Мақолалар

Хулқнинг ёмонлиги иймон заифлигидан далолатдир

Иймон инсонни ёмонликлардан қайтарувчи ва яхшиликларга ундовчи бўлган Илоҳий бир қувватдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ бандаларини яхшиликка чақиришини ва ёмонликдан қайтаришини уларнинг қалбларида жойлашган иймонларининг тақозосидир, деб Ўзининг китобида уларга «Эй мўминлар», деб мурожаъат қилиб, сўнг уларга таклифотларни айтади. Масалан: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз». 

Пайғамбар алайҳиссалом гўзал хулқ кучли иймонга, ёмон хулқ эса иймон заифлигига далолат қилишини изоҳлаб айтиб ўтганлар. 

Ҳеч кимни писанд қилмай разил ишларни қилиб юрадиган хулқи бўзуқ, уятсиз одамни Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай сифатлаганлар: «Ҳаё ва иймон бир- бирларига яқиндирлар. Агар уларнинг бири кетса, иккинчиси ҳам кетади». 

Қўшниларига зулм қилиб яшаган кишини Расулуллоҳ алайҳиссалом, мўмин эмас, деб эълон қилганлар. «Аллоҳга қасамки, у мўмин эмас, Аллоҳга қасамки у мўмин эмас, деганларида», саҳобалар: «Ким у ё Расулуллоҳ?», деб сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ёмонликлари билан қўшниларини хотиржам қилмаган кимса», деб жавоб бердилар. 

Расулуллоҳ алайҳиссалом ўзининг саҳобаларига беҳуда ва лағви гаплардан юз ўгириш кераклигини таълим бериб, уларга шундай дер эдилар: «Аллоҳга ва охиратга иймон келтирган киши фақат яхшиликни гапирсин, бўлмаса жим бўлсин».

Расулуллоҳ с.а.в. Ислом фазилатларининг натижалари юзага чиққунича чин иймонга суяниб Аллоҳ рисоласини инсониятга етказиб келдилар. 

Тўғри, баъзи бир ўзларини диндорлар деб ҳисоб қилганлар фарз ибодатларини амалга оширишларида унга бепарволик билан қарайдилар. Ҳақ иймон ва гўзал хулққа зид ишларни қила туриб, яна жамият орасида ўзларини ҳақиқий диндор қилиб кўрсатишга уринадилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом ўз умматларини ўшандай кимсалардан ҳазар қилдирганлар, чунки инсон ибодатларнинг роҳатини ҳис қилмай, унинг шаклларини таклиф қилиб кўрсатиб беришга қодир. Шундай экан инсонлардаги фазилат микдори ва юраётган йўли қанчалар ёрқинлиги унинг хулқига боғлиқдир.

Бу борада Расулуллоҳ алайҳиссаломдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган: «Бир киши пайғамбаримиз алайҳиссаломга: «Эй Расулуллоҳ, бир аёл менга ўқиётган (нафл) намози, тутаётган (нафл) рўзаси ва бераётган садақалари кўплигини ва лекин у қўшниларига тили билан озор бериб қўйишини айтди», деди. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: «У аёл дўзаҳда бўлади», деб жавоб бердилар. Сўнг ҳалиги киши яна шундай деди: «Эй Расулуллоҳ алайҳиссалом, бир аёл ўқиётган (нафл) намози ва тутаётган (нафл) рўзаси озлигини ва бераётган садақаси эса фақат пишлоқлигини, лекин қўшниларига умуман озор бермаслигини айтди», деди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «У аёл жаннатда бўлади», дедилар.

Расулуллоҳ с.а.в.нинг ушбу берган жавобларига эътибор берсак унда гўзал ахлоқни баҳолаш ҳамда садақа бериш манфаати бошқаларга ҳам етиши мумкин бўлган умумий ибодат эканлигига ишора бор.

