Мақолалар

Муносабат:  Аёлни эъзозлаш – Одам атодан мерос

Жамиятимизда аёлларга эътибор истиқлол йилларида ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ бўлмоқда. Зотан, динимиз аёлни ҳурликка чиқарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифида “Жаннат оналар оёғи остидадур”, дея умматларига аёл зотининг мартабаси қанчалик баланд эканини ўргатдилар.

Аёлларга меҳрибонлик қилиш, уларга шафқат кўрсатиш, аслида  инсониятга Одам алайҳиссаломдан мерос эди.

Ривоят қилишларича, Шайтони лаъин Момо Ҳаввони ёлғон-яшиқлари билан авраб Аллоҳ таоло тақиқлаган мевани ейишга кўндирганда, ёлғон дегани нима эканини билмаган содда аёл Иблисни рост гапиряпти деб ўйлаб ўша мевадан ебди. Кейин Одам алайҳиссаломнинг олдига борибди-да унга: “Анави мевадан емасак жаннатдан чиқарилар эканмиз, шунинг учун мен ундан едим”, дебди. Одам алайҳиссалом уни Иблис алдаганини билибди, тақиқланган мевадан еб қўйганидан изтиробга тушибди: энди Ҳаввонинг жаннатдан чиқарилиши аниқ. Аммо у бўлмаса ўзи қандай яшайди. Буниси ҳам майли, бир амаллаб кунини ўтказар. Бироқ жаннатдан қувилиши муқаррар бўлган Ҳаввонинг аҳволи нима кечади. Уни ким ҳимоя қилади? Ким далда бўлади? Ким меҳрибончилик қилади? У менинг жуфти ҳалолим, нима азоб бўлса бирга тортамиз, албатта, ҳар қандай шароитда ҳам менинг унинг ёнида бўлишим керак, деб ўйлаган Одам алайҳиссалом ҳам ўша мевадан ейишга мажбур бўлибди.

Айтишларича, ўша мева буғдой экан. У шундай буғдой эканки, инсоннинг нафси нимани хуш кўрса ўша нарса бўлиб кўринар эмиш...

Яна бир ривоятда айтадиларки, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг дуосини мустажоб қилиб, Момо Ҳаввони унинг юрагига ва қалбига яқин бўлган чап қовурғасидан яратди. Жаннатда инсон зотидан фақат иккаласи бор – бир эркак ва бир аёл. Аммо Момо Ҳавво ҳар тонгда сездирмасдан Одам алайҳиссаломнинг қовурғасини санаб чиқар экан.

Одам алайҳиссалом Момо Ҳаввонинг жаннатдан туширилишига томошабин бўлиб туриб, Аллоҳ таолого илтижо қилса, унинг ўрнига яна бир аёлни яратмасмиди?!

Аммо бундай қилишга Одам алайҳиссаломнинг ҳамияти йўл қўймади. У заифа аёлни ўз ҳолига ташлаб қўя олмас эди. Буни виждони қабул қилмасди. 

Ҳосили калом, Одам алайҳиссалом жуфти билан ерга тушди ва унга яхши муносабатда бўлди, У олим эди, жуфтига ҳам ўзининг билганларини ўргатди ва Ҳавво ҳам олима бўлди. Шу боисдан ер юзида Одамнинг авлодлари тез кўпайди ва барча махлуқотнинг шарифи деган номга муносиб эканини намоён этди.

Шу тариқа, ҳар қандай шароитда аёлга чиройли муносабатда бўлиш Одам авлодларига мерос бўлди.

Кўҳна тарихни ўша даврлардан бошлаб саҳифаласангиз, қайси жамиятда аёлларнинг муносиб ўрни бўлган эса ўша жамиятда юксалиш бўлган. Айнан шунинг учун ҳам республикамизда хотин аёл-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш масаласига давлат аҳамиятига молик сиёсий масала сифатида ёндашилмоқда.

Бош Қомусимизнинг 46-моддасида “Хотин – қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар” деб таъкидланишининг ўзиёқ аёлларга қанчалик катта эътибор қаратилаётганини намоён этади.

Бинобарин, оила – жамият пойдевори бўлса, аёл – оиланинг асосидир. Аёл борлиги учун оилада шоду хуррамлик, озодалигу ораситалик, кўнгил хотиржамлиги бўлади.  Мамлакатимизнинг сиёсий ҳаётида, давлат ва жамият бошқарувида, иқтисодиётимиз тармоқларида, маданият, илму фан, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, спорт каби ижтимоий соҳаларда аёлларимизнинг роли ортиб бораётганига барчамиз гувоҳмиз.

Аммо кейинги вақтларда юз берган бир неча нохушликлар, аёлларнинг ҳуқуқбузарликларга, жиноий ишларга аралашиб қолаётгани, ҳатто қотиллик қилишгача бораётгани жамиятимиздаги аёлларнинг ҳаммасининг ҳам ҳуқуқий маданияти, диний саводхонлиги етарлича шаклланмаганини, уларнинг маънавий-маърифий савиясида ҳам бир оз кемтикликлар борлигини, бу борада ҳали қилиниши керак бўлган кўп ишлар мавжудлигини кўрсатди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ана шу мауммолар ечимига қаратилган.

Президент фармонида жойларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларни ўз вақтида аниқлаш, улар билан якка тартибда ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб бориш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш;

хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, улар ўртасида оилавий ва хусусий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалий чораларни амалга ошириш;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасини самарали ташкил этиш, шу жумладан, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш;

2018 йилнинг 1 апрелидан фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига тегишли штат бирликларини туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталари тузилмасига ўтказган ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартибини сақлаган ҳолда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилиши, бундай мутахассислар ҳар бир маҳаллада биттадан, оилалар сони 2000 тадан кўп бўлган маҳаллаларда иккитадан жорий этилиши кўзда тутилган.

Фармонга ушбу бандларнинг киритилиши аёл-қизларнинг муаммоларини жиддий ўрганишни вазифа қилиб қўяди. Айниқса, хотин-қизлар билан яқин муносабатда бўлиб, уларга маънавий-ахлоқий қадриятлар туйғусини мустаҳкамлаш масаласи Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Хотин-қизлар билан ишлаш бўлими ва жойлардаги вакилликларнинг  айни вазифадаги мутахассислари ҳамда отинойилар зиммасига масъулиятли вазифа юклайди.

ЎМИ Матбуот хизмати

6398 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top