Мақолалар

Вилоят Бош имоми билан самимий суҳбат: қалбнинг ободлиги –  Қуръон тиловатида

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти Бош имом-хатиби Турсунтоҳир домла Эрбўтаев билан суҳбат.

Ассалому алайкум, домла! Маълумки, инсон зоти моддий эҳтиёжлар билан бирга маънавий озуқага ҳам ташна бўлади. “Тарбия таълимдан устун туради, чунки инсонни вояга етказадиган нарса тарбиядир” дея таърифлаган экан файласуфлардан бири. Фурсатдан фойдаланиб, тарбия ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашсангиз.

 – Имом Байзовий «тарбия»ни қуйидагича таърифлайди: «Тарбия бир нарсани аста-секин камолига етказишдир». Фарзанд ёшгина ниҳол шуни секин-асталик билан ота-она камолотга етказдириб, мева берадиган дарахтга айлантириб қўйишлиги керак ва ана ундан кейин унинг мевасидан, унинг самарасидан, ҳосилидан фойда кўради, манфаатдор бўлади. Агар фарзандни, яъни ёш ниҳолни ўз ҳолатига қўйиб қўйса, ёввойи ўтлар атрофини ўраб, унинг куч-қувватини сўриб олади ва унга ёввойилиги таъсир қилади, бориб-бориб энг зўр ҳосил бериши керак бўлган ниҳол, келажакда ёввойи, ҳеч қандай ҳосил бермайдиган, соядан бошқа нарсага ярамайдиган бир дарахтга айланади. Соя эса оддий кўланкада ҳам бўлаверади».

“Юртимиздан дунё илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар етишиб чиққан. Ёшларимизни уларга муносиб маърифатли, илмли қилиб тарбиялашимиз лозим”, – дея таъкидлаган эди Президентимиз Шавкат Мирзиёев.

Бугун фарзандларимиз таълим-тарбияси, уларни шиддат билан бошланган ислоҳотларга камарбаста, миллий ва умуминсоний қадриятларга эҳтиром руҳида камол топтириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Инсоннинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли ва албатта бахтли, бўлишининг муҳим омили – илмга эътиборлиги билан албатта. Зеро, тарбия ҳам илм билан юксалишини асло унутмаслик лозим.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Самарқандда – Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёда – Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактаблари  ташкил этилди. Мазкур илмий мактабларни ташкил этилиш замирида ҳам ёшларимизни таълим-тарбияси юксалтириш, уларни ватанга садоқат, аждодларимизга муносиб ворис сифатида улғайтириш мақсад қилинган.

– Дарҳақиқат, ҳозирда юртимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам катта ўзгариш ва ислоҳотлар амалга оширилаётганига ишора қилиб ўтдингиз. Айни вақтда муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан Қуръони карим мусобақаси кенг кўламда ўтказилмоқда. Мазкур жараёнларнинг фарзандларимиз тарбиясига аҳамияти ҳақида айтиб ўтсангиз?

“Илм  талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслимага фарздир” дейилади ҳадиси шарифда. Фарзандларимиз  олтиндан ҳам қимматли вақтларидан ҳар томонлама унумли фойдаланишлари жуда ҳам муҳимдир, зеро бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз, Қуръонни ўрганиб, уни ўргатадиганларингиздир”  (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳга шукрлар бўлсинким, Юртимизда ҳам муҳтарам Президентмизнинг юксак ташаббуслари билан ўлкамизнинг туман-шаҳарларида Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримни ўз қалбларига жо қилган қори ва қориялар мусобақалари кенг миқёсда бўлиб ўтмоқда. Яратган Парвардигорга беҳисоб шукрки, мана шундай инсонлар бизнинг ўлкамизда ҳали жуда ҳам кўп экан.

Президентимизнинг Қуръон мусобақасини ўтказишга катта ташаббус кўрсатиб: “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар, Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади”, – деб алоҳида таъкидладилар.

Қуръонни ёдлаш, бошқа илмларни ҳам ўзлаштиришга ёрдам беради. Қуръон – нурдир. Уни ёдлаган кишининг қалби мунаввар бўлади. Қалбнинг ободлиги имон-эътиқод ва Қуръон тиловати билан бўлади.

Имом Бухорийнинг замонларида беш ёшли болалар ёппасига Қуръонни ёзиб, ўқий олиш малакасига эга бўлган. Имом Бухорий, Ибн Сино, Беруний, Навоий каби алломаларимизнинг ҳаммалари 10 ёш атрофида ҳофизи Қуръон бўлишган. Улар ўз асарларини араб тилида ёзганлар. Имом Замахшарийдек бобокалонларимизнинг араб тили ва балоғатида ёзган асарларини ҳозиргача арабу ажам ўқиб, ўрганмоқда. Зотан, улуғ аждодларимиз айнан шундай йўл тутганлар. Биз ҳам боболаримиз маёғини маҳкам тута олсаккина авлодларимиздан яна бухорийлар, насафийлар етишиб чиқиши мумкин.

Аллоҳ таоло барчамизга фарзандларимизни чиройли тарбия қилишимизни ҳамда зурриётларимизни эл-юрт корига ярайдиган комил инсонлар бўлиб етишишларини насиб этсин!

Раҳматуллоҳ Жалилов

суҳбатлашди

ЎМИ Матбуот хизмати

4323 марта ўқилди

Мақолалар

Top