Расулуллоҳ ўзларининг жавобларида ахлоқнинг иймонга ва ибодатга боғлиқлигини айтиб қўйиш билан бирга, у ахлоқ бу дунё яхшилиги ва охиратда эса дўзах ўтидан қутилишнинг асосий гарови эканлигини белгилаб бердилар. Албатта инсон ўз ахлоқини ўнглаши бу муҳим ишдир. Бунинг учун эса инсонга қуйидаги нарсалар зарурдир:

  1. Ахлоқ, иймон ва ислоҳ булар учаласи бир- бирларидан ажратилиши мумкин бўлмаган нарсалигини инсон билиши.
  2. Шуни инсон ўз онги ва қалбига жо қилиши.
  3. Инсонга шу ҳақда ҳар доим узлуксиз насиҳат ва кўрсатмалар бериб турилиши. 

Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Муфлис ким, уни биласизларми?», деб саҳобаларига савол бериб қолдилар. «Муфлис чўнтагида пули ҳам йўқ одамдир», деб жавоб беришди. Шунда у киши айтдилар: «У муфлис қиёматга бу дунёда намоз ўқиган, рўза тутган, закот берган бўлиб, кимнидир сўккан, молини ноҳақ еган, урган, ҳақорат қилган ҳамда конини тўккан бўлиб боради. Шунда Аллоҳ ўша муфлис ва мазлумлар ораларида ҳисобот қилганида, уларга муфлиснинг яхши амалларидан олиб берилади. Унинг яхши амаллари тамом бўлганида, энди мазлумларнинг гуноҳларини унга олиб берилиб ҳисобот қилинади. Ниҳоят муфлиснинг савоб амаллари тугагач уни дўзахга улоқтирилади». 

Ҳа, муфлис шудир. Бу эса ўзи икки минг динор қарздор бўлиб минг динорлик савдо моли бор савдогарга ўхшайди. 

Бундай мискинни бой деб айтиш мумкинми? 

Баъзан ибодат қилиб, гуноҳ ишларни эса доим қилиб юрган кишини тақводор деб айтиш ҳам мумкинми? 

Расулуллоҳ алайҳиссалом бу борада шундай деганлар: «Сув музни эритиб юборгани каби гўзал хулқ ҳам хатоларни йўқ қилиб юборади. Шунингдек сирка асални фосид қилгани каби, ёмон хулқ ҳам амални фосид қилади». 

Инсонда разилликлар кўпайиб, унинг зарарлари ошкор бўлса, инсон динидан чиқиб кетади. Мўминликни даъво қилиши ҳам ёлғонга айланади. Гўзал хулқ бўлмаса диннинг қандай кадр қиммати бўлади? Аллоҳнинг бандаси бўла туриб нима учун фосид ишлар қилади? 

Иймоннинг кучли ахлоққа боғлиқ эканлигини Расулуллоҳ алайҳиссалом қуйидагича тушунтирганлар: «Учта нарса кимда бўлса, у намоз ўқиса ҳам, рўза тутса ҳам, ҳаж ва умра қилса ҳам, мен мусулмонларданман деса ҳам у мунофиқдир. У кишининг ёлғон гапириши, ваъдага хилоф қилиши ва омонатга хиёнат қилишидир».

 Яна бошқа ривоятда шундай деганлар: «Киши ёлғон гапирса, ваъдага хилоф, омонатга хиёнат қилса, бу унинг мунофиқлигига аломатдир, гарчи у намоз ўқиса ҳам, рўза тутса ҳам ва ўзини мусулмон ҳисобласа ҳам». 

Расулуллоҳ бу борада яна шундай деганлар: «Инсонда тўрт хислат бўлса у аниқ мунофиқдир. Агар тўрт хислатнинг биттаси бўлса ҳам уни тарк қилмагунча у инсонда мунофиқликнинг бир хислати қолади. У тўрт хислат: инсоннинг омонатга хиёнат қилиши, ёлғон гапириши ва ваъдага хилоф қилиши». (Ҳадисда тўртинчи хислат зикр қилинмаган. М.Ғаззолий). 

“Фазилатлар китоби”дан олинди 

ЎМИ Матбуот хизмати

3754 марта ўқилди

Мақолалар

Top