Мақолалар

Ҳурматга сазовор зотлар – олиму уламолар

Бирор олим йўқки, устозсиз илм эгаллаган, равнақ топиб, юксалган бўлса. Толиби илм олимларни ҳурматлаши билан илмдан манфаат топади. Донишмандларимиз: “Ким нимага эришган, фазилат ва даража топган бўлса фақат ҳурмат, одоб сақлаш билан эришибди”, деб айтганлар. Чиндан ҳам, фаришталарга дарс ўтган Иблис беодоблик, ҳурматсизлик сабабли ғурурга кетиб, Аллоҳ таолонинг раҳматидан қувилди.

Барча буюк зотлар устозларини ҳамда аҳли илмларни иззат-эҳтиром  қилиш  билан улуғ мартабаларга эришган. Аксинча, кимки уларга нисбатан ёмон муносабатда бўлса, ҳурмат қилмаса олган илмлари дунё-охирати учун зарар бўлган.

Имом Зарнужий устозларни ҳурматлаш, уларга нисбатан одоб ахлоқли бўлиш илмнинг ҳурмати саналади, дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен илм шаҳри бўлсам, Али унинг дарвозаси”, деган Али розияллоҳу анҳу эса: “Менга бир дона ҳарф ўргатган кишининг қулиман. Хоҳласа сотсин, хоҳласа қулликдан озод қилсин, хоҳласа қул қилиб ишлатсин”, деган.

Саъдий Шеърозий: “Ўғлининг олим бўлишини истаган ота илм йўлида юрганларни ҳурмат қилсин, уларга иззат-икром кўрсатиб, хайр-эҳсон қилсин. Агар ўғли олим бўлмаса, албатта, невараси олим бўлади”, деганлар.  

Абдуллоҳ   ибн   Муборак  ҳамиша усозларининг  хизматини  қилар ва: “Устозлар  хизматини  сидқидилдан адо этишнинг ўзи ярим илмдир”, дер экан.

Бир куни ибн Муборакдан “Одамлар ичида ҳурматга энг сазоворлари кимлар?” деб сўрашганда, “Олиму уламолар”, деб жавоб берди. Чунки улар ўз илмлари билан ҳақ йўлни кўрсатадилар. Билимли бўлиш инсонни бошқа махлуқотлардан ажратиб турадиган алоҳида хусусиятдир.

Устозларининг хизматларини адо этган шогирдлардан юртимиз довруғини дунёга танитган улуғ олимлар, атоқли имомлар етишиб  чиқди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Ҳафс Насафий, Абу Али  ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳумуллоҳ каби буюк олимлар ва мутафаккирларнинг яратган бой илмий мероси жаҳон маданияти ва тамаддунига бебаҳо хазина бўлиб қўшилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

4234 марта ўқилди

Мақолалар

Top