Мақолалар

Ҳаловат нимада?

Ҳаловат ҳалолликда. Динимиз таълимотлари инсон табиатига бағоят уйғундир. Кўнгил поклик ва ҳалоллик истайди. Ишонмасангиз, ўзингиз синаб кўринг. Масалан, бирор нопок, ножўя иш қилаётган кимсани кўрдингиз ёки ўзингиз шундай иш содир этиб қўйдингиз дейлик. Яратганнинг азобидан қўрқасиз, ичдан эзиласиз, ўзингиздан уяласиз, афсусланасиз, юрагингизнинг қаеридир зирқирайди.

Ҳаловат ибодатда. Бугун “оммавий маданият” жарчилари “лаззатлар кони” дея оғиз кўпиртираётган кўнгилхушликлар замирида биргина саждада ҳузур-ҳаловатнинг мингдан бирини ҳам топа олмайсиз.

Ҳаловат тақвода. Буни ҳали қалбини шайтон тўлиқ эгаллаб улгурмаган фосиқлар ҳам эътироф этади. Чунки улар қилаётган номаъқул ишлари бошида завқ туйишса ҳам сўнгра афсусланади. Чунки кўнгиллари ҳаловат топмайди.

Ҳаловат Аллоҳни эслашда. Балиқ сувда, одам эса Аллоҳни эслашда ҳаловат топади. Шу боис мўмин қалби безовта бўлмайди. Яратган меҳрибонимиз: “...Билингиз, Аллоҳнинг зикри билан қалблар ором олади” (Раъд, 28), деб марҳамат қилган.

Ҳаловат тўғрисўзликда. Мўминни бошқалардан ажратиб турадиган муҳим сифатлардан бири тўғри сўзлашдир. Ҳадисда мўмин қўрқоқ, бахил  бўлиши мумкин, аммо ёлғончи бўлмайди, дейилган. Ёлғончи, ҳийлагар одам айби фош бўлишидан нуқул хавотирда юради, ҳаловати бўлмайди.

Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Гапнинг лўндаси: ҳаловат мўминга хос фазилатлардадир. Имони комил бўлсагина, инсон камолотда юксалади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

4226 марта ўқилди

Мақолалар

Top