Мақолалар

Динимизда аёлларнинг мавқеи ҳақида

Исломдан олдинги даврни ўрганилса, динимизда аёлларнинг мавқеи нечоғли юксак эканлиги ойдин бўлади. 

Исломгача Араб яриморолида, Форс ва Рум империясида, Юнон давлатида, Хитойда аёлларнинг ҳуқуқлари нафақат поймол қилинган, балки улар инсонлик даражасидан ҳам маҳрум қилинган эди. 

Баъзи халқларда аёлнинг эри вафот этса, аёл ҳам эрига қўшиб ёқиб юборилган. Ҳатто она фарзандининг ҳукмронлиги остида бўлган ва ҳеч қандай ҳурматга сазовор бўлмаган. 

Қуръони каримда бундай дейилади: 

“Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади. У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг “ёмон”лигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олади. Огоҳ бўлингизки, уларнинг бу ҳукмлари жуда ёмондир” (Наҳл, 58–59). 

“(ҳар бир) тириклай кўмилган қиздан сўралганида “не гуноҳи учун ўлдирилган?” – деб (Таквир, 8–9). 

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) айтади: Бир куни Умар (розияллоҳу анҳу) йиғлади, бир оздан кейин кулди. Шунда атрофида ўтирган кишилар бунинг боисини сўраганларида, Умар: “Жоҳилият давридаги бир ҳолат мени йиғлатди: биз қиз фарзандларимизни тириклайин кўмар эдик. Бир куни мен ҳам жажжи қизимни кўмиш учун чуқур қазидим. Қизим чуқур қазиётганимда атрофимда эркаланиб ўйнарди. Ҳатто соқолимга ёпишган тупроқларни ўзининг жажжи қўлчалари билан силаб тозаларди. Чуқур тайёр бўлди. Қизимнинг бу нарсага ақли етиб, мендан қоча бошлади. Мен эса уни ушлаб чуқурга тиқдим. Оёғим билан босиб устига тупроқ тортдим. У ўрнидан туришга ҳаракат қилди. Мен оёғимни қаттиқ босдим, у жим бўлиб қолди, шу ҳолатни эслаб йиғладим”. Мени кулдирган нарса: биз жоҳилият вақтида хурмо меваларидан ўзимизга худо ясаб олардик. Агар қорнимиз очса, уни еб қўярдик”, дедилар. 

Асрлар мобайнида аёлга бўлган бундай қабиҳ муносабатни Ислом дини йўқ қилди. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг учта қизи ёки синглиси бўлсаю, уларга таълим бериб, одоб ўргатса, уларнинг ҳақида Аллоҳга тақво қилса, унга албатта жаннат бўлур”, дедилар. Саҳобалардан баъзилари: “Эй Аллоҳнинг расули, иккита қизи ёки синглиси бўлсачи?” деб сўрадилар. 

“Иккита қизи ёки синглиси бўлса ҳам”, деб жавоб бердилар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). 

Қизларнинг тарбияси ва таълими отанинг зиммасига вожибдир. Ота бу бурчдан қиз турмушга чиққандан кейин озод бўлади. 

Ислом аёл кишига таълим олиш ва маданий савиясини ошириш ҳуқуқини берди ва эркакларни бу ишда масъул қилди. Илм талаби эр ва аёлга баробар фарздир. 

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) баъзи ҳолларда аёлларнинг фикри билан иш тутганлар. Масалан, 6-ҳижрий асрда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошлиқ 1400 саҳоба Байтуллоҳни зиёрат қилиш учун йўлга чиққанларида мушриклар Худайбия номли жойда уларнинг йўлларини тўсишади. Ўша ерда сулҳ тузилиб, мусулмонлар жамоаси Каъбани зиёрат қилмай қайтиб кетадиган бўлади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга бу гапни эълон қилиб, шу ерда қурбонликларингизни сўйиб, сочларингизни олдиринглар, дедилар. Саҳобалар қимирлашмади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амрни уч марта қайта-қайта такрорласалар ҳам бирор киши қимир этмади. У зот ғоят маҳзун бўлиб, чодирга, аёллари Умму Салама (розияллоҳу анҳу)нинг ёнларига кирдилар. Бўлган воқеани онамизга ўтган умматлар шундай ишлар туфайли ҳалок бўлгани, шунинг учун ғоят ташвишда эканларини айтдилар. 

Шунда Умму Салама (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (алайҳиссалом)га жуда қимматли фикр айтади: «Эй Аллоҳнинг расули, ташқарига чиқинг. Улардан ҳеч бирига ҳеч нарса демасдан қурбонлик қилинг, сўнг сочингизни олдиринг», деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ташқарига чиқиб, худди Умму Салама (розияллоҳу анҳу) айтганларидек қиладилар. Уни кўрган саҳобалар ҳам шошиб қурбонликларини сўйиб, сочларини олдира бошлашади.

ЎМИ Матбуот хизмати

4189 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Урфга айланган бидъатлар Селфи риё...ми? »

Мақолалар

Top