Мақолалар

Нафл садақасидан ҳам яхшироқ юмуш

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бола тарбиясига жиддий эътибор қаратиши лозимлиги ҳақида жуда кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. У зот алайҳиссалом марҳамат қилиб айтадилар: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдорда қилган нафл садақасидан яхшироқдир”.

Ёшларимиз тарбиясида илмнинг аҳамиятини янада кенгроқ тушунтириш, фарзандларимизни дунёдаги ягона нажот – илму маърифатга, касб-ҳунарга тарғиб этиш энг муҳим вазифаларимиздан биридир. Муҳтарам Юртбошимиз айтганидек,  “Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси, авваламбор, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган,  Ватанимиз тақдири ва истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ёш кадрлар сафини кенгайтиришга бевосита боғлиқ”.

Ёшлар тарбиясига оид эзгу саъй-ҳаракатлар замирида тинч ва осуда ҳаётимизни асраб-авайлаш, хотиржамлигимизни қадрлашдек улуғ мақсад-муддаолар мужассам. Шунинг учун ҳам бу борада бефарқ ва лоқайд бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Ривоят қилинишича, мўминлар амири Ҳорун ар-Рашиднинг ўғли Маъмун (кейинчалик у ҳам тахтга ўтирган) ёшлигида устози Кисоийдан Қуръон ўрганарди. Зеҳни жуда ўткир, зукко бола эди. Дарс қилаётиб, мабодо Қуръондаги бирон оятни хато ўқиса, устози бошини кўтариб, Маъмунга қараб қўяр, у ўша оятни қайтадан тўғрилаб ўқирди. Бир куни «Софф» сурасини қироат қила бошлади. Суранинг «Эй иймон келтирганлар! Нима учун қилмайдиган ишларингизни гапирасизлар?!» мазмундаги иккинчи оятини ўқиганида устоз Кисоий бошини кўтариб, бир қараб қўйди. Маъмун, одатига кўра, хато ўқидиммикан деб оятни яна такрорлади, ҳеч қандай хатога йўл қўймаганини билди. Лекин устозига бирон нарса демади. Дарс тугагач, уйига бориб отасидан сўради:

– Эй мўминлар амири! Сиз устозим Кисоийга бирон нарса ваъда қилганмидингиз?

– Ҳа, унга ваъда бергандим, лекин ҳали бажарганим йўқ. Нима, у сенга бирон нарса дедими? – деди Ҳорун ар-Рашид.

Маъмун ўша оятни ўқиётганида устози бир қараб қўйганини айтди. Ҳорун ўғлининг кичик бўлишига қарамай, оқил, зукко эканидан хурсанд бўлди, ваъдасини тезда бажаришни дилига тугиб қўйди.

Қуръони карим ахлоқ-одоб, инсоний тарбия китоби ҳамдир. Ҳозирги маънавий, руҳий тарбияга катта эътибор бериб турилган бир пайтда бу нарса катта аҳамият касб этади. Ёшларни ота-онага, ўзидан катталарга ҳурмат-эҳтиромли, муҳтож кишиларга меҳр-шафқатли, одоб-ахлоқли, жамиятга фойдали кишилар бўлиш руҳида тарбиялашда ҳам Қуръон муҳим ўрин тутади. Демак, фарзандларни ёшлик чоғларидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориш лозим бўлади.

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, Президентимиз ташаббуси билан ўлкамизнинг туман-шаҳарларида Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримни ўз қалбларига жо қилган қори ва қориялар мусобақалари кенг миқёсда бўлиб ўтмоқда.

Донолар айтганларидек, «Тарбия бир нарсани бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўтказа бориб, батамомлик нуқтасига етказишдир. Тарбиянинг маъноларидан бири, инсоннинг диний, фикрий ва ахлоқий қувватларини уйғунлик ҳамда мувозанат ила ўстиришдир».

Ҳақиқатан,  ёш авлодни  турли фитналарнинг ортида қандайдир кучлар турганига теран кўз билан қараш, огоҳ ва сергак қилиб тарбиялашимиз лозим. Инсон ҳар қандай кучларнинг фитналарига алданмаслиги ва ниҳоятда ҳушёр бўлиши кераклиги ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин киши зийрак, ҳушёр ва оқил бўлади”, деган ҳадислари моҳиятини умримиз давомида чуқур тушуниб боришимиз керак. Зеро, фарзандларимизни илму фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам қизиқиш пайдо қилиб, ўқитиб-ўргатиб зиёли, ватанпарвар қилиб тарбияласак,  албатта, улар жамиятда ўзи, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар бўлиб етишадилар.

Раҳматилло МАДАМИНОВ,

Қўштепа тумани “Эшонгузар” масжиди имом ноиби

ЎМИ Матбуот хизмати

3501 марта ўқилди

Мақолалар

Top