Мақолалар

“Силаи раҳмни узувчи жаннатга кирмайди”

Динимизда қариндош-уруғларга эътиборли бўлиш, уларга меҳр-мурувват кўрсатиш ва чиройли муомала қилиш масалалари таъкидлаб буюрилган амаллардан бири ҳисобланади. Зеро, бу борада Оиша онамиз Пайғамбаримиздан соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб айтадилар: “Раҳм Раҳмоннинг исмидан олинган. Кимки силаи раҳм билан боғланса, Аллоҳ таоло ҳам у билан боғланади. Кимки силаи раҳмни узса, Аллоҳ  таоло ҳам у билан орасини узади” , дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадисга таянган ҳолда силаи раҳмнинг фойдаси ва уни тарк қилишнинг зарарини ақл тарозисига солиб кўрсак, қуйидаги манзара ҳосил бўлади. 

Силаи раҳм қилишнинг фойдалари:

силаи раҳм қилган киши Аллоҳ таоло ва унинг Расулининг буйруғига итоат этиши натижасида мислсиз ажрга эга бўлади;

силаи-раҳм қилган инсоннинг ризқи кенг бўлади ва яхши ном қозонади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ризқининг кенг бўлишини ва орқасидан яхши ном қолишини хоҳласа, силаи раҳм қилсин”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти);

силаи раҳм қилган инсон ажали орқага сурилишига, молу дунёси кўпайишига ва яқинлари яхши кўришига муваффақ бўлади. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Парвардигоридан қўрқса (яъни амалларида тақво қилса) ва силаи раҳм қилса, унинг ажали орқага сурилади, молу-дунёси кўпаяди, аҳллари уни яхши кўради”, деганлар (Имом Бухорий ривояти);

силаи раҳм қилган инсон дўзахдан узоқлашади, жаннатга яқинлашади. Пайғамбар алайҳиссаломдан бир аъробий: “Ё Расулаллоҳ менга жаннатни яқин, дўзахни узоқ қиладиган амални ўргатинг”, деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга ибодат қиласан, ширк келтирмайсан, намозларни ўқийсан, закот берасан ва силаи раҳм қиласан” дедилар (Имом Бухорий ривояти);

силаи раҳм қилган инсон умрининг узайишига, оиласининг файзу баракоти зиёда бўлишига эришади ва икки дунё саодатига мушарраф бўлади;

силаи раҳм қилган инсонда ўзгача файз, ўзгача руҳий хотиржамлик ва ҳаётга бўлган меҳри ҳам ўзгача бўлади.  

Силаи-раҳмни узишнинг салбий оқибатлари: 

силаи раҳмни узган инсон Аллоҳ таолонинг ва Расулининг қаҳрига йўлиқади;

силаи раҳмни узган одамнинг ризқида, касбу корида ва оиласидан барака кўтарилади;

силаи раҳмни узган одам жаннатга кирмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Силаи раҳмни узувчи жаннатга кирмайди” дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти);

силаи раҳмни узган одам рўшнолик кўрмайди ва бошига балолар орттиради. 

Кулайб ибн Манфаа бобоси Кулайб Ҳанафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “У киши: “Ё Расулаллоҳ, мен яхшиликни кимга қилишим керак”, деганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эканлар: “Онангга, отангга, опа-сингилларингга, ака-укаларингга ва яқин бўлган кишиларингга. Бу иш зарурий бурч ва узилмаслиги керак бўлган қариндошликдир” (Имом Бухорий ривояти).

Динимиз таълимотига амал қилмаётганимиз оқибатида бугун қариндош-уруғлар ўртасидаги алоқалар саёзлашиб, юзакилашиб бораётгани ва расмиятчиликка ўхшаб қолаётгани ҳатто силаи раҳм қўпол равишда бузилиш ҳоллари ҳам учраётгани кўзга ташланмоқда.  

Яқинда Тошкент шаҳридаги масжидларнинг бирига 50 ёшлардаги бир муштипар онанинг йиғлаб келиб имом-домлага арз-дод қилаётганига гувоҳ бўлиб даҳшатга тушдим. “Мен Учтепада яшайман. Не умидлар билан фарзандли бўлдим, ўғил кўрдим, хурсандчилигимнинг чеки-чегараси йўқ эди, бугун ўша хурсандчилигим саробга айланди. Ўғлим 19га кириб, ичиб келиб мени урадиган бўлди. Ўз уйимга сиғмай қолдим, домлажон, нима қилай? Маслаҳат беринг, дея муштипар она юм-юм йиғлайди.

Ушбу масалалардан хулоса чиқаришни ҳар бир ўқувчининг ўзига ҳавола қиламиз.  

Муҳаммадназар ҚАЮМОВ,

Тошкент шаҳар “Яккасарой” масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

4730 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Мавлоно Жалолиддин Румий Бамбук »

Мақолалар

Top