Мақолалар

Шукрона: олимини эъзозлаган юрт – обод бўлур

Дунёда юксак мартабаларга эришган қайси зотнинг ҳаётига боқсангиз, бу мақомларга улар устозларига кўрсатган эҳтироми туфайли эришганига гувоҳ бўласиз. Масалан, Афлотуну Арастуга, уларнинг сафдошларига катта ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, уларнинг панду насиҳатларига амал қилмаганида Искандар Мақдунли дунёни забт эта олармиди? Ёки етти пирнинг хизматини қилиб, уларнинг насиҳатларига амал қилган, уларни ҳар доим дуоларда йўқлаб турган Амир Темур ана шу хизматларининг эвазига Соҳибқирон деган мартабага етишмадими? Албатта, йўқ!

Ҳа дарвоқе, Амир Темур бобомизнинг буюк мартабаларга эришишининг яна бир сабаби, у ўтган азизларнинг ҳам руҳларини шод қилишга саъй-ҳаракат қилиб яшаган. Хусусан, Занги ота мақбарасини қурдирган, Аҳмад Яссавий ҳазратлари мақбарасини бино қилиб, қирқ қулоқ баҳайбат қозон осдириб, унда етим-есирларга таом ҳозирлатган, у зотнинг невараси бўлган Сузук ота мақбарасини бунёд эттирган ва яна қанча улуғларнинг хотирасига қанчалар ҳурмат кўрсатганининг санаб адоғига етиш қийин.

Миллатимиз қуёши дея сифатланган ҳазрат Навоий “Лисон ут-тайр”, “Мажолис ун-нафоис” ва бошқа асарларида улуғ зотларни ниҳоятда катта эҳтиром билан тилга олган. Хусусан, у зот агар ихтиёри ўзида бўлганида Абдулла Ансорий ҳазратларининг қабрида жорубкашлик қилишини ҳам ёзганлар.

Ана шу гапни ўқиган киши Абдулло Ансорийнинг кимлигини билмаса ҳам Навоийдек зот шу сўзни айтибдими, демак, у ҳазилакам одам бўлмаган деган тасаввур ҳосил қилади.

Аждодларимиз улуғларимизга, олиму уламоларимизга ана шундай иззат-икром кўрсатиб, ўтган буюкларимиз хотирасини шод қилишини ўзларининг маънавий бурчи деб ҳисоблаганлар.

Афсуски, орада мустамлакага айланиб қолганимиз сабаб бўлиб тарбиямизнинг ана шу нуқтасида бир оз ўзгаришлар бўлгани ҳам рост.  

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев (Аллоҳ таоло ётган жойини обод қилсин) бир мақоласида: “Озарбайжонликларнинг қайси биридан шоирлари ҳақида сўрасангиз, “О, у буюк шоир”, дейди. Атайлаб ўртамиёнадан пастроқ шоирини сўрасангиз ҳам шундай жавоб беради. “Нега унақа қиласиз?” десангиз, “Устозларимиз шундай ўргатган”, деб жавоб беради”, деб ёзган эди.

Бу гапни эшитган ёзувчи нега биз шундай қилмаймиз... деб ҳолимизга ҳайрон бўлганди.

Яратганга шукрки, миллатимиз тарбиясининг ана шу фазилатини президентимизнинг ўзи ўрнак бўлиб қайтарди.  9 февраль куни Юртбошимиз марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари хотирасига шундай буюк эҳтиром кўрсатдики, бундан тўлқинланмаган одам қолмади.

Давлатимиз раҳбарининг бу ишида кўзга яққол ташланадиган иккита ҳикмат бор: биринчиси, Шайх ҳазратларининг “Айтинг! (Эй Муҳаммад), биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми...?!” (Зумар, 9) оятида таърифланганидек мартабасининг баландлиги; иккинчиси эса олимнинг мартабаси қанчалик баландлигини билиш учун ҳам илм керак. Зотан, “Зар қадрини заргар билади”, деб бежизга айтмаганлар. 

Имом Аҳмад, Табароний ва Ҳоким Уббода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кексаларимизни улуғламаган, кичикларимизга меҳрибон бўлмаган ва олимларимизни (ҳақини) билмаган менинг умматимдан эмас”, дедилар.

Ушбу ҳадисдан аён бўладики, Пайғамбар алайҳиссаломга муносиб уммат бўлиш учун олимларнинг ҳаққига ҳам риоя этмоғимиз лозим экан.

Олимнинг ҳаққига риоя этмоқ нима билан бўлади?

Ундан илм ўрганмоқ, ёзган китобларини ўқимоқ ва ўтиб кетганидан сўнг унинг хотирасига ҳурмат кўрсатмоқдир.

Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг шундай деганлари ривоят қилинади: "Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар, албатта, ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат у, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман".

Ўзи, аслида миллатнинг оёғидан тортиб ётган нарса улуғларини тиригида тан олмаслик, ўтганларидан сўнг ҳурмат кўрсатмасликдир. Қайсики миллат буюкларини улуғламаган, олимларини ардоқламаган бўлса, ўсиб-унмаган, равнақ топмаган. Буни тарих китобларида кўп ўқиганмиз. Қайси миллат юксак тараққиётни қўлга киритган  бўлса, аждодларининг руҳини шод қилиш, улар бошлаган ишларни муносиб тарзда давом эттириш орқали эришган.

Яратганга шукрки, халқимизнинг динимиз кўрсатмасига амал қилиб, ўтганларни фақат яхши хотиралар билан эслаш фазилати қайтаётир. Бунда шахсан Президентнинг ўзи ўрнак бўлаётир. Айниқса, олиму уламо, маърифатпарвар зотларнинг хотирасини ҳурмат қилиб уларнинг мақомига муносиб эҳтиром кўрсатилаётирки, бундан халқимизнинг ҳам кўнгли шод бўлмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

4651 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top