Мақолалар

Эй нафсим, қачонгача гуноҳ лойига ботасан?!.

Аллоҳ таоло инсонга бу имтиҳон дунёсида нафси билан курашиб, уни ёмон иллатлардан поклашни буюрган.

Ҳар бир туғилган инсон ёшлигида таълим-тарбия олиб, нафсини тўғри йўлга солмаса, нафси аммора даражасида қолиб кетади. Аммора (ёмонликка ундовчи) нафс, шак-шубҳасиз, инсонни ҳалокатга олиб боради. Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломдан ҳикоятан: «Нафсимни оқламайман. Зеро, нафс ёмонликка ундовчидир. Фақат Раббим раҳм қилганлар бундан мустаснодир. Албатта, Раббим кечиримли ва раҳмли зотдир» (Юсуф, 53), деб марҳамат қилади.

Инсон ибодат қилса, зикр билан қалбини жилоласа, нафсини жиловлай олади ва унинг нафси лаввома (ўзини маломат қилувчи) бўлади. У ўз хато ва камчиликларини англай бошлайди. Бу босқич комиллик сари қўйилган биринчи қадам. Аллоҳ таоло унинг номи билан қасам ичади: «…маломатчи нафс билан қасамёд этурман, (қиёмат куни қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинурсиз) (Қиёмат, 2).

Бунда нафс ўз-ўзига панду насиҳат қилиб, “Эй нафс, қачонгача гуноҳ лойига ботасан? Аллоҳнинг ҳузурига борганингда нима деб жавоб берасан?” деб койийди. Нафси инсофга келиб, ихлос ва муҳаббат билан амал қила бошлагач, учинчи босқич – мулҳимага (имкон қадар Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқларига бўйсунувчи) ўтади.

Натижада банда амалларни ихлос, завқ-шавқ билан қилиб, ором олади. Шундан кейин солиҳ банда тўртинчи босқич – нафси мутмаъиннага (чин бандалик лаззатини тотиб, хотиржам бўлган) ўтади.

«Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингиз, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)» (Раъд, 28).

Аллоҳ таоло зикри билан ором олган қалбда бошқа инсонларга нисбатан гина-кудурат, ҳасад, адоват, кўнгилқоралик, хушомадгўйлик бўлмайди. Истаги Аллоҳ таолонинг розилиги бўлади, комиллик даражасига кўтарилади ва бешинчи босқич – нафси розия-марзияга (Аллоҳ таолодан рози бўлган ва Унинг розилигини топган) ўтади.

«Эй хотиржам (сокин) жон! (Ато этилган неъматлардан) рози бўлган (Аллоҳдан) розилик топган ҳолингда, Раббинг (ҳузури)га қайт! Бас, (солиҳ) бандаларим (сафи)га қўшилгин ва жаннатимга кир!» (Фажр, 27–30).

Ибодат ва зикрлар билан ором олган нафс, Аллоҳ таоло берган неъматларга рози бўлади, ундан Аллоҳ таоло ҳам рози – “марзия” бандага айланади.

Пайғамбарларнинг нафслари нафси “софия”дир. Аллоҳ таоло барча солиҳ бандаларига нафси “марзия” босқичига етишни насиб этсин.

 

Мавжуда АБДУЛЛАЕВА,

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ислом ўрта-махсус билим юрти мударрисаси тайёрлади.

 

5460 марта ўқилди

Мақолалар

Top