Мақолалар

Савол: Ота ёки она болаларидан бирини бошқа фарзандларидан ҳадя ёки шунга ўхшаш нарса бериш билан устун қўйиши мумкинми?

Жавоб: Фарзандлар ўзаро меҳрли, муҳаббатли, садоқатли бўлишлари учун тарбия чоғида улар ўртасида адолат ва тенликка имкон қадар риоя этиш талаб этилади. Нўъмон ибн Баширдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Нўъмонга отаси бир ғулом ҳадя қилди. Онаси: “Сен ўғлимга берган нарсангга Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) гувоҳ қилмагунингча бу ишинга рози бўлмайман”, деди. Ота ўғлининг қўлидан етаклаб Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом) ҳузурларига борди. У пайтларда ўғли ҳали кичкина болакай эди. Бориб: “Эй Расулуллоҳ, бу боланинг онаси бинт Равоҳа бу ўғлига ҳадя беришим учун сизни гувоҳ қилишимни талаб қилаяпти”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга: “Эй Башир, сени бундан бошқа боланг борми”, дедилар. У: “Ҳа”, деди. У зот: “Уларнинг ҳаммасига шундай ҳадя берасанми?”, дедилар. У: “Йўқ”, деди. У зот: “Бу дуруст эмас, бу ишингга мендан бошқани гувоҳ қил, мен зулмга, гуноҳга гувоҳ бўлмайман. Аллоҳдан қўрқинглар, фарзандларингиз ўртасида адолат қилинглар, улар сенга бир хилда яхшилик қилишлари сени хурсанд этмайдими?”, дедилар. У: “Ҳа”, деди. У зот: “Мен гувоҳлик бермайман дедилар».

Имом Нававий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: “Болаларидан бирини бошқасидан устун кўриш, фақат Шофиъий, Молик ва Абу Ҳанифа наздида макруҳ”, дейишган.

Товус, Урва, Мужоҳид, Саврий, Аҳмад, Исҳоқ ва Довуд бу иш ҳаром дейишган. Улар Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Мен зулмга, гуноҳга гувоҳ бўлмайман” деган сўзларини далил қилишган. Шофиъий ва у киши билан ҳамфикр бўлганлар эса “Бу ишинга мендан бошқани гувоҳ қил” деганларини далил қилишган. Улар айтишади, агар бу иш ҳаром ёки ботил бўлганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу гапни айтмаган бўлар эдилар.

Фарзандларидан бири касал бўлса, ёки қарздор бўлиб, қарзини ёлғиз ўзи тўлай олмаса, бошқаларига бермай унга ҳадя ёки ёрдам бериш жоиз бўлади.

“Сўраган эдингиз...” китобидан олинди.

ЎМИ Матбуот хизмати

4393 марта ўқилди

Мақолалар

Top