Мақолалар

Савоб ишнинг мукофоти самимийликда

Аввало бизларга Истиқлол неъматини бериб, шу хотиржамлик юртида Рамазони шарифга етказган Зотга ҳамду санолар бўлсин.

Муҳтарам Юртбошимизнинг бу йилги Рамазонни муносиб тарзда кутиб олиш ҳақидаги қарорлари ҳамма мўмин-мусулмонлар қалбида эҳтиром уйғотди. Рамазон ойида рўза тутган ҳар қандай инсон, айниқса, ёзнинг узун ва иссиқ кунларида очлик ва ташналик нима эканини қалбан ҳис қилади. Дунёнинг баъзи минтақаларида озиқ-овқат муаммоси – очлик, баъзи жойларда ичимлик сувнинг танқислиги ёки бутунлай йўқлиги, баъзи уруш бўлаётган жойларда яшовчи одамларнинг ватанларидан мосуво бўлиб, дарбадар юрганлари бугун оммавий ахборот восталарида ёритиб борилмоқда. Беадад шукрлар бўлсинки, тинч-хотиржам, тўкинчилик замонда яшаяпмиз. Хотиржамлик билан рўзаларни тутяпмиз, кечасиги таровиҳ намозларини ҳам сакинат ва мамнуният билан адо қиляпмиз. Биздан фақат шукр қилиш ва бу неъматлар қадрини билиш, неъматларнинг бардавомлигига ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қилмоғимиз даркор.

Рўза тутиб ҳаётда бир неча кун ихтиёрий равишда очлик ва чанқоқлик нималигини қалбан ҳис қилиш доимий очликда яшовчи кишилар борлигини тафаккур қилишга чорлайди. Ён-атрофимизда ҳам кам таъминланганлар, узоқ вақт бир жойда ётган беморлар ва аҳолининг муҳтож қатламлари борлиги ҳам сир эмас. Ана шу каби шахсларнинг ҳолларидан хабардор бўлиб, эҳсон қўлимизни кенгроқ очишимиз тутган рўзамизнинг манфаатидан олган баҳрамиздир. Рўзада оч-ташна юриш инсонни ана шундай қатлам вакилларининг дардларини ҳис қилиб, уларнинг дардларига шерик бўлишга чорлайди.

Рамазон меҳр ва мурувват ойи. Шунинг учун кўпчилик закот берувчилар закотларини Рамазон ойида берадилар. Аввало, савоби кўп бўлади, иккинчидан эса, сахий қалблар меҳр-мурувватга тўлиб жўш урган бир вақт бўлади. Сахийликни жаннатдан ўсиб чиққан бир дарахтга ўхшатилади, бу дарахт эса шохини маҳкам ушлаган кишини албатта жаннатга олиб киради. Ҳар қандай савоб ишни қилмоқчи бўлган киши аввало самимийлик билан холис, бериё адо қилиши керак. Муқаддас динимизнинг асоси бўлган Қуръони каримда риё, миннат ва азият қилинган хайрли амалларнинг савобини кетказиши ҳақида хабарлар бор. Шунинг учун бу ойда қилинадиган ифторликлар ҳам оилавий тарзда ихчам, оила аъзоларига малол келмайдиган ҳолатда ўтказилиши мақсадга мувофиқдир. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, динимизда ота-онаси ёки бирор яқини вафот этганларга ифторлик қилиш мажбурияти юкланмаган. Шунингдек, янги қудаларни ҳам чақириб ифтор қилиш буюрилмаган. Лекин кўп ҳолатларда “Яқинда отам ёки онам вафот этган эди,” ёки “Янги қудаларни чақириб бир ифторлик қилиб берай,” каби “таклифлар” учрайди.

Динимизда бундай буйруқ йўқ. Балки кишининг энг яхши эҳсони ўз ота-онасига, оиласига қилган эҳсонидир. Шунай экан, келинг азизлар, савоби ювилиб кетадиган ишларга сарф-харажат қилгандан кўра савоби ортиқ бўладиган жойларга эҳсон қўлини чўзайлик. Шундай улуғ кунларда дабдабабозликдан, риёкорликдан, кимўзарга, номчиқаришга ифторлик ёки эҳсон қилишдан сақланиб, холис ният билан, ихлос билан, савоб умидида маҳаллалардаги камтаъминланган оилаларга, мурувват ва меҳрибонлик уйларига эҳсон қилсак, риёдан холи ва ажри кўп бўлади. Рамазонда қилинган бир нафл ибодатга фарзнинг савоби, фарзга эса, Рамазондан ташқаридаги етмиш фарзнинг савоби берилади. Лекин дабдаба билан қилинган эҳсоннинг савоби риёкорлик эвазига бутунлай ювилиб кетиши мумкин. Шунинг учун ҳам муқаддас динимизда дабдабабозлик ва риёкорликдан қайтарилган.
Рамазони шарифда бошлаган хайрли амалларимиз келаси Рамазонгача ҳам бардавом бўлишини насиб этсин!

А. Исақов. Қўқон шаҳар бош имом-хатиби

6570 марта ўқилди

Мақолалар

Top