Мақолалар

Одамлар, ҳо одамлар!
Боғда битган бодомлар.
Эшитмадим, -деманглар,
Келди ҳавасли дамлар.

Шаҳримиз Ғиждувонда,
Шул Хожаи Жаҳонда,
Беллашурлар қорилар,
Синов – илми Қуръонда.

Мужаввидми, мураттаб,
Ҳар бири бизга мактаб.
Беш туман вакилига
Бугун дастлабки этап.

Тинглаймиз барин бир-бир,
Ким билимдон, ким абжир.
Қироат кимда гўзал,
Кимда хос тажвид, тафсир.

Кураш бўлар басма-бас,
Ўнгимиз бу, - туш эмас.
Майдонга етаклаган,
Ҳаққ Каломига ҳавас.

Сараланар ғолиблар,
Қори, илм толиблар,
Вилоятга йўл олар,
Пешволикка хотиблар.

Оққан дарё, - оқади,
Омад кимга боқади.
Мўминлар кўз олдида,-
Ғолиблар тож тоқади.

Барчасига тасанно!
Мағлубликда йўқ маъно.
Ажрда барча тенгдур,
Асосий ҳакам – Мавло.

Ким бу кун ташаббускор,
Ҳомий, ё яловбардор,
Раҳмат ила сийласин,
Буюк Зот Парвардигор!

Минглаб қориларга кон,
Эди азал бу макон.
Шукрона сўйлар тиллар,
Яна тикланди имкон.

Белни боғла мард ўғлон,
Бўлмаган шундай замон.
Ҳақ Каломин улуғла,-
Курашавер бегумон.

Изидан қайтмас йўлбарс,
Ҳар беллашув бўлсин дарс.
Мутлоқ ғолибликкача,-
Масофа олис эмас.

Довон ошсанг пешма-кеш,
Натижалар бўлади беш.
Омад тилар ғолибга
Тошканду, Самарқанд, Кеш.

Сенга қилишар ҳавас,
Мардларча келгансан бас.
Қуръонни ёд ол буткул,
У табаррук, муқаддас.

Давлатхон ҳожи.
Бухоро.
20. 01. 2018

6691 марта ўқилди

Мақолалар

Top