Мақолалар

“Киши молини ема сирот узра тутаро...”

Аллоҳ таоло Мулк сурасининг 2-оятида бундай дейди: “(Эй инсонлар) у қай бирингизнинг амалларингиз яхшироқ эканини синаш учун ўлим ва ҳаётни яратди. У қудратли ва кечирувчидир”.

Бутун олам ва барча махлуқотлар қаторида инсон зотини ҳам Аллоҳ таоло турлича қилиб жисмини, миллатини, ирқини бошқа-бошқа қилиб яратди. Уларни ризқлантиришда ҳам молу дунёлар билан таъминлашда ҳам ҳар хил қилди. Бировни бойлик бериб синаса бировни йўқчилик билан синайди.

Ислом динида кучлиларни ожизларга, бойларни камбағалларга ёрдам беришда чақиради. Жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қиладилар: “Кимки бирорта мусулмонни дунё ташвишларидан қутқарса Аллоҳ таоло у бандани қиёмат кунидаги битта ташвишидан қутқаради...” (Имом Муслим, Абу Довуд ва Табароний).

Ҳаёт бамисоли пасту баландликдан иборат йўлга ўхшайди. Гоҳида бировнинг ёрдамига муҳтож бўлинади. Қарз олишга мажбур бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Аллоҳга чиройли қарз берадиган (унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши бормики унга бир неча баробар кўп қилиб қайтарса. (Бақара, 245)

Бу оятда муҳтож бўлган кишиларга беғараз ва беминнат ўз мол-мулкини, маблағини сарф қилиши “Аллоҳга қарз” деб аталмоқда. Ислом динида садақа бергандан кўра қарз берганнинг савоби кўпроқ. Чунки садақа ва эҳсонлар ҳар кимга ҳам берилиши мумкин. Лекин қарз фақат муҳтожларга берилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар “Жаннатга кирдим ва унинг эшигига садақа ўн (баробар савоб) билан, қарз ўн саккиз (баробар савоб) билан (мукофотланади)” деган ёзувни кўрдим... (Табароний ривояти)

Қарз берувчи муҳтож кишига очиқ юзли юмшоқ кўнгилли бўлишлиги керак бўлса ўз навбатида ҳожатини битириб , мушкулини осон қилган одамга қарздор хам ваъдага имкон қадар вафо қилишлиги лозим.

Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Ким бировдан қайтариб бериш ниятида қарз олса, Аллоҳ уни қарзини узишига ёрдам беради Ким молига талофот етказиш учун олса, Аллоҳ унинг ўзига талофат етказади”.

Шунинг учун қарзни ўзишга қодир бўлиб уни адо қилмаса, гуноҳкор бўларкан. Ислом динида энг савобли амаллардан бири дин учун, ватан ҳимояси учун шаҳид бўлишдир. Ҳаттоки шаҳид бўлган инсон қиёмат куни хисоб ва сўроқ қилинмайди. Аммо бировнинг ҳақи зиммасида бўлса шуни ҳисоби қилинади. Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар. “Шаҳиднинг қарздан бошқа ҳамма гуноҳлари кечирилади”  (Имом Муслим ривояти).

Қаранг, бировнинг ҳақи шаҳиддан ўтилмас экан, албатта, бошқалардан ҳам кечилмайди!

Шунинг учун ҳам халқимизда марҳумнинг жанозасини ўқишдан олдин унинг адо қилинмай қолган қарзи бўлса ўз зиммасига олувчи борми? деб сўралади. Бунинг сабаби марҳумнинг руҳи бу дунёдаги қарзига боғланган ва уни адо қилмагунича ором топмас экан. Ҳозирги кунда энг долзарб бўлган масалалардан бири электр энергияси, газ ва сувга ўхшаш кундалик эҳтиёжимиз учун фойдаланиладиган неъматларнинг тўловини вақтида қилмасдан қарздор бўлиш ҳам мусулмончилик одобига хос бўлмаган ишлардандир. Бу дунёда адо қилинмаган қарзлар учун қиёматда номаи аъмолидаги савобли амалларидан олиб берилади. Бу дунё –охиратнинг экинзори. Имкон қадар савобли амалларни кўп қилишлик зиммамиздаги ҳақларни қарзларни адо қилиб яшашимиз зарур.

Бу дунё беш кунлик дейилади. Таъбир жоиз бўлса, аслида бу дунё уч кунлик: кечаги кунимиз ўтиб кетди; эртанги кунимизни Аллоҳ насиб қиладими, йўқми, билмаймиз; энг муҳими, бугунги кунимиздир. Қанча яхшилик бўлса шу бугун қилиб қолайлик, бировларнинг кечаги ва бугунги хақларини бугун адо қилайлик. Токи умримиз баракали, охиратимиз бехавотир бўлсин!

 

Отабек ЗАЙНИДДИНОВ,

Китоб тумани “Алақўйлиқ” жоме масжид имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

 

4391 марта ўқилди

Мақолалар

Top