Мақолалар

Фарзанднинг ота-она устидаги ҳақлари (7-мақола): Балоғат ёшига етганда уйлантириб қўйиш

Фарзанднинг отаси устидаги яна бир муҳим ҳақи бу балоғат ёшига етганидан кейин уни уйлантириб қўйишликдир. Зеро Қуръони каримда ҳам суннати Расулуллоҳда ҳам балоғат ёшига етган ёшлар ва етимларга ғамхўрлик қилишга буюрилади.

Аслида эса уйланиш ва уйлантириш ҳам болага бериладиган оилавий тарбиянинг энг муҳим қисми ҳисобланади. Шу боисдан ҳам Қуръони каримда номус ва иффатини сақланган мўминни фаҳш ва бузуқ аёллардан узоқ бўлган покиза қизлар билан ҳалол, шаръий никоҳ орқали уйланишга буюради.

Аллоҳ таоло айтади:

“Мушрика аёлларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг. Шубҳасиз, мўмина чўри мушрикадан, гар у сизни ажаблантирса ҳам, яхшидир. Ва мушриклар иймонга келмагунларича (мўминани)уларга никоҳлаб берманг. Шубҳасиз, мўмин қул мушрикдан, гар сизни ажаблантирса ҳам, яхшидир. Анавилар дўзах ўтига чақирадилар. Аллоҳ эса, Ўз изни ила жаннатга ва мағфиратга чақиради ҳамда одамларга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки эсга олсалар.” (“Бақара” сураси, 221-оят)

***

“Никоҳ инсоний алоқалар ичида энг муқаддас ва аҳамиятлисидир. Бу алоқа одам боласининг кўплаб хоҳиш истакларига жавоб беради. Никоҳдаги икки шахс бир-бирига энг яқин шахслар ҳисобланади. Бу ҳолга эришиш аввало қалбларнинг бирлашмоғини, қалбларнинг бирлашмоғи эса, ақида бирлигини тақозо этади. Чунки ҳар бир инсоннинг ҳаётий йўлини белгилайдиган ўлчов диний нуқтаи назари бўлади. Шу боисдан Исломда ақидаси бузуқ аёлларга уйланиш, мушрик эркакларга турмушга чиқиш ман қилинади” деб шарҳланган ушбу ояти карима “Тафсири Ҳилол”да. 

Демак, балоғат ёшига етган ўғил болани бирорта касбга ўргатиб, уни уйлантириб мустақил ҳаётга чиқариб юбориш ҳам отанинг зиммасидаги муҳим вазифалардан экан. 

Биз ота-оналар фарзандларимизга қиладиган муносбатларимизда ўта эҳтиёкор бўлишимиз, ҳар бир бажарилган ишларимиз учун, албатта, Аллоҳ ҳузурида ҳисоб беришимиз муқаррар эканини ҳар доим ёдимиздан чиқармаслигимиз шарт. 

Шунинг учун моҳиятан шарафли бўлган фарзанд ҳақларини ўз вақтида сидқи дилдан, ақл-идрокни ишга солиб адо қилишмиз уларнинг келажагда жамиятдаги ўринларини топишларида катта ёрдам беради. 

Аслида ҳам ёш фарзандларимиз бизнинг қўллаб-қувватлашимизга ҳар доим муҳтож бўладилар. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн ёшидаги Анас розияллоҳу анҳуни ва ун бир ёшдаги ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни ҳар хил вазифаларга тайинлаб, натижасини назорат қилганлари шундан далолат беради. Яна ўн тўққиз ёшдаги ҳазрати Усома розияллоҳу анҳуни қўшинга бош қилишлари, йигирма бир ёшдаги Аттоб бин Асъад розияллоҳу анҳуни Маккага валий этиб тайинлашлари, ўн беш ёшдаги Зайд бин Собит розияллоҳу анҳуни ибронийча ва сурёнийча тиллар бўйича таржимон қилиб вазифадор қилганлари ёшларнинг ички имкониятларини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлган. Айнан шунинг учун ҳам ҳар бир ота-она ўз наслининг келажаги бўлган фарзандларини ҳаётда қоқилмасдан, тўғри ўз ўринларини топиб кетишлари учун қўлдан келгунича ёрдам беришлари фақат фойда беради.  

Биз фарзандларимизга “яхши” эмас “жуда ҳам яхши” тарбияни беришимиз лозим, ўзимиз ҳам бу масалада “бўлаверади” деб эмас, балки “ана шундай бўлиши керак” деган ниятда ҳаракат қилишимиз лозим. 

Бу нарсалар ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун мўмин кифоя миқдорида бўлса-да, зарурий билимларга эга бўлиши керак. Бугунги шароитда бу масалада оқсоқланиш, бехабар қолишда бировларни эмас, фақат ва фақат ўзимизни айблашимиз мумкин бўлади. Таълим-тарбия мавзуида чоп этилаётган китоблар, теле-радио дастурлари, мунтазам нашр этиб келинаётган даврий нашрлар ва интернет тармоғидаги бу йўналишидаги веб-сайтларни инобатга олганда, бундай асоссиз даъволарни қилишдан кўра ундан воз кечган мақул. Ҳамма ҳам педагог бўла олмайди, лекин ҳамма ота-оналар ҳам оқ-қорани, тўғри-нотўғрини болаларига ўргатишлари мумкин. Чунки “ҳаёт” деб аталувчи бу “дипломсиз академия” ҳар бир инсон учун ўзининг беминнат таълим-тарбиясини вақт ўтиши билан бериб бораверади. Фақат ундан ўз вақтида тўғри хулоса чиқариб борилса бас. 

Ана энди асосий мақсадимизга ўтамиз. Болага ёшлигидан шариатда буюрилганга мувофиқ чиройли ва адолатли муомала қилиб, тўғри тарбия беришлик унинг ота-онага итоат қилишига ёрдам бериши ҳақида юқорида кўплаб ояту ҳадисларни ўқиб, танишиб чиқдик. Энди эса фарзандларнинг ота-она розилигини олиш учун нималарга эътибор беришлари ва нималардан ўзларини тийишлари лозимлиги ҳақида суҳбатлашамиз. 

Улуғбек Султоновнинг 
"Ота-онага хизмат қилиш 
одоблари" китобидан олинди

ЎМИ Матбуот хизмати

4503 марта ўқилди

Мақолалар

Top