Мақолалар

Уламолар янги бир ишни чоршанба кунидан бошлашни тавсия этадилар. Шунда иш оқибати хайрли бўлиб, охирига етади дейдилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳам ушбу кўрсатмага қатъий риоя қилардилар. У зот раҳимаҳуллоҳ китобларининг баъзисида қачон, қаерда ва соат нечида ушбу китобни ёзишга киришганликларини асарнинг кириш қисмида баён этардилар. Масалан, Ҳазрат раҳимаҳуллоҳ Ислом тарихи мухтасар баён этилган сўнгги китобларидан бири “Ислом тарихи” номли асарларида бундай ёзадилар: “Ниҳоят, Аллоҳнинг таолонинг иродаси ила 2014 йил 12 март куни, соат 05 дан 17 дақиқа ўтганда баъзи араб тилидаги китоблардан, ўзимизда битилган асарлар ва интернет тармоқларидан олинган маълумотлардан фойдаланган ҳолда ёзишга жазм этиб, Аллоҳ таолонинг Ўзидан мадад сўраган ҳолда ушбу ишни бошладик”.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг китоб ёзишни бошлаган ва тугатган саналари тақвимдан кўрилса чоршанба кунидан бошланиб, шу кунда тугатилгани маълум бўлади. 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари ҳам ушбу тавсияга амал қилган ҳолда Аллоҳ таолонинг Каломи – Мусҳафи шарифни чоп қилишни Аллоҳнинг фазли билан айнан чоршанба куни (3 январь 2018 йил)дан бошлашди. Аллоҳ таоло ушбу бошланган ишни хайрли ва юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар учун манфаатли қилсин.

Аллоҳ таоло Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳни Ўзининг ҳузуридаги энг олий мақомларга етказсин. 

Даврон НУРМУҲАММАД

ЎМИ Матбуот хизмати

4935 марта ўқилди

Мақолалар

Top