Мақолалар

Арк – Бухоро тарихининг тирик гувоҳи

Қадим Бухорони тарихчилар саёҳатчилар “шеърият ва афсоналар шаҳри” деб аташган. Бу қўҳна шаҳарнинг ҳар бир кўчаю хиёбони, гўшасида олис ўтмишнинг акс-садоси бор. Кўкка бўй чўзган миноралар инсон ақл-заковатини намойиш қилади. Бухоро Шарқу Ғарбда очиқ осмон остидаги музей, шавкатли тарихнинг жилвакор кўзгуси деган фахрли ном олган.

Бухоро ҳақида сўз борганида, Арк ҳақида гапирмасдан илож йўқ. Арк кейинги замонларда Бухоро амирларининг қароргоҳи бўлиб келган. Тарихий манбаларда келтирилишича, Арк бир неча марта вайрон бўлиб, яна қайтадан тикланган. У ҳақдаги илк маълумотлар Абу Бакр Наршахийнинг (899-960) “Бухоро тарихи” асарида учрайди: “Бухоро ҳукмдори Бухорхудот Бидун ушбу қалъани қурдиради, аммо у тез орада вайрон бўлади. Шунда Бухорхудот донишмандларни чақириб, улардан маслаҳат сўрайди, улар эса қалъани Катта айиқ юлдузлари туркумини эслатувчи етти устун устида қуриш кераклигини айтишади. Ҳукмдор шундай йўл тутади ва Арк мустаҳкам бўлади”.

Арк қачон қурилгани ҳалигача аниқ­ланмаган. Аммо олимларнинг тахминича, бундан бир-бир ярим минг йил олдин ҳам ушбу маҳобатли меъморий обида ҳукмдорларга қароргоҳ бўлган.

Арк – Бухоро тарихининг тирик гувоҳи, у неча-неча қонли жанглар, шафқатсиз истилочию босқинчиларни кўрган. 1220 йили Чингизхон қўшини шаҳарга бостириб келганида, аҳоли Арк ичига яширинади.

Аркда нафақат ҳукмдор амирлар, балки буюк олимлар, шоиру файласуфлар ҳам яшаб, ижод қилиб, авлодларга бебаҳо мерос қолдиришган. Бухоро маданияти энг юксалган ўрта асрларда Аркда Рудакий, Фирдавсий, Абу Али Ибн Сино, Форобий, Умар Хайём каби буюк зотлар яшаган. Абу Али ибн Сино бундай ёзади: “Бу ер кутубхонасидан шундай китобларни топдим, уларни олдин ҳам, кейин ҳам ҳеч қаерда кўрмадим. Уларни ўқиб чиқдим ва менга олам сирлари аён бўлди”.

Арк ғарбдан шарққа чўзилган қийшиқ тўртбурчак шаклига эга. У замонавий шаҳарнинг ғарбий қисми ўртасида жойлашган. Деворлар айланасига узунлиги 789,60 метр, майдони 3,96 гектар. Майдон сатҳидан баландлиги 16-20 метрни ташкил этади. Аркка икки устунсимон шаклда қурилган миноралар орасидан кирилади. Дарвозаларига йўлак тепага қараб юксалиб борадиган пандус (нишаб майдонча) шаклида қурилган.

Аркнинг ўзида меъморий иншоотларнинг катта бир мажмуаси жойлашган, шарқий қисми ҳозирда археологик ёдгорликдир. Унинг тепасига чиқиб қараган кишига кўҳна Бухоронинг бетакрор манзараси кафтдек намоён бўлади. Уста меъморлар Аркни бўлажак меъморлар учун дарслик деб атайдилар. Арк деворларида ғишт терилиши, қурилиш хом ашёларидан тарихда қандай фойдаланилгани яққол кўринади.

Ҳозир Арк юртдошларимиз ҳамда чет эллик меҳмонларни оҳанрабодек ўзига тортувчи ноёб тарихий-меъморий ёдгорлик сифатида ном қозонган.

 

Саида ДАРИЕВА

тайёрлади.

11397 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top