Аллоҳ таоло тирикдир, Қодирдир, Жаббордир, Қоҳирдир, унга камчилик–нуқсон ва ожизлик етмайди. Уни мудроқ ва уйқу ушламайди.
Унга фонийлик ва ўлим таҳдид солмайди. У мушоҳада олами(кўзга кўринадиган олам)нинг ҳам, ғайбиёт олами(кўзга кўринмайдиган олам)нинг ҳам эгасидир. Азизлик ҳам, буюклик ҳам Уникидир. Султонлик, қаҳр, яратиш ва амр қилиш Унга тегишлидир. Осмонлар Унинг ямийни[1] ичидадир. Махлуқотларнинг барчаси эса Унинг қабзасида бўйсунган–мағлуб бўлган ҳолдадирлар.
У яккаю ёлғиз яратувчи ва ихтиро қилгувчилир. Вужудга келтирувчи ва пайдо қилувчи ёлғиз зотдир. У махлуқотларни ҳам уларнинг амалларини ҳам яратди. Шунингдек ризқларини ва муддатларини белгилаб қўйди. Қудрати остидаги бирор нарса Унинг қабзасидан чиқиб кетолмайди. Бирор ишнинг тасарруфоти қудратидан четда қолмайди. Унинг қудрати етадиган нарсаларнинг саноғи йўқ. Унга маълум бўлган нарсаларнинг чегараси йўқдир.
Илм.
Аллоҳ Таоло барча маълумотларни билувчидир, ерларнинг қаъридан то осмонларнинг устларигача бўлган маконларда содир бўлаётган барча нарсаларни илми билан иҳота қилгандир, қамраб олгандир. У олимдир, Унинг илмидан еру–осмонда заррача нарса яширин қолмайди. Балки У тун қоронғусида қоя тошнинг устида юрган қора чумолининг эмаклашини ҳам билади. Ҳаво кенглигида учиб юрган зарранинг ҳаракатини идрок этади, яширин нарсаларни, балки унданда махфийларини ҳам билади, қалбларда яширинган нарсалар, ҳаёлда кечган нарсалар ва кўнгил сирларини Ўзининг қадим, азалий илми билан билади ҳамда азал–азалдан шу сифат билан сифатланган. Унинг билиши тушиш, кўчиб ўтиш билан зотида янгитдан пайдо бўлган илм билан содир бўлмайди.
Ирода.
Аллоҳ Таоло борлиқдаги барча нарсаларни ирода қилгувчи, йўқдан пайдо бўлган нарсаларни бошқарувчи зотдир. Ушбу борлиқда кам ҳам кўп ҳам, кичик ҳам катта ҳам, яхши ҳам ёмон ҳам, фойда ҳам зарар ҳам, иймон ҳам куфр ҳам, тан олиш ҳам инкор қилиш ҳам, муваффақият ҳам мағлубият ҳам, кўпайиш ҳам камайиш ҳам, бўйнсуниш ҳам, бош тортиш ҳам ҳамма–ҳаммаси Аллоҳ Таолонинг қазоси, қадари, ҳикмати ва ҳоҳиши билангина содир бўлади. У нимани ҳоҳласа шу бўлади, нимани ҳоҳламаса бўлмайди. Ҳатто бирор назар ҳам, бирор ҳаёл ҳам Унинг машийъати(ҳоҳиши)дан ташқарига чиқмайди. У бошловчидир, қайтарувчидир, ирода қилган нарсаларини амалга оширувчидир. Унинг ишини чиппакка чиқарувчи йўқдир, ҳукм қилган нарсаси учун Уни жавобгар қилувчи йўқдир. Банда Унга маъсият қилишдан фақат Унинг тавфиқи ва раҳмати билангина сақлана олади, Унинг машийъати ва иродаси билангина Унга бўйнсунишга қувват топа олади. Агар инсонлар, жинлар, фаришталар ва шайтонлар барчаси бу оламда бирор заррани ҳаракатга келтириш ёки ҳаракатдагисини тўхтатиш учун жамлансалар бу борада Аллоҳ Таолонинг иродаси ва машийъати бўлмаса бу ишни қилолмайдилар.
