Мақолалар

Донишманд маслаҳати: гуноҳлардан халос бўлишни хоҳлайсизми?

 Бир одам донишманднинг ҳузурига келиб:

- Гуноҳларим кўп. Улардан қандай қутулсам бўлади? Ичкилик ичишдан, ёлғон сўзлашдан ва зинодан нима қилсам халос бўламан? Бу гуноҳлардан қандай қутуламан? – деб гуноҳларини афсус ила эътироф этди. Шунда донишманд:

- Ёлғон сўзлама! – деди. Яьни, гуноҳкор одамга ўз гуноҳларидан қутилиши учун ёлғон сўзламасликни буюрди.

- Бугундан бошлаб энди сира ёлғон сўзламайман, сизга ваъда бераман, – деб, у зотнинг ҳузуридан чиқиб кетди.

“Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас”, деганларидек, бояги одам яна аввалгидек гуноҳ ишлар қилишни истарди, аммо шунда ҳам, “Ёлғон сўзламаслик учун сўз бердим, сўзимда туришим лозим”, – дер эди. Ва ниҳоят ёлғонни тарк этган бу одам гуноҳ ишларга йўламайдиган бўлди. У билан бирга гуноҳ ишлар қилиб юрган дўстлари бундан ҳайратланиб, қандай қилиб гуноҳ ишларни тарк этганлиги ҳақида сўрашди. Шунда уларга бундай жавоб берди:

- Мен донишмандга ёлғон сўзламасликка сўз бердим, берган ваъдамга амал килдим, натижада Яратганнинг марҳати ила ичкиликдан ҳам, зинодан ҳам, ёлғон сўзлашликдан ҳам қутилдим.

Дарҳақиқат, ёлғон барча ёмонликларнинг бошидир. Ҳар бир гуноҳда, ҳар бир ёмонликда бир ёлғон бор. Ёлғон мунофиқликнинг белгисидир. Ёлғон инсонни жаҳаннамга олиб боради. Ёлғондек инсон юзини қорайтирадиган, беобрў қиладиган, одамларнинг ишончини йўқотадиган ёмон амал йўқ.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

 

 

4094 марта ўқилди

Мақолалар

Top