Мақолалар

“Ҳайрат ул-фуқаҳо” ва “Фатовойи Оламгирия” асарларининг қиёсий таҳлили

XIII-XIV асрлар давомида Мовароуннаҳр замини мўғуллар ҳукмронлиги билан боғлиқ тарзда жуда мураккаб жараёнларни ўз бошидан кечирди. Шундай бўлса-да, унинг кўҳна маданияти ва илм-ирфони анъанавий равишда ўзига йўл топиб, ривожланишда давом этди. Бу эса, шубҳасиз, ўлка маънавий мероси ва қадриятларининг мазмунан бойиб, юксалишига ижобий таъсир кўрсатди.

Бу даврда диний ва дунёвий илмлар ривожининг бутунлай тўхтаб қолмагани, муайян вақтдан сўнг мўғул ҳукмдорларининг ислом динини қабул қилиши натижасида таназзулга юз тутган минтақанинг маданий-маърифий жиҳатдан юксалиб борганини кўриш мумкин. Мўғул ҳукмдорларининг ўз давлат бошқаруви тартибини жорий этишда ислом ҳуқуқшунослигига эътибор беришлари минтақада фиқҳ илми ривожида ижобий роль ўйнайди. Олимлар томонидан минтақада мавжуд муаммоли масалалар ечимига бағишланган кўплаб фиқҳий асарлар ёзила бошлади. Шундай манбалардан бири Алоуддин Бухорийнинг “Ҳайрат ул-фуқаҳо” асари ҳисобланади. Муаллиф ушбу асарни 1356-1358 йилларда ҳукмронлик қилган Насруллоҳ Ботухон сулоласидан бўлган Олтин Ўрданинг сўнгги хони Наврўзбекка[1] бағишлаган[2]. Олим ўша даврда мавжуд бўлган муаммоларга катта эътибор қаратган ва уларнинг ечимини топишга ҳаракат қилган.

Қуйида турли давр ва минтақада ёзилган  икки асар, яъни Алоуддин Бухорийнинг  “Ҳайрату-л-фуқаҳо”[3] (XIII–XIV асрлар) ва Абу Музаффар Муҳйиддин Муҳаммад Аврангзебнинг (ваф. 1118/1707 й.) буйруғи билан Шайх Низомиддин Балхий бошчилигида йигирма уч нафар фақиҳ томонидан ёзилган “Фатовойи Оламгирий” ёки “Фатовойи Ҳиндий”[4] (XVII) асарларининг қиёсий таҳлили келтирилди. Бу асарларнинг танлаб олинишига сабаб, турли вақтларда битилган фиқҳий манбаларни қиёслаш жараёнида ўша даврда  халқ орасида фиқҳнинг қайси соҳаларидаги масалалар долзарб ва аҳамиятли бўлганини аниқлаш имконияти туғилади.

“Ҳайрат ул-фуқаҳо” асарида манба сифатида олинган китобларнинг тартиби ва фиқҳий асарларнинг анъанавий тузилишига кўра, биринчи навбатда, ибодатга доир масалалар кўриб чиқилган. Асарнинг аввалида бевосита ислом рукнларига тегишли масалалар ҳамма фиқҳий асарларда бўлгани каби анъанавий тартибда берилган. Аҳамиятли жиҳати шундаки, ибодат масалалари бу асарнинг қарийб учдан бирини ташкил қилади. Муаллиф масалалар ечимига келганда кўплаб манбаларга мурожаат қилади. Алоуддин Бухорий фойдаланган манбалардаги мавжуд фикр ва далилларни келтириш билан кифояланиб қолмасдан, уларни ҳанафий фиқҳи билан қиёслайди. Ана шундан кейин муаммоли масалаларни ҳанафийлик нуқтаи назаридан ҳал қилади. У бирор масалани ҳал қилишда оят, ҳадислардан далил келтиргач, мазҳаб эгалари – мужтаҳидларнинг ҳужжат-далилларини баён этади. Асарда жами 29 та оят, 199 та ҳадис истифода этилган.

