Мақолалар

Ёшларни тажовузкор ғоялардан асрайлик!

Ислом таълимотида юрти, халқи ва ватанига ҳамда ота-онасига хиёнат қилиш оғир гуноҳ саналади. Ислом дини, нафақат ўз ота-онаси, балки бегоналарга ҳам яхшилик қилишга буюради. Лекин айрим ёшлар орасида бузғунчи оқимларнинг тузоғига илиниб, гўё дин йўлида ҳижрат қиламан, жиҳодга бораман, деб ота-онасини норози қилиб, оиласини ташлаб, ҳалокат йўлига юрган, натижаси, мақсади пуч бўлган бузғунчи ғояларнинг тузоғига илиниб қолаётганганларни борлиги ачинарли ҳол.

Абдуллоҳ Ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган хадисда шундай дейилади: «Бир киши Набий (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)га юзланиб: “Ҳижрат ва жиҳод қилиш учун сизга байъат бераман. Бунинг савобини эса Аллоҳдан талаб қиламан” деганида У зот: “Отанангдан бирорталари ҳаётми?” – деб сўрадилар. У киши  “Ҳа, икковилари ҳам ҳаёт”,  – деди. Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи ва саллам): “Савобни Аллоҳдан талаб қиласанми”, – дедилар. У киши  Ҳа, ё Расулуллоҳ”, – деди. Шунда Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) “Унда отанангни ҳузурига бориб, уларга чиройли муомалада бўлгин, хизматларини қилгин”, – дедилар.

Бу ҳадиси шарифдан аён бўладики, фарзанд ўз гарданида бўлган вазифани, яъни, ота-онасининг хақини биринчи адо этиши лозим. Ислом таълимотида жаннат ота-она ризосида, дейилган. Ҳар бир фарзанд буни неъмат эканини билмоғи лозимдир.

Бугунги кунда кўпчилик аксарият ҳолларда “жиҳод” деганда фақат уруш, жангу жадал, қон тўкиш деган маъноларни тушуниб қолмоқда. Бу эса илмнинг асл моҳиятини тушунмаслик оқибатида келиб чиқаётган оқсоқ фикрлаш ва бузуқ ғоянинг гавдаланишидир. Бу ачинарли ҳол, албатта. Чунки ислом тарихи ва таълимотини чуқур ўрганган, соғлом фикрлаш қобилиятига эга киши бундай хулосага келмайди.

“Жиҳод” сўзи аслида “жидди жаҳд, яъни ғайрат қилиш, бор кучини ишга солиш маъноларини англатади. Дастлабки даврларда жиҳод деганда Исломни ҳимоя қилиш ва исломга қарши тажовуз қилувчилар билан курашиш тушунилган.

Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш, инсоннинг ўз ҳавои нафсини енгиши, илм ҳамда ҳунар эгаллаш учун жон жаҳди билан ҳаракат қилиши ҳам жиҳоддир.  Бу эса инсонинг ўз нафси ва шайтонга нисбатан очиқ бир урушидир.

“Жиҳод” сўзининг луғавий маъноси “уруш” маъносини англатмайди, аксинча, араб тилидаги “қитол” сўзи “уруш” деган маънони ифодалайди.

Дарҳақиқат, гўзал хулқ, тўғри ақида асосида тарбияланган, соғлом фикрлай оладиган фарзанд ҳаётда ақл-идрок билан иш тута олади. Имон эътиқодда собит туради, эркин ва мустақил фикрлай олади, ҳар хил алдовларга учмайди ҳамда ғаразли ташвиқотларга берилмайди. Демак, фарзанд ёшлигидан соғлом эътиқодли, билимли, одобли ва шижоатли бўлиб вояга етиши учун фойдали илм ва кўникмалар билан банд бўлишлари муҳим вазифадир.

Ислом динининг жаҳолатдан кўра каттароқ, қўрқинчлироқ душмани йўқдир (Донолар бисотидан). Шундай экан, барчамизни, оиламиз ва фарзандларимизни Аллоҳнинг ўзи тўғри йўлидан адаштирмасин, деб дуо қилиб қоламиз. Омин...

 

М. ШАРОФУДДИНОВ

Марҳамат туман бош имом-хатиби

5359 марта ўқилди

Мақолалар

Top