаётганини гапларидан илғаб, вазиятни ўз ўрнида юмшатишга уринганлар. Бу ҳолда Ойша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз алайҳиссаломга “Тўғри айтдингиз” деганларида, у зотга оғир ботиши мумкин эди. Ойша онамиз ҳамма вақт кўнглим сизда деган маънода “...фақат номингизни айтмайман” деб, Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам кўнгилларини шод қилдилар. Бу – эр-хотин муносабатининг олий намунасидир.

Бир-бирига самимий муҳаббати бор эр-хотинлар бири иккинчисининг қачон, нимадан ғазабланишини ва қайси ишлар хурсанд қилишини билиши лозим. Шунда оилада юзага келган муаммо сабабли  аёл билан эр ўртасидаги муносабат совумайди.

Эр аёлига меҳрибон бўлиши, насиҳат қилиши, ўринсиз аччиқланса, босиқлик билан тарбия бериши, агар фойда бермаса, норозилик ифодасида ётоғини ажратиш каби чораларни қўллаши керак. Чунки ҳадисларда юмшоқ, ҳалим бандаларини Аллоҳ таоло севиши ва ажр-мукофот бериши марҳамат қилинган.

Замира ҚОСИМОВА

тайёрлаган.

 

4534 марта ўқилди

Мақолалар

Top