Асар таҳлили муаллифнинг кўпроқ Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик ва Имом Шофиъийларнинг ҳужжат-далилларига мурожаат қилганини, ҳанбалий мазҳаби вакиллари фикрига умуман мурожаат қилмаганини кўрсатди.

Китобнинг бошқа фиқҳий манбалардан фарқли жиҳати шундаки, унда келтирилган масалаларни муаллиф 103 та турли хил ривоятлар билан бойитади. Мазҳаб уламоларининг ҳаётига боғлиқ ривоятлар ва фатволарни ҳам келтиришни эътибордан четда қолдирмайди. Бундан ташқари, Алоуддин Бухорий ўз асарида нафақат ислом дини масалаларини, балки ўрни келганда, аҳли китобларга оид масалаларни ҳам келтиради.

Асарда муаллиф 21 та турли хил ғариб масала ва ривоятлардан ҳам фойдаланган. Маълумки, мўғуллар босқинидан сўнг Мовароуннаҳр нафақат иқтисодий-сиёсий соҳаларда, балки диний соҳада ҳам бошқа юртларга нисбатан орқада қолди. Етарли илмга эга бўлмасдан фатво ва ҳукм чиқарадиганлар кўпайди. Араб тилида ёзилган асарларни халқ тушунмагани сабабли Алоуддин Бухорий ушбу асарини ёзишга киришади ва халқни қийнаб турган масала ва муаммоларни ҳал қилишни мақсад қилади. Шу сабабли у халқ орасидаги амал қилиб келинган турли хил заиф фатво ва масалаларни аниқлаб, шу масалаларга  шаръий жиҳатдан тўғри илмий далиллар бериш йўлини кўрсатади[5].  

Тадқиқот жараёнида анъанавий фатволар “Ҳайрат ул-фуқаҳо” ва “Фатовойи Оламгирий” асарлари асосида қиёсланди. Унда тўрт мазҳаб имомлари, Имом Муҳаммад, Имом Абу Юсуфларнинг иттифоқлари, ихтилофлари  ҳамда шунга ўхшаш масалалар юқоридаги икки асар асосида қиёсий ўрганилди ва жадвал тузилди. “Ҳайрат ул-фуқаҳо” ва “Фатовойи Оламгирий” асарлари ҳажм жиҳатидан бир-биридан фарқли экани уларга алоҳида ёндашув зарурлигини талаб этди. Мазкур икки давр ичида фиқҳнинг қайси соҳалари долзарб муаммога айланганини, турли мазҳаб, шунингдек, ҳанафий  мазҳаби уламоларининг ўзаро иттифоқ ва ихтилофлари айнан фиқҳнинг қайси соҳасида яққол намоён бўлишини аниқлаш асосий мақсад қилиб олинди. Имом Абу Ҳанифа берган фатволар сонини нисбий олиб қарайдиган бўлсак, “Фатовойи Оламгирий” асарида 658 та, Имом Муҳаммад берган фатволар сони 710 та, Абу Юсуфники 422 та, шу уч имомнинг қилган иттифоқлари 195 та, уларнинг ихтилофлари эса, 102 та, Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммаднинг иттифоқи 279 та, Абу Ҳанифа ва Абу Юсуфнинг иттифоқи 246 та, Абу Юсуфнинг Абу Ҳанифа ва Муҳаммадга ихтилофи 108 та, Муҳаммад ва Абу Юсуфнинг иттифоқлари эса 273 та, Абу Ҳанифанинг икки имомга қарши берган фатволари 339 та, мазҳаб уламоларининг қилган иттифоқлари 110 та, Абу Ҳанифанинг бошқа мазҳаб уламоларига қилган ихтилофи 12 та, тўрт мазҳаб уламоларининг ихтилофлари 15 та экани аниқланди. Юқоридаги таҳлилий рақамлар имомлар, уларнинг фаолияти ҳақида нисбатан маълумотга эга бўлиш имконини беради.

 “Ҳайрат ул-фуқаҳо” асарида эса маҳаллий фатволарга алоҳида ўрин ва эътибор берилгани ҳам диққатга сазовор. Алоуддин Бухорий ўз асарида нафақат Бухоро ҳудудига тегишли фатволарни, балки Самарқанд, Хоразм, Туркия, Насаф, Хуросон ва Балх мактаби фатволарини ҳам келтиради.

