Мақолалар

Ҳақ сўзнинг қудрати

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз ҳудудлари буйлаб сафари давомида халқ ичига кириб бормокда, одамларнинг турмуши, касб-кори, ҳаёти ва шароити билан қизиқиб, ташвишу муаммоларига алоҳида эътибор қаратяпти. Хусусан, юртбошимиз вилоятимизга ташрифи чоғида жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари билан танишиб, кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашди.

Мен бир имом-хатиб сифатида давлатимиз раҳбарининг муқаддас Ислом динини маънавий тарбиянинг муҳим воситаси сифатида кенг тарғиб қилаётгани, Аллоҳ таолонинг каломи – Қуръони каримни ўрганишга чақираётгани, масжидларни обод этиш ва ҳамюртларимизни муборак ҳаж ибодатига боришини таъминлаш борасидаги даъватларидан таъсирланганимни алоҳида эътироф этишим жоиз.

Президентимиз фаоллар билан учрашувда вилоятда диний-маърифий ишлар масаласига ҳам тўхталиб, динимиз равнақи ва ривожи учун тегишли кўрсатмалар берди. Жумладан, барчамизни илм олишда мусобақалашишга чакирган давлатимиз раҳбари: "Қуръонни эшитиш, эшита билиш у маънавият, у маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват килмайди, агар уни эшита олсак, эшиттира олсак, бу муваффақият бўлади, элимизга нур келади", деди.

Дарҳақиқат, Қуръони карим жамики муаммолар шифоси, ўқиган ва тинглаган қалбларга раҳматдир.

Халқимиз азалдан Қуръонни эъзозлаб, улуғлаб келган. Уни ёд олган қориларнинг ҳурмати доимо юқори бўлган.

Давлатимиз раҳбари кўрсатмаси асосида Қуръон тиловати бўйича қорилар мусобақасига Тошкент вилояти, хусусан, Бўка туманида ҳам  пухта тайёргарлик кўриляпти.

Юртбошимиз вилоятимиздаги масжидларнинг ҳолатини ўрганиб чиқиб, улардан таъмирталабларини реконструкция қилиш лозимлигини таъкидлагани ҳам халқимизни қувонтирди. Муқаддас динимизда масжид Аллоҳнинг уйи дейилади. Масжид фақат Аллоҳ таолога ибодат қилиш, Қуръони карим тиловати каби ишлар билан обод этиш учун барпо қилинади.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги барча масжидларда мўмин-мусулмонларнинг ибодат қилишлари учун энг қулай шароитлар муҳайё қилинмоқда. Албатта, масжид қуриш, уни обод қилиш энг буюк ишлардандир. Зеро, Усмон ибн Аффон дан ривоят қилинади, у киши мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Ким савоб умидида битта масжид қурса, Аллоҳ таоло унга жаннатда шунга ўхшаш бино қуради", деганларини эшитганман дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)

Ҳа, муқаддас динимизга бўлган эътибор янги босқичга кўтарилди. Йилдан-йилга муборак ҳаж ва умра сафарларига бораётганлар сафи ортиб, улар учун яратилаётган шароитлар ҳам кенгаймокда. Президентимиз бугунги кунда дин хизматчилари, ибодатга бел боғлаган юртдошларимизни атрофдагиларга ўрнак бўлиш, ҳаётда қоқилган ёки адашганларни тўғри йулга бошлашга даъват этмоқда. Ана шундай мўмин-мусулмонлар ҳаж ибодатига бориши лозимлигини айтмокда.

Ҳаж инсоннинг умрида бир марта насиб бўлиши мумкин ўта масъулиятли, шарафли ибодатдир. Шунинг учун бу улуғ сафарни ният қилган юртдошларимиз ҳажнинг моҳиятини яхши тушуниб олишлари, ўзининг юксак маънавияти, маданияти, маърифати, эзгу амаллари билан атрофдагиларга ибрат ва кўмакчи бўлиши динимиз талабидир.

 

Азимжон АЛИМЖОНОВ

Бўка туманидаги "Қодирхон Махсум" жоме масжиди имом-хатиби

5114 марта ўқилди

Мақолалар

Top