Мақолалар

Ўтганларга савоб етишининг 3 шарти

Ўтганларга савоб етишининг 3 шарти мавжуд. Улар билан танишинг. 

Биринчиси: 

Вафот этган маййит мўмин мусулмон ҳолда яшаб ўтган бўлиши керак. Агар маййит мушрик ёки кофир ҳолида вафот этган бўлса, унинг ҳақига истиғфор айтиш ва дуо қилиш, савобини бағишлаш дуруст бўлмайди. Аллоҳ таоло шундай дейди (Тавба, 113-оят): “Пайғамбар ва мўминлар учун дўзах эгалари эканлиги аён бўлган мушрикларга, агар яқин қариндошлари бўлса ҳам, истиғфор айтишлари дуруст эмасдир”. 

Демак, Пайғамбаргаки (соллаллоҳу алайҳи васаллам) рухсат йўқ экан, бошқаларга бўлмаслиги аниқ гап. Мўмин киши учун ҳамма нарсадан иймони афзал, шунинг учун у аввало иймон, дин қардошлари ила алоқа ва боғланишларни йўлга қўяди. Қон-қардошлик алоқаси эса бу жойда ҳеч нарсани ҳал қилмайди. 

Иккинчиси: 

Ўтганларга савоб амалини бағишлаётган ўзи ҳам мўъмин мусулмон бўлишидир. Аллоҳ таоло шундай дейди (Оли Имрон, 179-оят): “Агар иймон келтирсангиз ва тақво қилсангиз, сизларга улуғ ажр бордир”. 

Бу ояти каримадан маълум бўладики, иймонсиз одам охиратдаги ажр савобга ҳақдор бўлмайди. Ўзи хақдор бўлмагандан кейин ўтганларга ҳам унинг амалидан ажр савоб бўлмайди. 

Учинчиси: 

Ўтганларга савоби бағишланаётган амал шариъатга мувофиқ амал бўлишидир. Амал холис Аллоҳ таоло учун қилиниши ва суннатга мувофиқ қилиниши керак. Амалга бидъат ва хурофотлар аралашса, етимнинг хаққи аралашган ҳолда қилинган эхсонлар шариъатга хилоф бўлади.

Мана шу уч шарт топилганда ўтганларга савоби бағишланаётган амал тўғри бўлади. 

ЎМИ Матбуот хизмати

Манба: ukkosha.shosh.uz

4518 марта ўқилди

Мақолалар

Top