Қиёсланаётган асарлар мавзуларини қиёсий ўрганиш даврнинг муҳим ижтимоий масалаларини аниқлашга хизмат қилади. “Ҳайрат ул-фуқаҳо” 37 китобдан, “Фатовойи Оламгирий” эса 59 китобдан иборат.  

“Фатовойи Оламгирий”да “Қозининг одоби”га 31 боб, “Ижара китоби”га 32 боб ва “Кароҳийят китоби”га 30 боб ажратилган. Бундан кўриниб турибдики, XVII асрда ҳинд ўлкаларида ҳуқуқий ва иқтисодий-молиявий мавзулардаги муаммолар кўп учраган. Шунинг учун фақиҳлар ушбу масалаларга кўп боб ажратишганини кўрамиз.

“Ҳайрат ул-фуқаҳо”да ибодат, одоб-ахлоқ каби масалаларга кўпроқ ўрин ажратилган. Асардаги 582 та масала ибодатга оид экани фикримизни далиллайди. 

Хулоса қиладиган бўлсак, икки манбани таҳлил қилиш натижасида ўша даврдаги муҳит ҳақида муайян маълумотларга эга бўлиш билан бирга, анъанавий ва маҳаллий фатволар шу асарлар асосида тўлиқ тадқиқ этилгани ҳам ҳар жиҳатдан эътиборни тортади.

Шунингдек, мазҳаб уламолари ўртасидаги иттифоқ ва ихтилофлар аниқланиб, рақамлар билан белгиланди. Бундан ташқари, юқорида берилган жадваллар орқали устоз ва шогирдлар ўртасидаги ўзаро фикр эркинлиги муносабати асосига қурилган муомалани ҳам яққол кўриш мумкин. Олиб борилган тадқиқотлар жараёнида тўрт мазҳаб уламолари ўртасидаги тафовутлар ва ихтилофлар у қадар фарқ қилмаслиги аниқланди.

Лобар АСРОРОВА,

Тошкент ислом университети тадқиқотчиси

 

[1] Босворт. К.Э. Мусулманские династии. Справочник по хронологии и генеалогии. Перевод с английского и примечания Грязневича П.А. – М.: Наука, 1971. – С. 203.

[2] Алоуддин Бухорий. Ҳайрату-л-фуқаҳо. Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси. Қўлёзма. № 1124. – В. 4б. (Бундан кейин: ЎМИ кутубхонаси). 

[3] Қаранг: ЎзРФА ШИ, Асосий фонд. Қўлёзма. № 4842, № 5442, № 6031, № 6259, № 7734, № 8021, № 8482,          № 8728, № 10436, № 12245, № 12746.; ЎзРФА ШИ, Тошбосма. № 4447, № 6120, № 4448. Ношири: Мулло Муҳиддин Хўжандий. 1909 ва 1915 йиллари Бухоронинг Когон туманида нашр қилинган.; ЎзРФА ШИ, Ҳ.Сулаймонов фонди. Қўлёзма. № 3256, № 4674, № 3552.; Тошкент ислом университети Манбалар хазинаси. Қўлёзма. № 175.; ЎМИ. Қўлёзма. № 934, № 1124, № 1131, № 1175.; Бухоро Давлат Музейи қўриқхонаси. Қўлёзма. № 12179/II; Тошбосма. № 27858/II.; Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилоят универсал илмий кутубхонаси. Тошбосма. № 666.

[4] Қаранг: ЎзРФА ШИ, Асосий фонд. Қўлёзма. № 5577, № 6187, № 1328, № 3000.

[5] Алоуддин Бухорий. Ҳайрату-л-фуқаҳо. ЎМИ кутубхонаси. Қўлёзма. №№ 1131. – В. 22а.;  934. – В. 3а.; 1124. – В. 4а.; 1175.  – В. 2б-3а

http://www.tiu.uz/sq/maqolalar/item/393-ajratu-l-fu-a-o-va-fatovoji-olamgiriya-asarlarining-ijosij-ta-lili.html

8192 марта ўқилди

Мақолалар

Top