Аллоҳ Таолонинг иродаси барча сифатлари қатори Унинг зотида қоимдир. Унинг бу сифат билан сифатланиши доимийдир, ушбу сифати билан Ўзининг азалида белгилаб қўйган нарсаларни айнан ўша белгиланган вақтларида вужудга келишини ирода қилувчидир. Нарсаларнинг барчаси олдин ҳам кейин ҳам эмас, балки У азалида ирода қилганидек, ўз вақтларидагина вужудга келган, ҳеч қандай алмашишсиз, ўзгаришсиз унинг илми ва иродасига мувофиқ содир бўлган. У барча ишларни тадбир қилди, бироқ фикрлаш тадбири билан эмас, бирор замонни кутиб туриш билан ҳам эмас. Шунинг учун ҳам У бир иш билан банд бўлиб бошқа ишдан ғафлатда қолмайди.
Эшитиш, кўриш.
Аллоҳ Таоло эшитувчи ва кўрувчидир, эшитади ва кўради. Қанчалик махфий бўлмасин бирор эшитиладиган нарсалар Унинг эшитишидан яширина олмайди. Қанчалик кичик бўлмасин бирор кўринувчи нарса Унинг кўришидан яширина олмайди. Узоқлик унинг эшитишини чеклай олмайди, қоронғулик кўришига халал бермайди.
Ҳудди қалбсиз билгани, тана аъзоларисиз ушлагани, асбобларсиз яратгани каби кўз қорачиғи ва қовоқларсиз кўради, қулоқлар ва қулоқ тешикларисиз эшитади. Зеро Унинг зоти махлуқларнинг зотига ўхшамаганидек сифатлари ҳаммахлуқларнинг сифатларига ўхшамайди.
Калом.
Аллоҳ Таоло Ўзининг зотида қоим бўлган азалий ва қадим каломи билан гапирувчидир, буюрувчидир, қайтарувчидир, ваъда берувчидир, қўрқитувчидир. Унинг каломи махлуқларнинг каломига ўхшамайди. Унинг каломи ҳавонинг чиқишидан ёки жисмларнинг титрашидан юзага келадиган овоз эмас, шунингдек, лабларни қимирлатиш ёки тилни ҳаракатлантиришдан пайдо бўладиган ҳарф ҳам эмас.
Қуръон, Таврот, Инжил ва Забур Аллоҳ Таолонинг Ўз элчиларига тушурган китобларидир. Қуръон тиллар билан ўқилгандир, мусҳафларда ёзилгандир, қалбларда ёдлангандир, шу билан бирга Қуръон қадимдир, Аллоҳ Таолонинг зотида қоимдир, қалбларга ва вароқларга кўчиш билан Аллоҳ Таолонинг зотидан ажралмайди, алоҳида бўлмайди. Ҳудди аброр кимсалар охиратда Аллоҳ Таолонинг зотини жавҳар ва аразсиз кўришлари каби Мусо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Аллоҳ Таолонинг каломини овоз ва ҳарфларсиз эшитган. Модомики ушбу сифатлар Аллоҳ Таолода бор экан, Унинг тириклиги, олимлиги, қодирлиги, ирода қилувчилиги, эшиувчилиги, кўрувчилиги ва гапирувчилиги сифатлардан ҳоли бўлган зотнинг ўзи билан эмас, балки Унинг ҳаёт, қудрат, илм, ирода, самъ, басар, ва калом сифатлари биландир.
(Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Иҳё улумиддин” китобидан “Ақийда қоидалари китоби” асосида тайёрланди)
Тошкент ислом институти “Диний фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Яҳё Раззоқов