Мақолалар

Азоннинг фазилати

Азон чақириш ҳижратнинг биринчи йили, Мадинада воқе бўлган. Динимизда азон чақириш суннат бўлиб, ислом аломатларидандир. Азон барчага билдириш, муайян арабча калималарни навбати билан ўқиш демак. Маъноси тушунилса-да, бошқа тилдаги таржимаси ўқилмайди.

Азон масжид ташқарисида ёки минорада чақирилади. Эшитган кимса жунуб бўлса, Қуръон ўқиётган эса-да, азон калималарини такрорлаши суннатдир. Азон калималари ва уларнинг маъноси қуйидагича:

Аллоҳу акбар – Аллоҳ таоло буюкдир. У Зот ҳеч нарсага муҳтож эмас. Бандаларининг ибодатлари ўзлари учун, Аллоҳ таолога фойдаси йўқдир.

Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳ – Кибриёси, буюклиги ва ҳеч кимнинг ибодатига муҳтож бўлмагани ҳолда ибодат қилишга лойиқ Зот Унинг Ўзи эканига гувоҳлик бераман. У Зотнинг ўхшаши, тенги йўқдир.

Ашҳаду анна Муҳаммадур Расулуллоҳ – Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло юборган пайғамбар, Аллоҳ таоло истаган ибодатлар йўлининг билдирувчиси ва Аллоҳ таолога фақат у зот ўргатган ибодатларнинг ярашиқли эканига гувоҳлик бераман.

Ҳаййа алассолаҳ, Ҳаййа алал фалаҳ – Мўминларни намозга, нажотга чорлайдиган бу икки калимага бомдод намозида “Ас солату хойрун минан-навм” (Намоз уйқудан хайрлидир) сўзи илова қилинади.

Аллоҳу акбар –Аллоҳ буюкдир, У Зотга лойиқ ибодатни ҳеч ким қилолмайди.

Лаа илаҳа иллаллоҳ – Ибодатга, сўралишга ҳақли Зот фақат Аллоҳ таолодир. Ундан бошқа кимсанинг ибодат қилинишга ҳаққи йўқ.

Ҳадиси шарифларда марҳамат қилинади: “Азон овозини эшитганингизда муаззиннинг айтаётганларини такрорланг”;  “Ҳар ким янги туғилган чақалоқнинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат ўқиса, Умму Сибён деган жин унга зиён етказолмайди”.

ЎМИ Матбуот хизмати

7801 марта ўқилди
Мавзулар
Другие материалы в этой категории: « Буюк фақиҳ бобомизни биламизми? Махфий зикр »

Мақолалар

Top