Мақолалар

Боланинг бўш вақти – шайтоннинг иш вақти

Адашмасам, йигирма йилча бурун телевидениеда ёзуви Шароф Бошбеков билан бир суҳбат бўлган эди. Ўшанда журналист қиз ёзувчидан: “Қандай аёлларни ёқтирасиз?” деб савол берган эди. (Саволнинг даҳшатлигини қаранг, аёл кишида, барибир).  Бунинг-ку, савияси маълум бўлди, қани ёзувчи нима деб жавоб қилар экан, деб турган эдик, Шароф ака: “Мен юкли аёлларни яхши кўраман, чунки улар янги авлодни дунёга келтиради”, деб жавоб берди. Жавобни эшитиб ёзувчининг ҳозиржавоблигига қойил қолдик ва ўшанда юкли аёлларни ҳамма яхши кўриб, эъзозлаши ёдимизга келиб қолди. Негаки, юкли аёл миллатнинг давомчисини дунёга келтириш учун ўзи нариги дунё остонасига бир бориб келишини билади ва фарзандини соғ-саломат қўлига олиши учун шунга жасорат этади. Нозиккина жуссага бундан ортиқ қаҳрамонлик бўлиши мумкинми?

Ана шу мурғак жонни тўққиз ой жисмида кўтариб юриб ҳомиладорлик азобларини мамнуният ила ўтказган, фарзанди дунёга келар чоқда икки дунё орасида туришга рози бўлган; этидан эт, кўзидан нур, қалбидан қур... бериб бир фарзандни дунёга келтирган фидокор она, чақалоғини бағрига босиб, юзини тимдалаган қўлчаларидан ўпиб турган бахтиёр она, фарзанди эндигина тетапоя бўлганда оёқчаларини кўзга сурган муштипар она – ана шу кўзининг қувончи улғайгандан кейин, мана шу қўллари билан муштлаб уришини, оёқлари билан қарсиллатиб тепишини тасаввур қила оладими?..

Одамнинг ота-онасидан кейинги энг меҳрибони опаси бўлади. Онаси билан опасига полвонлик қилган бешариқлик йигитча туғилган чоқда ҳаммадан кўп ана шу опаизори севинган. Бешигини тебратган, ҳўл қилиб қўйган иштончаларини ювган, нозиккина жуссасида аввал кўтариб, кейин етаклаб ўйнатган, овқатини едирган... Чунки шу мушфиқа опа менинг ҳам энди укам бор, у бир паҳлавон йигит бўлади, менинг ҳимоячим, суянган тоғим, арслоним бўлади, деб қанчалар севинган...

Яна бу воқеа қаерда бўляпти денг, илму ижоднинг, юксак одоб-ахлоқнинг макони саналган – Фарғонада. Дину диёнатдан йироқ, таълим-тарбияси ҳам ўзига яраша, аллақандай манзилда шундай ҳодиса юз берса-ку, астағфируллоҳ, Аллоҳ ундайларнинг юзини тескари қилсин, деб ёқангизга туфлаб қўярсиз, аммо бизнинг мумтоз тарбия маконимизда бўлгандан кейин ҳар қандай одамнинг ақли шошиб, нима дейишни билмай қолар экан. Ахир бизнинг на диний, на миллий тарбиямиз онага, опага қаттиқроқ гапиришни ёқламайди.

Бинобарин, динимиз таълимотига асосланган миллий тарбиямизда  “Жаннат оналар оёғи” остида экани айтилади.

Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “Бир киши Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, менинг чиройли муомала қилишим учун инсонларнинг қайси бири ҳақлироқ?» деганида, у зот: «Онанг», дедилар. «Кейин ким?» деди. «Онанг», дедилар. «Кейин ким?» деди. «Онанг», дедилар. «Кейин ким?» деди. «Отанг», дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Ҳадиси шарифда чиройли муомала қилиш ҳақида савол бериляпти. Набий алайҳиссалом чиройли муомалани аввало онага қилиш ҳақида насиҳат қиляптилар. Бу тавсия фитратида чиройли муомаласи бор одамларга дахлдор. Аммо хулқида чиройли муомаласи бўлмаган одамлар-чи, на онанинг, на отанинг, на опа-сингилнинг ҳақини билмайдиган қалби қашшоқ кимсалар нима қилсин! Уларнинг онгида болалигидан ана шундай фазилат шакллантирилмаган бўлса, нима қилади! Исо алайҳиссалом айтганидек, у ҳам ўзида борини беради-да:  белкўракни кўтариб гоҳ онасини, гоҳ опасини қувлаб тўғри келган жойига уриб майиб қилади...

Бундай кўрнамаклар қайдан чиқаяпти, кимнинг тарбиясини олаяпти улар. Президентимиз таъбири билан айтганда, боланинг бўш вақти – душманнинг иш вақти. Болалигидан дину диёнатни ўрганмаган ўсмир ҳар жойда саёқ юриб бошвоқлардан ошно-улфатлар орттиради, ичкиликка ружу қўяди; ижтимоий тармоқлардан нияти бузуқ кимсаларни топиб олиб аста-секин уларнинг таъсирига тушиб боради; телевидениеда узлуксиз намойиш этиладиган ўзга миллатлар сериалларидаги отасининг ёқасидан тутиб унга бақирадиган тажанг персонажларга тақлид қилади. Шунинг учун ҳам буюк зотлар Аллоҳ таолога “Ўз ҳолимга ташлаб қўйма!” деб муножот қилган ва бизга ҳам шуни ўргатган.

Улуғларимиз ота-онанинг фарзанди билан эҳтиёт бўлиб гаплашиб бошлагани ўша фарзанднинг оқ бўлиб бошлаганидан дарак беришини айтганлар.

Шундан хулоса қиладиган бўлсак, жабрдийда она ва опа ҳозир шифокорлар назоратида, уларнинг яраси-ку битиб кетар, бироқ эндигина 21 ёшга тўлган, бутун ҳаёти ҳали олдинда бўлган; ҳам онасига, ҳам опасига оқ бўлган ана шу йигитчанинг аҳволи нима кечади... шуни ўйлаб ачинади одам.

Дамин Жумақул

ЎМИ Матбуот хизмати

 

4814 марта ўқилди

Мақолалар

Top